Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Каримберди Тўрамурод

Қўрқсанг – ёзма! Ёздингми – қўрқма!

«Ўзбегим фарзандиман, тожигим гуфто писар»

«Ўзбегим фарзандиман, тожигим гуфто писар»

Халқларимиз ўртасидаги азалий дўстлик абадий бўлсин!

Фото: «xabar.uz»

Баҳор меҳр билан бошланди, муҳаббат билан бошланди. Қадимдан бир тан, бир жон бўлиб яшаб келган икки миллат ўртасидаги сунъий тўсиқларни олиб ташлаш билан бошланди. Баҳор Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларининг севинч кўз ёшлари билан бошланди.

Хуш келибсиз!

Баҳорнинг илк куни Ўзбекистон Республикаси Самарқанд вилояти Ургут туманининг Жартепа қишлоғи ва Тожикистон Республикаси Сўғд вилояти Панжакент тумани Саразм қишлоғи ўртасидаги ўтиш маскани тантанали очилди.

Тантаналарда икки вилоятнинг раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари, фаоллар ва чегара ҳудуди аҳолиси, давлат ва жамоат ташкилотлари масъуллари, ОАВ ходимлари иштирок этди.

Дастлаб «Саразм»дан «Жартепа» ўтказиш масканига қўшни республика вакиллари карнай-сурнай садолари остида кириб келди. Меҳмонлар пойига ҳўкиз сўйилди.

Самарқанд вилояти ҳокими Туробжон Жўраев меҳмонларни ташриф билан қутлаб, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг халқларимиз ўртасидаги дўстликни янада мустаҳкамлаш борасида олиб бораётган саъй-ҳаракатлари юксак самара бераётганини таъкидлади. Сўғд вилояти ҳокими Ражаббой Аҳмадзода назорат-ўтказиш пунктининг очилиши икки халқ манфаатига мослиги, дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади. Меҳмонлар шарафига уюштирилган концертда икки тилдаги қўшиқлар ижро этилди.

Меҳмонлар учун «Жартепа» масканида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автотранспортлар ҳамда бошқа маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди. Ташриф буюрганлар паспорт ва божхона назорат пункти учун яратилган шарт-шароит билан ҳам танишдилар.

Хуш омадед!

Тадбирнинг иккинчи қисмида самарқандликлар вилоят ҳокими бошчилигида «Саразм» масканига йўл олишди. Сўғд вилояти ҳокимлиги ва фаоллар меҳмонларга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатди. Энди ўзбек меҳмонлар пойига ҳўкиз сўйилди. Тожик миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси намойиш этилди.

Чегара очилиб, бир-бири билан йиллар давомида учраша олмай юрган кўплаб жигарбандлар кўришдилар. Бир онахоннинг Тожикистонга келин бўлиб тушган қизи билан учрашуви атрофдагиларнинг кўзларини ёшлади.

− Қизимни Панжакентга узатганман, − деди ўша онахон, ургутлик Кимё Жалолова. – Саккиз йил бўлибди уни кўрмаганимга. Мана шу чегара пости очилишини соат санаб кутдим. Халқни ўйлаган президентларимизга минг раҳмат. Менга ўхшаган кўзлари йўлга тикилган оналарнинг ҳаммаси дуо қилаяпти.

Бугун дуолар кўп бўлди, тилаклар кўп бўлди, миннатдорчилик сўзлари кўп айтилди. Биз ҳам нек дуоларга қўшилдик: халқларимиз ўртасидаги азалий дўстлик абадий бўлсин!

Меҳмонлар шарафига уюштирилган концертда икки тилдаги қўшиқлар ижро этилди. Фото: «xabar.uz». 

Тантаналардан қайтиб...

Уйга қайтгач, тантаналардан олган таассуротларимни қоғозга тушириб бўлдиму, хаёлим олислаб кетди...

Тожикистонда фуқаролар уруши бошланиб кетди. Азалдан бир тан-бир жон бўлиб яшаган, қиз олиб, қиз берган тожик ва ўзбек халқларига оғир бўлди. Айниқса, орада ҳеч қандай фарқ, тафовут бўлмаган, осмони, ери, суви битта бўлган, Тожикистонда ишлаб юрган ургутликлар, самарқандликларга қийин бўлди. Ўзбекча гапирганлар душман саналди. Ҳаммаси қочиб Ўзбекистонга, аниқроғи, Самарқандга ўтишди. Ургутга энг кўп қочқинлар келди. Улар йиллаб биз билан бирга яшадилар, эл бўлиб кетдилар. Айримлари қизларимизга уйланишди, айримлари қизини бизникиларга узатишди.

Бир кечада Тожикистондан келганларга Ўзбекистон фуқароси деган паспорт ҳам берилди нимагадир. Аммо бир кечада ҳамма паспортлар йиғиштириб ҳам олинди. Шу билан Самарқанд ё Ургутда туғилган, аммо Тожикистонда яшаб ёки ишлаб келган минглаб миллатдошларимиз «на у ёқлик, на бу ёқлик» бўлди қолди. Йигирма йиллаб «Вид на жителства» бўлиб юришди.

Энг ёмони, тепадаги муаммолар энг қуйидагиларга зўр келди. Куч ишлатар тизимнинг кучи билан оилалар пароканда бўлди. Ўзбекистон фуқароси бўлган эр Ўзбекистонда қолди, Тожикистонда бўлиб келиб, унга теккан хотин Тожикистонга чиқариб юборилди. Бизнинг қишлоқдан эрга теккан қиз қишлоғимизда қолиб, унга уйланган, Тожикистондан келган куёв Тожикистонга чиқариб юборилди. Бир эшон бува Тожикистондан келган аёлга уйланиб, бир ўғил, бир қизли бўлган эди. Аёлини куч билан мамлакатдан чиқариб юбордилар. Аёл шўрлик ҳам эридан, ҳам фарзандларидан айрилиб, ерни муштлаганча йиғлаб, чиқиб кетган эди. Бу жудоликни кўтара олмаган эшон бува ҳасратдан ўлиб қолди. Болалар жавраб қолди. Эшон бобонинг ҳеч кими йўқ, меҳрибонлик қилай деса. Онасининг ортидан Тожикистонга борайлик десалар, йўллар ёпиқ...

Тиканли симнинг нарёғида кўриниб турган ота уйига ўтолмай, онасининг тобутини бир ушлай олмай, симнинг бериги томонида келинлар зор қақшаб қолаверди...

25 йил бир йигит умри. 25 йил олдин туғилган бола эр йигит бўлди. Уйланди ҳам. Ота ҳам бўлди.

Аммо ана шу эр йигитлар, ўзбек, тожик йигитлар, қирғиз йигитлар, қозоқ йигитлар, туркман йигитлар бир-бирини танимай, бир-бирини билмай вояга етди. Билмагани ҳам майлига, бир-бирига душмандай катта бўлди.

Худога шукур, президент Шавкат Мирзиёев бу тўсиқларни олиб ташлади. Азалдан бир эл бўлган қўшниларимиз билан чегаралар очилди. Давлатлараро автобус қатновлари йўлга қўйилди. Самолёт қатновлари амалга оширилмоқда. Қўшнилар билан борди-келди қилиб, олди-берди қилиб, тинчликда, аҳилликда, иноқликда яшаганга нима етсин!

Иншооллоҳ, бу ишларнинг самарасини ҳадемай кўрамиз, халқларимиз қадимгидай бир тан, бир жон бўлиб кетади, қуда-анда бўламиз яна. Бирлашсак, бой ҳам бўламиз. Қудратли ҳам бўламиз. Ахир куч бирликда. Бирлашган ўзади, бирлашмаган тўзади.

Кунлар исиб қолди...

Худога шукур, кунлар исиб қолди. Баҳорий шабадалар кўксимизга тегиб қолди.

Юртда кейинги бир йил ичида бўлаётган ишлар, президент Шавкат Мирзиёевнинг халқпарвар, динпарвар сиёсати туфайли кишиларимиз қалбида эртанги кунга, келажакка умид, ишонч уйғонди.

Қалбларимизга ҳам баҳор эпкинлари етиб қолди.

Баҳор фасли барчамизга муборак бўлсин!

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг