Хавфсизлик камаридан озод қилувчи маълумотнома онлайн берилади!
Ўзбекистонда рақамлаштириш ва давлат хизматларини соддалаштириш жараёни навбатдаги муҳим босқичга қадам қўйди. Эндиликда соғлиғидаги муаммолар сабабли машинада хавфсизлик камарини тақиш имкониятига эга бўлмаган фуқаролар учун ортиқча оворагарчиликларсиз, уйдан чиқмаган ҳолда зарур ҳужжатни расмийлаштириш имконияти яратилди.
Давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали йўлга қўйилган янги хизмат ҳайдовчилар ва йўловчиларнинг ҳам вақтини, ҳам нақдини тежашга хизмат қилади.
Ушбу электрон хизмат соғлиқни сақлаш тизими томонидан расман тасдиқланган, автотранспорт воситасини бошқаришда ёки унда йўловчи сифатида ҳаракатланишда хавфсизлик камарини тақишга тўсқинлик қилувчи муайян касаллик ташхиси қўйилган фуқаролар учун мўлжалланган. Тезкорлик ва шаффофликни таъминловчи бу янгилик коррупцион ҳолатлар ва вақт йўқотишларининг олдини олишда катта аҳамиятга эга.
Электрон ҳужжатни қўлга киритиш жараёни максимал даражада соддалаштирилган:
- my.gov.uz ягона интерактив давлат хизматлари порталига ёки унинг мобил иловасига кирилади;
- Илова ёки сайтнинг "Маълумотномалар" бўлимига ўтилади;
- Тегишли хизмат тури танланиб, тайёр тиббий маълумотнома электрон шаклда юклаб олинади.
Янги тизимнинг ишлаш механизми масофавий бўлса-да, у тиббий назоратни сусайтирмайди, аксинча, масъулиятни оширади. Бу ерда қуйидаги муҳим жиҳатларга эътибор қаратиш лозим:
Электрон маълумотнома ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди. Фуқаро аввал тиббиёт муассасасида шифокорлар кўригидан ўтган бўлиши шарт.
Шифокорлар қўйган тиббий хулоса шифохона томонидан махсус электрон базага киритилганидан сўнг, ҳужжат my.gov.uz порталида инсон омилисиз, автоматик тарзда шаклланади.
Маълумотнома чексиз муддатга берилмайди. У шифокорлар томонидан тиббий хулосада расман кўрсатилган муддат давомидагина қонуний кучга эга бўлади.
Энг эътиборли жиҳати шундаки, ушбу хизмат фуқароларга мутлақо бепул тақдим этилади. Хизматдан фойдаланиш учун ҳеч қандай қўшимча тўловлар ундирилмайди ва ҳеч қандай ортиқча ҳужжатлар талаб этилмайди.
Бу қадам рақамли ҳукумат лойиҳалари доирасида аҳолининг ижтимоий ва тиббий эҳтиёжларини қондириш, шунингдек, йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимида шаффоф назоратни ўрнатиш йўлидаги навбатдаги муваффақиятли ташаббусдир.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter