Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Япония ташқи ишлар вазири 12 йиллик танаффусдан кейин Ўзбекистонга келмоқда

Япония ташқи ишлар вазири 12 йиллик танаффусдан кейин Ўзбекистонга келмоқда

Япония ТИВ Ёсимаса Ҳаяши.

Фото: Reuters

Жорий йил 29-30 апрель кунлари мамлакатимизга Япония ташқи ишлар вазири Ёсимаса Ҳаяши  ташриф буюради. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Юсуф Қобулжонов маълум қилди. Эътиборга молик жиҳати, бу – Япония ташқи ишлар вазирининг сўнгги 12 йил ичида Ўзбекистонга илк ташрифидир.

Япониялик юқори мартабали меҳмон юртимизда бир қатор муҳим учрашувлар ўтказиши режалаштирилган.

«Ўзбекистон Япония билан яқин ва ишончли муносабатларни қадрлашини, биз уни ишончли дўст ва вақт синовидан ўтган ҳамкоримиз деб билишини алоҳида таъкидламоқчиман. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 30 йил ичида 230 баробардан ортиқ ўсди. Яъни 1992 йилда 730 минг АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2021 йилда 169 миллион АҚШ долларидан ошди. Япония ҳукуматининг имтиёзли кредитлари ва грантлари ёрдами ҳисобидан энергетика, кимё, нефть-кимё, инфратузилма, қишлоқ ва сув хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида қиймати 7 миллиард АҚШ долларидан зиёд бўлган қатор лойиҳалар амалга оширилди», – дейди Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили.

Қайд этилишича, мазкур ташриф Ўзбекистон билан Япония ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигига тўғри келди. Ушбу муҳим сана муносабати билан икки давлат ўртасида ўзаро табрик алмашилди.

«Биз Япония билан сиёсат, иқтисодиёт, энергетика, инфратузилма, инновациялар, соғлиқни сақлаш, фан, таълим ва маданият соҳаларида узоқ муддатли муносабатларни ривожлантиришга устувор аҳамият қаратамиз... Ўзбекистонда япон халқига алоҳида илиқлик ва ҳурмат туйғуси билан эътибор қаратилишини таъкидламоқчиман», – дейди ТИВ расмий вакили.

Қайд этилишича, президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил декабрь ойидаги Японияга расмий ташрифи стратегик шериклик муносабатларига кучли туртки берди.

2004 йилда ташкил этилган «Марказий Осиё + Япония» мулоқоти ҳам кўп томонлама ҳамкорликнинг муҳим платформасига айланди. Аввал хабар берганимиздек, жорий йил 15 апрель куни видеоконференция шаклида ўтган «Марказий Осиё + Япония» ташқи ишлар вазирларининг 8-йиғилишида Кунчиқар ўлка билан ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари муҳокама қилинганди.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил ноябрдан буён Япония ташқи ишлар вазири лавозимида фаолият юритиб келаётган Ёсимаса Ҳаяши бунга қадар Либерал-демократик партияда масъул лавозимларда ишлаган, мудофаа, таълим, қишлоқ хўжалиги вазирликларига раҳбарлик қилган. Токио (Япония) ва Ҳарвард университетларини (АҚШ) тамомлаган мутахассис эндиликда Япония ташқи сиёсат маҳкамасига бошчилик қилмоқда.

The Japan Times нашрига кўра, вазир Ёсимаса Ҳаяшининг сафар дастуридан Ўзбекистондан ташқари Қозоғистон, Мўғулистон, шунингдек, Фижи ва Палау давлатларига ташриф ҳам ўрин олган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг