Хоразм ҳокими норози аҳоли қаршисига чиқди
Хоразм вилояти Урганч шаҳрида компенсация берилмасдан уйи бузилган аҳоли ўз ҳуқуқини талаб қилиб, норозилик намойиш қилишгани ҳақида хабар берилганди.
Ушбу ҳодиса юзасидан Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати расмий маълумот берди.
Қайд этилишича, Урганч шаҳридаги «Ашхобод» маҳалласида яшовчи аҳолига Урганч тумани Чондирқиёт қишлоғидан ер ўрни ажратиб берилган, аммо хонадон эгаларининг баъзиларига компенсация пули тўланмаган бўлган.
Кеча Урганч тумани Чондирқиёт қишлоғида одамлар норозилиги сабаб соат тахминан 21:00да Урганч – Хонқа йўлининг қатнов қисмини тўсишгани ва шу сабаб бир неча соат давомида катта қатнов йўлидан автомобиллар ҳаракати тўхтаб қолгани тўғрисида хабар тарқалди.
Бундан хабар топган вилоят ҳокими Фарҳод Эрманов воқеа жойига етиб бориб норози аҳоли билан мулоқотга киришган. Аҳолини тинчлантириб, 27 июль куни эрталаб соат 8-00да шу жойнинг ўзида ишчи гуруҳини тузиб, аҳоли вакиллари билан музокара ўтказган. Шунингдек, муаммоларнинг ечимини топишга ваъда берганидан сўнг одамлар тинчланиб, тарқала бошлашган.
«Бугун эрталабдан вилоят ҳокими бошчилигидаги ишчи гуруҳ аҳоли билан учрашиш мақсадида ҳодиса жойига ташриф буюришди. Ҳозирда вилоят ҳокими ҳар бир хонадон эгаси билан шахсан ўзи учрашиб, уларнинг талаб ва истакларини эшитиб шу юзадан амалий чора кўрмоқда. Ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган шахслар ва ҳомиладор аёлларга қўшимча шароит ҳамда ер ажратиб бермоқда. Бундан ташқари аҳолига текинга қум етказиб берилмоқда ва қурилиш молларини бозор нархидан хам 10 фоиз чегирма билан етказиб беришни шахсан ўз назоратига олди», дейилади ҳокимлик матбуот хизмати хабарида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter