Хориждан қайтган юртдошимиз вазир ўринбосари бўлди
Отабек Анварович Назиров Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари сифатида фаолиятини жорий йилнинг май ойидан бошлади. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
У монетар сиёсат, банк тизими, бюджет сиёсати, солиқ тизими, ижтимоий хизматлар, пенсия таъминоти, қишлоқ ва сув хўжалигини ривожлантириш, шунингдек, демография ва аҳоли бандлигини тадқиқ этиш бўйича инновацион ечимларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ қилиш масалалари билан шуғулланади.
Отабек Назиров 1975 йили Тошкентда туғилган. АҚШнинг Нью-Йорк штатидаги Стоуни-Брук Давлат университетида макроиқтисодиётчи мутахассислигини эгаллаган. Турли йиллар давомида АҚШнинг «GOLDMAN SACHS GROUP», Москвадаги «ТРОЙКА ДИАЛОГ» ва «БАНК МДМ», Вашингтондаги «THE AVACENT GROUP» ҳамда Нью-Йоркдаги «JP MORGAN CHASE» компанияларида ҳам фаолият юритган.
Вазир ўринбосари сифатида фаолиятини бошлагунига қадар Отабек Назиров Лондондаги Европа тикланиш ва тараққиёт банкида саноат секторига инвестицияларни киритиш бўлимининг Бош ҳудудий банкири лавозимида ишлаган. Саноат, кўчмас мулк, фармацевтика саноати, кимё, қурилиш материаллари ва халқ истеъмоли моллари каби иқтисодиётнинг турли соҳаларига инвестициялар киритиш бўйича 50 дан зиёд лойиҳаларни ишлаб чиққан ва молиялаштирган.
Қозоғистон, Мўғулистон, Беларусь, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон бўйича лойиҳаларни бошқарган ва мувофиқлаштирган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter