Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Ўзбекистоннинг геосиёсий аҳамияти тобора ортмоқда» – Япония элчиси

«Ўзбекистоннинг геосиёсий аҳамияти тобора ортмоқда» – Япония элчиси

Вазир Бахтиёр Саидов ва элчи Такаши Ҳатори.

Япония ҳукумати Ўзбекистон билан турли соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш, икки халқ ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш йўлида барча имкониятларни ишга солади. Бу ҳақда Япониянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Такаши Ҳатори Тошкентда ўтказилган тадбирда гапирди.

Япония миллий байрами – Император таваллуд топган кун муносабати билан ташкил этилган тантанали маросимда Ўзбекистон ҳукумати номидан Ташқи ишлар вазири в.б. Бахтиёр Саидов қатнашди.

«Ҳозирги глобал вазиятда Ўзбекистоннинг геосиёсий аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Япония учун Шавкат Мирзиёев жаноби олийлари раҳбарлигидаги ислоҳотлар орқали демократия ва очиқ иқтисодий сиёсатни изчил ривожлантираётган Ўзбекистон қонун устуворлигига асосланган эркин ва очиқ халқаро тартибни биргаликда барпо этишда муҳим ҳамкордир», – деди элчи Т.Ҳатори.

Қайд этилишича, сўнгги уч йил давомида бутун дунё бўйлаб пандемия туфайли инсоний робиталар сусайган бўлса-да, икки давлат ўртасидаги юқори даражадаги алмашувлар, жумладан, парламент ва ҳукумат ташрифлари, иқтисодий ва маданий алмашинувлар давом эттирилмоқда.

Аввал хабар берганимиздек, 2022 йил 29-30 апрель кунлари мамлакатимизга Япония ташқи ишлар вазири Ёсимаса Ҳаяши  ташриф буюрди. Эътиборга молик жиҳати, бу – Кунчиқар ўлка ташқи ишлар вазирининг сўнгги 12 йил ичида Ўзбекистонга илк ташрифидир.

Ўтган йил октябрь ойида Ўзбекистоннинг қадимий кенти Самарқанд ҳамда Япониянинг кўҳна пойтахти Нара биродар шаҳарлар деб эълон қилинди.

Япон дипломати ушбу икки ҳодисани ҳамкорлик борасида олдинга ташланган катта қадамлар деб атади.

Ўзбекистон президентининг 2019 йилда Японияга ташрифини ёдга олган элчи келишувлар доирасида иқтисодиёт ва инвестиция соҳаларида кўплаб лойиҳалар амалга оширилаётганини урғулади.

«Охирги йилларда Япония компаниялари Ўзбекистондаги бизнес лойиҳаларига катта умид боғламоқда. Шу боис Ўзбекистонга аввалгидан кўра кўпроқ япон ишбилармонлари ташриф буюрмоқда. Мен Япония компаниялари инвестицияларини кўпайтириш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликни давом эттириш ниятидаман», – деди дипломат.

Элчи Ўзбекистонда Япония маданияти кенг омма эътиборини қозонгани, япон тилини ўрганувчилар кўпайиб бораётганини ҳам мамнуният билан қайд этди.

Маълумотларга кўра, биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 30 йил ичида 230 баробар ўсган. Япония ҳукуматининг имтиёзли кредит ва грантлари асосида энергетика, кимё, нефть-кимё, инфратузилма, қишлоқ ва сув хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида қиймати 7 миллиард доллардан зиёд бўлган ўнлаб лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг