Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шомуродов тарихга кирадими ёхуд «бўрилар»нинг ови бароридан келсин

Шомуродов тарихга кирадими ёхуд «бўрилар»нинг ови бароридан келсин

Албаниянинг Тирана шаҳридаги «Арена Комбетаре» стадиони биринчи марта ўтказилаётган Европа конференция лигаси финалини қабул қилади. Финалда Италиянинг «Рома»си Нидерландиянинг «Фейеноорд»ига қарши саф тортади. Ўйин Тошкент вақти билан соат 00:00 да бошланади, «Спорт ТВ» жонли эфирда кўрсатади.

Мусобақа ҳақида

Европадаги «учинчи қитъа мусобақаси» илк марта ўтказилмоқда. Кутилмаганда бу мусобақа ўртамиёна клублар учун ҳақиқий шоуга айланиб кетди. Жумладан, «Тоттенхэм» ва «Рома» каби йирик клубнинг гуруҳдаги мағлубиятлари барчани ҳайратга туширди. Мавсум бошида мусобақага кўп клублар жиддий эътибор қаратмаган бўлса ҳам, мавсум сўнгида кўплаб клублар мусобақада иштирок этиш истагини билдирмоқдалар. Хусусан, кейинги мавсумда биз «Вест Хэм», «Фиорентина» ва «Вилярреал» каби номдор жамоаларни бу мусобақада кўрамиз. Бундан ташқари, мусобақанинг мукофот пули ҳам кам эмас.

«Рома» финалга қандай етиб келди?

«Рома» 4 ғалаба, 1 мағлубият ва 1 дуранг қайд этиб, «C» гуруҳини пешқадам сифатида якунлади. 1/8 финалда Нидерландиянинг «Витесс» клубини умумий 2:1 ҳисобида мағлуб этди. Чорак финалда Будё-Глимтни умумий 5:2 ҳисобида мағлуб этди. Жозе Моуриньо шогирдлари ярим финалда премьер лига вакили «Лестер»ни икки ўйин ҳисобида мағлуб этишга муваффақ бўлишди.

«Рома» А сериянинг сўнгги ўйинида «Торино» устидан 3:0 ҳисобида ғалаба қозониб, кейинги мавсумда ЕЛдаги иштирокини кафолатлаб, Албанияга яхши кайфиятда ташриф буюрди.

«Фейеноорд» финалга қандай етиб келди?

«Фейеноорд» «Славия Прага», «Унион Берлин» ва «Маккаби»дан иборат бўлган «E» гуруҳини биринчи ўринда якунлади. Нидерландлар гуруҳдаги бирорта баҳсда мағлуб бўлмади. Арне Слот шогирдлари 1/8 финалда «Партизан Белград»ни (жами 8:3) ортда қолдириб, чорак финалда «Славия Прага»ни умумий 6:4 ҳисобида мағлуб этишди. Голландия гиганти ярим финалда Франциянинг «Олимпик Марсел» жамоаси устидан умумий 3:2 ҳисобида ғалаба қозониб, Албанияда «Рома» билан учрашувни нақд қилди.

«Фейеноорд» эса Конференциялар лигаси финали олдидан Эредивизиядаги сўнгги учрашувида «Твенте»га 2:1 ҳисобида мағлуб бўлди.

«Рома» таркиби ва тактикаси

«Лестер»га қарши ярим финал биринчи ўйинида жароҳат олган Хенрих Мхитарян машғулотларга қайтди. У майдонга тушиши мумкин. Жозе Моуриньо 3-4-1-2 схемасида ўйнаши кутилмоқда. Португалиялик мутахассис Чемпионлар лигаси, Европа лигаси ва Конференциялар лигасида ғолиб чиққан биринчи мураббийга айланиши кутиляпти.

Уч кишилик орқа чизиқ Жанлука Манчини, Крис Смоллинг ва Рожер Ибаньесдан иборат бўлиши кўп эҳтимол. Рик Карсдорп ва Никола Залевски мос равишда ўнг ва чап қанот ҳимоячилари вазифасини бажаради. Брайан Кристанте ва Серхио Оливейра марказий ярим ҳимоядан жой олиши кутилмоқда. Лорензо Пеллегрини ҳужум ортида, Абраҳам ва Николо Заниоло «Рома» ҳужумида ҳаракат қилиши кутилмоқда. Шунга қарамасдан, ҳамюртимиз Элдор Шомуродов ҳам ўйинни асосий таркибда бошлаши мумкин. Бунда Заниоло ва Шомуродов ҳужум ортида ўйнаса, жамоа сардори Пеллегрини марказдан ўрин олади. Умид қиламизки, Жозе Шомуродовнинг асосий таркибда тушишига имкон беради.

«Фейеноорд» таркиби ва тактикаси

Оркун Кёкчю «Фейеноорд»нинг сўнгги лига ўйинида жароҳат олди. Эҳтимол у бугунги ўйинда майдонга туша олмайди. Чап қанот ҳимоячиси Тайрелл Маласиа дисквалификация туфайли охирги ўйинни ўтказиб юборганидан сўнг яна жамоага қайтади. Нидерландлар одатий 4-3-3 схемасида ўйнаши кутилмоқда. Гернот Траунер ва Маркос Сенеси ҳимоя марказига жойлашса, Лутшарел Геертруида ва қайтган Маласиа эса қанотларга эгалик қилади. Фредрик Эурснес таянч нуқтасида «Рома»нинг ҳужумларини тўхтатишга уриниб кўради. Йенс Торнстра бошланғич таркибга кириши ва унинг ҳамкори Гус Тил бўлиши мумкин. «Арсенал»дан ижарага олинган ҳужумчи Рейсс Нельсон, шунингдек, Луис Синистерра ва Конференциялар лигасининг жорий мавсумдаги энг яхши тўпурари Сирил Дессерс ҳужум чизиғига жойлашади. Таркиб гарчи ном жиҳатдан таниқли эрмаса-да, исталган рақибга қарши ўйнай олади.

Асосий статистика

«Рома» 2008 йилда Италия кубогини қўлга киритганидан бери ҳеч қандай соврин юта олмаяпти. Бундан ташқари, еврокубокларда ҳеч омади чопмаган. Хусусан, 1990-91 йилги Европа лигаси финалига чиққанини ҳисобламаса, ҳатто юлдузлик даврида ҳам «Рома» «кўҳна қитъа»нинг нуфузли мусобақаларида ғалаба қозонмаган. Ҳамюртимиз Элдор Шомуродов жамоаси билан бугунги баҳсда ғалаба қозонадиган бўлса, бундай натижага эришган яна бир ўзбекистонлик футболчи бўлади. Шу пайтгача Европа майдонларида тўп сурган футболчиларимиз бирорта кубокка эга чиқмаган. Агар Жозе Моуриньо Конференциялар лигасида ғалаба қозонса, ЕЧЛ («Порту» ва «Интер»), ЕЛ («Порту» ва «Манчестер Юнайтед») ва ЕКЛ («Рома»)да ғолиб бўлган ягона мураббийга айланади.

«Фейеноорд»нинг шонли тарихи бор, дейиш мумкин. 1969-70 йилги мавсумда Европа чемпионлар лигасини (Кубок эгалари кубоги) ютган. Аср бошида эса Европа лигаси финалида «Боруссия Дормунд»ни таслим этганди. «Фейеноорд» «Аякс» ва «ПСВ» каби машҳур клублар билан бир чемпионатда тўп сурса-да, Европа майдонларидаги энг сўнгги совринни ҳам ўзиники қилишга эришгандир.

«Рома» бош мураббийи Жозе Моуриньо Европа мусобақаларидаги сўнгги тўртта финалнинг ҳар бирида ғалаба қозонган. Жозе финалларда хато қилишни ёқтирмайди. «Бўрилар»нинг ови бароридан келсин!

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг