Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шавкат Мирзиёев ва Виктор Орбан ўртасида тор доирада музокара ўтказилди (фото)

Шавкат Мирзиёев ва Виктор Орбан ўртасида тор доирада музокара ўтказилди (фото)

Фото: Президент матбуот хизмати

Будапештдаги «Кармелита» саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Венгрия Бош вазири Виктор Орбан тор доирада икки томонлама музокара ўтказдилар.

Суҳбатда Ўзбекистон-Венгрия стратегик шериклигини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Президенти дўст Венгрия етакчисига ташриф давомида кўрсатилган самимий қабул ва илиқ меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирди.

Давлатимиз раҳбари икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали стратегик шериклик жадал ривожланиб, изчил мустаҳкамланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этди. Виктор Орбаннинг 2021 йил мартда юртимизга расмий ташрифи якунида эришилган келишувлар Ўзбекистон-Венгрия муносабатларида янги саҳифа очгани ҳамда икки томонлама ҳамкорликни янада юқори босқичга кўтаргани алоҳида таъкидланди.

Турли даражалардаги мулоқотлар фаоллашди, самарали сиёсий мулоқот ва парламентлараро ҳамкорлик йўлга қўйилди, савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларида қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда, маданий-гуманитар алмашинувлар кенгаймоқда.

Музокараларда савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма инвестиция лойиҳаларини, шу жумладан саноат кооперацияси орқали амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Шу маънода, икки мамлакат иқтисодиётлари бир-бирини тўлдириб туриши, ривожланиш стратегиялари диверсификация ва индустриаллашувга қаратилгани  билан бир-бирига ўхшашлиги қайд этилди.

Кейинги йилларда ўзаро товар айирбошлаш қарийб 3 баробар ошгани, уни янада кўпайтириш учун барча имкониятлар ва омиллар мавжудлиги таъкидланди. Ўзбекистон Евроиттифоқнинг «GSP+» аъзоси мақомига эга экани ҳам бунга хизмат қилади.

Томонлар ўзаро имтиёз ва преференциялар тақдим этиш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича қўшма қувватлар яратиш ва шу орқали МДҲ, Шарқий ва Жанубий Осиё ҳамда Яқин Шарқ бозорларига чиқишга интилади.

Фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, электротехника, машинасозлик, инновациялар, рақамлаштириш, транспорт ҳамда илмий тадқиқотлар ҳамкорлик учун истиқболли йўналишлар сифатида қайд этилди.

Икки мамлакат етакчилари долзарб халқаро ва минтақавий муаммоларни ҳам муҳокама қилдилар. Халқаро тузилмалар, шу жумладан БМТ, ЕХҲТ, Туркий давлатлар ташкилоти ва бошқалар доирасидаги ҳамкорлик масалаларига тўхталиб ўтилди.

Венгрия Бош вазири жорий йилнинг ноябрь ойида Самарқандда ўтказиладиган Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммитида иштирок этишини тасдиқлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг