Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Геосиёсатда туркий давлатларнинг ўрни ошиши башорат қилинди

Геосиёсатда туркий давлатларнинг ўрни ошиши башорат қилинди

Янги юзйилликда туркий давлатларнинг геосиёсатдаги ўрни ва мақоми янада ошади. Бу ҳақда Туркия президенти ҳузуридаги Коммуникациялар бошқармаси томонидан тайёрланган «XXI асрнинг ёрқин юлдузи: Туркий давлатлар ташкилоти» номли китобда сўз боради.

Ушбу тўплам 3 ноябрь куни Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг 10-саммити доирасида чоп этилган. 

Китобга сўзбоши ёзган Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон тили, эътиқоди, тарихи ва маданияти бир бўлган туркий халқлар яхши кунда ҳам, қайғули кунда ҳам бирдам эканини таъкидлаган. Сиёсатчи туркий давлатлар халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан муштарак позицияда экани, биргаликда ечимлар таклиф этаётганини қайд этган.

«Биз кучли бўлсак, турк дунёси хатарлардан омонда бўлади. Бир ёқадан бош чиқарсак, терроризм, туркийлик ва исломга қарши душманларча ҳаракатларга қарши муносиб тарзда кураша биламиз, жабр-зулмга учраган минтақаларнинг овози дунёда баландроқ янграйди», – деб ёзган Эрдўғон.

Аввал хабар берганимиздек, ТДТнинг Остона саммитида нутқ сўзлаган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам бугунги шиддатли замонда туркий халқларнинг овози дунё бўйлаб янада баланд, янада кучлироқ янграётганини таъкидлаб, бир қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди.

Ҳозирда ТДТ 160 миллион нуфус ҳамда 4,2 миллион квадрат километрга чўзилган муҳим геосиёсий ҳудудга эга. Ташкилотга аъзо давлатларнинг глобал иқтисодиётдаги ўрни ошиб бормоқда. ТДТ ялпи ички маҳсулоти 1,4 триллион долларни ташкил этмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг