Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

«Йўл (The Road)» киноси – тириклик тўхтаган дунё. Сизнинг ичингизда олов борми?

«Йўл (The Road)» киноси – тириклик тўхтаган дунё. Сизнинг ичингизда олов борми?

АҚШ киноижодкорлари томонидан 2009 йил ишланган «Йўл» киносини илк бор 2012 йилда кўрган эдим. Ўша йил апокалипсис қайта-қайта таъкидланган бир давр эди. Яъни, кино саноатида постапокалиптик жанр яна модага қайтди, яна долзарблашди. Гарчи жанр сифатида узоқ вақтдан бери янги ҳеч нарса таклиф қила олмаса-да унга талаб ортган эди. Америкалик ёзувчи Кормак Маккартининг «Бу ер қарияларнинг жойи эмас» романига ишланган кино тўртта «Оскар»ни олди. Унинг «Йўл» романи 2007 йили «Пулитцер» мукофотига сазовор бўлди ва уч йил давомида энг кўп сотилган китоблар рўйхатига кирди.

Фильм қуёши кетиб қолган дунёдаги одамлар ва уларнинг ҳаёт учун курашишлари ҳақида. Қоронғу, кулранг оламда болакай дунёга келади. Келажак ҳақида гап бўлиши ҳам мумкин бўлмаган дунёда!

(Суратлар интернетдан олинди)

Ўсимликлар ўсмай, дарахтлар барг чиқармай қўйган дунёда. Тириклик тўхтаб қолган дунёда тирик қолишдан маъно қидиришнинг ўзи ғалати. Аммо одамзод ҳар қандай вазиятдаям инсон бўлиб қолиш ҳақида ўйлай оладими, деган савол минг йиллардан бери баҳсли, бу кинода эса бўларкан-да... Ҳаёт тўхтаб қолган, одам ўлаётган дунёда инсонийликни ўлдирмаслик кинонинг бош мақсади. Фильмда номаълум эпидемия туфайли бутун инсоният йўқ бўлиб кетади ва фақат оз сонли одамлар озиқ-овқат учун кучсиз ва ёлғизларни овлайдилар. Бахт арвоҳ хотиралари шаклида қолади. Фильм бош қаҳрамони ўтмишда қолган гўзал ҳаётини, хотинини бот-бот эслайди ва бу сизга ҳам шу ҳаётни қадрлашни англатади гўёки.

Фильм психологик жиҳатдан  жуда оғир. Ҳаётнинг маъносини йўқотиш ва келажакка бўлган ишончнинг экзистенциал жарлиги. Фильм қаҳрамонлари учун келажак йўқ. Улар келажакни хоҳлашганидаям бунга имкон йўқ.

Омон қолиш муаммолари одамларни кечаю кундуз банд қилади? Ва нима учун омон қолиш кераклиги ҳам мавҳум, тубсиз жарликдек. Дунёнинг барқарорлиги, мустаҳкамлиги ва гўзаллиги ўз моҳиятини йўқотди. Дунё сўзи аҳамиятсиз бўлиб қолди. Аҳамиятсиз дунёда одамнинг ҳаёти ҳам аҳамиятсиз. Ана шу аҳамиятсизликлар ичида эркак аёлига сен жуда чиройлисан дея олади... Гарчи ҳаммаёқ хаос – кулранг туман ва даҳшат. Атроф кул, сув ва тумандан иборат. Ҳеч ким ва ҳеч нарсанинг олдида масъулият йўқ. Туйғулар ўзгарган. Ҳаёт аввалгидек масъулиятли, орзули ва энди оғир ҳам эмас. Ва одам сўзи унутилди, кичик ҳарф билан ёзила бошланди. Шу билан бирга, одам одамга зор бўлди. Болакай  узоқдан ўзи тенги болани кўриб шунчалар интиладики, отаси билан жанжаллашади, «мен ўзим қатори болани кўрдим, у билан ўйнамоқчиман, ўйнамоқчиман», дея бор овози билан бақиради.

Уларга йўлда бандитлар учрайди ва улардан бири сўрайди:

– Сен врачмисан, ярадорлар бор, бизнинг тўдага ёрдам беришинг мумкин.

– Мен энди ҳеч киммасман...

Аммо кинода Худонинг сояси доимо милтиллайди. Бу мавжудликнинг маъносини, мавжудликнинг сабабини англатиб турган Худога бўлган ишонч ва бир оз ишора.  

Ота Худо унинг ўғлида яшаётганига хаёлан ишонади. Ахир, Худо қалбдаги оловдир. Агар шу ўғил дунёга келмаганда ота аллақачон ўз жонига қасд қилиши мумкин эди. Ота Ер юзида жуда оз қолган меҳрибон одамларнинг олови, яъни ичида Худоси бор деб ишонади ва ўғлиниям шунга ишонтиради. Бу кулранг дунёда меҳрибон бўлиш жуда қийин бўлса-да, сиз бошқа одамларни емаслигингиз керак. Бошқалар ҳисобидан омон қолманг, яшаманг, дейди фильм. Ота-боланинг суҳбатлари ҳам шуни «тасдиқлайди».

Диалог

– Ичингдаги олов сўнишига йўл қўйма.

– Қайси олов ота.

– Ичингдаги олов.

– Биз ҳалиям яхши одаммизми ота?

 – Ҳа.

– Нима бўлганда ҳам яхши одам бўлиб қоламизми?

– Нима бўлишидан қатъий назар яхши одам бўлиб қолишимиз керак.

Улар ўз араваларини судраб кетаётган жойда кўр, жуда абгор одамни – қарияни учратиб қолишади. Отаси болани қариядан ҳимоя қилиб четга тортади. Қария эса илма-тешик тўрва-халтасини уларга қарата отади. «Менга тегманглар, мени еманглар, бор нарсам шу», дейди.

Ўғил бўлса отасидан ертўладан топилган ширин сувли банкадан биттаси билан қарияни меҳмон қилишга рухсат беришини илтимос қилади.

Отаси ўзимиз оч қоламиз деса ҳам ўғил чолга ширин сувдан узатади. Унинг ичида олов бор эди, нотаниш чолнинг қўлидан худди ўз бобосининг қўлидан ушлагандек ушлаб олади...

Фильм жуда реал тарзда суратга олинган. Қоронғи, тушкун, кулранг-жигарранг фонларда. Фалсафий ва медитация услубда. Буни унга танланган мусиқа ҳам «таъкидлайди».

Хотини ўзини ўлдиришни танлов қилади.

Диалог

– Балки сен бола билан хайрлашарсан.

 – Йўқ.

– Балки тонг отишини кутарсан.

– Йўқ.

– Мен билан сўнгги тунни ўтказа қол.

– Иложим йўқ, менинг вақтим келди...

Тунлар омонат бўлган, осуда тунларга зор бўлган эр-хотинлар. Бир-бирига интиқ, зор ва шу билан бирга иложсиз қолган кўнгиллар... Яшаш учун имкон қолдирмаган чорасизлик...

Апокалипсисдан кейинги ҳаёт ҳақида жуда кўп фильмлар суратга олинган, аммо «Йўл» фильми эҳтимол, муҳитни энг ишончли тасвирлаб бера олган фильмлардан биридир. Сиз том маънода бош қаҳрамонлар билан бирга хавотирни, кир-чирликни, чорасизликни, совуқни ва яна яшаш учун курашни ҳис қила бошлайсиз, улар билан бирга топилган ҳар бир банка ва емакдан хурсанд бўласиз. Сабаби фильм дунёнинг тугаши ҳақида «гапирмайди», балки томошабинни сўнгги одамларнинг омон қолиш муаммоларини бирга ҳис қилишга ундайди. Қаҳрамонлар вайрон бўлган харобалар орасидан ҳаёт маъносини излайдилар. Фақатгина йўл улар учун қолдирилган охирги имкон. Кинонинг бошида бош қаҳрамон актёр Вигго Мортенсен «Бурилиш ортида сизни нима кутаётганини ҳеч қачон билмайсиз», дейди. Аммо энг ёмони, бу бурилиш ортида яна ўша ҳаёт, бўшлиққа дуч келишдир. 

Улар нима учун тирик қолганлар қаторида? Чунки уларнинг ичларида олов бор эди, ўша ёнаётган олов қаҳрамонларга бундай синовга чидашга, аниқроғи кўникишга ёрдам беради. Айнан олов, нур  уларга инсон бўлиб қолишга имкон беради ва йўналишни кўрсатади.

Эркакнинг хотини (Шарлиз Терон) учун қийин пайтларда бола туғилиши ўзи ҳақиқий апокалипсис эди.

Диалог

–Балки болани туғмасман.

– Йўқ биз яшашни уддалаймиз.

– Бу қанақа ҳаёт ва бу ҳаётда бола нима керак, болага нима керак?

Аёл бу масъулиятни ўз зиммасига олишга куч топа олмади ва зулматга унутилиб кетишни танлади. Ота, аксинча, ўғлини қийин ҳаётга тайёрлашга ҳаракат қилди ва энг муҳими, унга ўша «чироқни»берди.

Фильмнинг диққатга сазовор жойларидан бири бу бош қаҳрамон ролидаги Вигго Мортенсеннинг ажойиб ижроси. Унинг характери жуда жонли ва ишончли чиққан. Сиз кинода актёр рол ўйнаётганини ҳис қилмайсиз, балки ростдан ҳам чорасиз ва бир вақтнинг ўзида қаҳрамон отани кўрасиз.

Умуман олганда постапокалиптик манзараларда суратга олинган ушбу фильм ахлоқ ва ҳаётнинг маъносини излаш ҳақида.

Болакай ёвуз одамларнинг одамларни ейиш учун боғлаб қўйганини кўриб даҳшатга тушади. 

Диалог

– Биз ҳеч қачон ҳеч кимни емаймиз-а?

– Албатта, йўқ.

– Жуда оч қолиб кетсак ҳам-а?

– Ҳозир ҳам очмиз.

– Демак, биз яхши одамлигимиз учун ҳеч кимни емаймиз. Ва бизнинг ичимизда олов ёнаяпти, нур бор.

– Худди шундай.

Бош қаҳрамонлар – ота ва ўғил (Коди Смит-Макфи), бу ташландиқ уйлар ва йўллар орасида бутунлай йўқ бўлиб кетган «инсон табиати» белгиларини ҳам намойиш этадилар. Йўл бу ерда ота ва ўғил «муҳаббат»ининг рамзи бўлиб, уни босиб ўтиш бир-бирига хиёнат қилмасликни англатади. «Ичингизда олов борми?» деб сўрайди финалда болакай унга учраган бошқа оила бошлиғидан. Ва айнан шу савол «умид» ва «мўъжиза» сўзлари ўз маъносини йўқотган ва унутилган бутун фильмни доимо «тирик», балки ёруғ ушлаб туради.

Диалог

– Сен билан юрган ким?

– У менинг отам. У вафот этди.

– Сен мен билан кетишинг мумкин.

– Сиз яхши одаммисиз?

– Ҳа, мен яхши одамман.Сенда танлов бор, ё отанг билан қол, ё мен билан кет. Агар отанг билан қолсанг, энди йўлдан юрма.

– Сизнинг болаларингиз борми?

– Бор, ўғил ва қиз. Сенинг ёшингдадир ёки эҳтимол сендан каттадир.

– Сиз уларни едингизми? Яъни сиз одам емайсизми?

– Йўқ.

– Сизнинг мана бу ерингизда олов борми?

– Сен болакай жуда ғалати экансан.

Болакай тўппончани яна ўқталади.

– Жавоб беринг, сизнинг ичингизда олов борми?

– Ҳа, менинг шу еримда олов бор.

Болакай отаси билан хайрлашади. Бироз «гаплашади». Кейин бошини кўтариб атрофга қарайди. У ерда иккита фарзанди билан турган бояги одамни ва аёлни кўради. Аёл унга «Биз доимо сизларнинг атрофингизда эдик, сендан жуда хавотирда эдим, мана энди хавотирланмасам ҳам бўлади, сен биз билансан», дейди.

Кинонинг энг таъсирли жойи қаерда биласизми? Сиз учун билмадим – мен учун охирида, болалар, аёл, оила бошлиғи – отанинг ёнида, оила ўртасида фильм қаҳрамонларидек абгор, кир-чир лекин тирик кучукча сюжети бўлди.

Каннибализм, яъни ҳатто одам одамни ейиш авж олган замонда кучукнинг яхши одамлар орасида тирик қолиши, ўзлари овқатга зор бўла туриб уни ҳам ўз емакларига  шерик қилишлари бўлди. Фильмдаги кучук билан боғлиқ эпизод энг катта олижаноблик, инсонийликка урғу эди. Ҳа бу одамлар ҳам ичида олови бор одамлар эди.

Сизнинг-чи, ичингизда олов борми?

Кинони кўриб тугатганингиздан кейин... бироз тушкун кайфиятда юрасиз, кино таъсиридан анча пайт чиқа олмайсиз, ва, ва... миянгизда бир савол қайта-қайта такрорланади: «Менинг-чи, менинг ичимда олов борми, мен яхши одамманми?»

Барно Султонова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг