Ўзбекистон Европа Иттифоқи билан муҳим хомашёлар бўйича ҳамкорлик қилади
Ўзбекистон ҳамда Европа Иттифоқи ўртасида қишлоқ хўжалигида лойиҳа амалга ошириш бўйича молиявий битим имзоланди. Томонлар, шунингдек, муҳим хомашёлар бўйича ҳамкорликка киришмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Телеграмдаги саҳифасида маълум қилди.
«Еврокомиссия раиси ўринбосари Валдис Домбровскис жаноблари билан учрашдик. Мулоқотимиз чоғида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги, айниқса, иқтисодий йўналишда тобора мустаҳкамланиб бораётган ҳамкорликнинг кенг кун тартибини кўриб чиқдик. Ўзаро савдони янада ривожлантириш, Европа бозорига экспорт кўрсаткичларини ошириш, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишини қўллаб-қувватлаш, муҳим хомашёлар бўйича ҳамкорлик қилиш муҳокамамизнинг асосий мавзуларидан бўлди», – деб ёзди Б.Саидов.
Ўз навбатида, В.Домбровскис Ўзбекистон ҳамда ЕИ муҳим хомашёлар йўналишида стратегик иттифоқ тузишга киришгани, расмий Тошкент Муҳим хомашёлар клубига (CRM Club) қўшилиш истагини тасдиқлагани ҳақида ёзган.
Мис, литий, алюминий, титан, платина, графит, никель, кобальт ва бошқа маъданлар ЕИ учун қимматли аҳамиятга эга хомашёлар саналади.
Европа комиссиясининг «Global Gateway Forum» сайтида Ўзбекистон, хусусан, кумуш, титан, литий, уран, мис каби маъданларга бой экани, бу эса мамлакатни хомашё бозорида муҳим иштирокчига айлантириши таъкидланган.
Брюссель ҳам, Тошкент ҳам мазкур йўналишидаги ҳамкорлик стратегик аҳамият касб этишини таъкидлаган.
Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Б.Саидов Люксембург мезбонлигидаги Европа Иттифоқи – Марказий Осиё 19-вазирлар йиғилишида қатнашди. Эътиборга молик жиҳати, Марказий Осиё ташқи ишлар вазирлари ҳамда ЕИнинг 27 давлати вакиллари илк бор бир даврада жам бўлишди. Машварат якунида икки минтақа ўртасида ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга қаратилган йўл харитаси маъқулланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter