Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Бу соҳада 10-15 йил орқада қоляпмиз» — Онлайн-дорихона орқали пандемия даврида муҳтожларга бепул дори-дармон тарқатган тадбиркор билан суҳбат

«Бу соҳада 10-15 йил орқада қоляпмиз» — Онлайн-дорихона орқали пандемия даврида муҳтожларга бепул дори-дармон тарқатган тадбиркор билан суҳбат

Хумоюн Аҳмаджонов.

Фото: «Xabar.uz»

Онлайн-дорихона хизмати асосчиларидан бири Хумоюн Аҳмаджонов Ўзбекистонда тадбиркорликнинг бу тури анча кеч йўлга қўйилгани, карантин давридаги чорасизликка топган ечими, бошлаган ишининг истиқболлари ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Хумоюн Аҳмаджонов – www.dorixona.online (IMVITANO online dorixonasi) стартапи таъсисчиси, директори. 1986 йил Фарғона вилоятининг Риштон туманида туғилган. Тошкент давлат шарқшунослик институтининг «Xалқаро муносабатлар» факультетини тамомлаган.

Қоғоз савдосидан бошланган тадбиркорлик

Институтда ўқиб юрган кезларим (2006 йиллар) қоғоз ва канцелярия импорти билан шуғулланадиган ташкилотга ишга таклиф бўлди. Ўшанда Россиядан Ўзбекистонга қоғоз (канцтовар) олиб келиб сотардик. 2012 йилдан бошлаб биоқўшимчалар ва Корея косметика маҳсулотларини сотишга ўтдик. 2013 йилдан бошлаб алоҳида бизнес бошлашга қарор қилдик. Шериклар билан биоқўшимчалар ишлаб чиқариш ва сотиш ишларини йўлга қўйдик. Ҳозир ҳам бу соҳа фаолиятларимиздан бири. 2018 – 2019 йилларда ўзимизнинг ва кредит маблағлари асосида дорихонамизни очдик.

Ҳаммага маълум, дорихона тизими жуда кўп йиллар давомида ўзгармай келган ва уни тадбиркорлар очишмаган, фармацевтика соҳасида ўқиш шарт бўлгани боис аксарият ҳолатда буни фармацевтлар ўзлари очишган. Шу боис яқин-яқингача дорихона фаолияти билан фақат улар шуғулланиб келишган ва ўз-ўзидан тизимда ривожланиш ҳам юқори бўлмаган. Кейинроқ тадбиркорлар қўлига ўтгач, тизимни анча кенгайтиришга эришилди. Бунинг натижасида ҳозирда Ўзбекистонда кўптармоқли дорихоналар талайгина. Улардан кўп нарсани ўрганиш мумкин. Бироқ шунга қарамай, умумий тизим ўзгармай қолаверган.

Бизнинг дориларни онлайн сотиш тизимига ўтганимиз катта қадамлардан бири бўлди, десам адашмайман. Ўзи бу борада анча орқада қолиб кетганмиз. Жуда кўп давлатлар бу тизимни аллақачон йўлга қўйган. Масалан, Россияда 10 – 15 йил, Америка ва Европа мамлакатларидан ундан ҳам олдинроқ бошлаган. Хориж давлатларида бўлганимда бу бозорни кўп ўрганганман, энди дорихона очган пайтимиздаёқ онлайн сотувга ўтиш керак деб юрардим.

Юртимизга кириб келган пандемия туфайли, яъни 15 мартдан одамларнинг кўчага чиқиши чеклангач, биз ушбу лойиҳани зудлик билан йўлга қўйдик. Шунингдек, бутун карантин даврида дориларимизни таннархида сотиб, яна ўз ҳисобимиздан бепул етказиб бериб ҳам турдик.

Бизнеснинг ўз қоидалари бор

Ўшанда карантин ҳақидаги хабарни эшитиб, нафақат ўз фаолиятимиз, балки бизга ишониб юрган ходимларимизни ҳам ўйлаб роса бош қотирганмиз. Бизнинг дорихонадан ташқари биоқўшимчалар ишлаб чиқарадиган бизнесимиз бор дегандим, бу фаолиятда ҳам ишчиларимиз кўп эди. Гувоҳи бўлдик, карантин тартиблари кучайтирилган пайтда қанча ишхоналар ёпилиб, ходимларга ўз ҳисобидан таътилга чиқиш талаби қўйилди. Кўпчилик бошқа иложини қилолмагач шундай йўл тутишга мажбур бўлди, чоғи. Яна, бу бизнесда энди – бирда ютасан, бирда ютқазасан, деб ўзларини овутганлар қанча?.. Лекин бизнеснинг ҳам ўз қоидалари бор. Масалан, кутилмаган вазиятларда ишчилар ва бизнесни сақлаб қолишингиз учун камида 3 ойлик захира пулинг бўлиши керак. Идеал ҳолларда эса – 9 ой. Яъни бизнеснинг орқага кетиши 9 ойгача давом этишини ҳисобга олиш керак...

Биз ҳам ўйлаб-ўйлаб, сўнг бир қарорга келдик. Ишчилар билан келишиб, уларга нафақат аввалги ойлигини тўлашимизни, балки ундан ҳам кўпроқ ишлаш имкони борлиги, фақат соҳани онлайн тартибга ўтказиб, ҳам дори буюртмаларини қабул қилиш, ҳам етказиб бериш билан шуғулланишимизни айтдик. Барча ҳамкасбларимиз ҳеч иккиланмай рози бўлишди. Буни қарангки, биз нафақат ходимларимизни олиб қолдик, хатто ишчилар сонини кўпайтиришга эришдик, ҳам иш кўламимиз ошди, ҳам савоб ишга қўл урдик.

Масалан, дорихонамизни ўзидан такси буюртма берсангиз Сергели туманига 30 минг сўмга боради. Биз эса 100 минг сўмлик дорини ўша ҳудуддаги хонадонга, у хоҳ 5-қаватдами ёки 8-қават бўлсин, эшиги олдигача 100 минг сўмга олиб бориб берамиз. Агар ўша одам пастга тушиб, уйи ёнидаги дорихонадан шу дорини харид қилса ҳам, биз етказиб берган нархдан ҳам камида 10 минг сўм қимматга олишади.

Ҳаммаси сиз ўйлагандан ҳам осон

Онлайн-дорихонамизнинг махсус сайти, телеграм боти (мундоқ ўйлаб қарасам, аҳолимизнинг аксар қисми сайтни яхши тушунмаса-да, телеграмдан фойдаланади, озми-кўпми енгиллик бўлсин деган мақсадда хизматимизни телеграмга ҳам мослаштирдим), фейсбук ва инстаграмда очилган саҳифалари бор. 24 соат мижозларга хизмат кўрсатадиган call centre ишлаб турибди. Яъни мижоз буюртма қилишда ўзига қулай йўлдан фойдаланиши мумкин. Бунинг учун улардан бирига кириб, керакли дори бор-йўқлигига қараб буюртма берса бўлгани. Мабодо тегишли восита йўқ деган жавоб олса ҳам, буюртма қолдирса, узоғи билан эртаси кунига телефон рақамига маҳсулоти келгани ва буюртма бериши мумкинлиги ҳақидаги хабарнома (СМС) боради. Агар мижозга дори шошилинч керак бўлса, телеграм ботимиздан ўзига яқин қайси дорихонада ўша восита борлиги тўғрисида маълумот олиш имконига эга. Биз бу хизматни ҳам йўлга қўйганмиз. Яна бошида жорий этган текинга етказиб бериш хизматини ҳалигача тўхтатганимиз йўқ.

Хайрия ишлари хақида

Аслида бу хайрия ишига жуда бой соҳа. Чунки бизга муҳтож аҳволдаги беморлар кўп мурожаат этишади. Юртимизга коронавирус балоси кириб келиб, карантин тадбирлари кучайтирилганида, кўпчилик қатори биз ҳам қўлимиздан келганча савоб ишлар қилишга шошилдик. Асли «Чап қўлинг қилган савоб ишни ўнг қўлинг билмай қолсин» деган гап бор халқимизда. Шунинг учун бу ҳақида батафсил гапирмасликка рухсат берсангиз. Бизнинг инстаграм ва фейсбук саҳифамизни кузатиб бораётганлар бу ҳақида хабардор. Шуни айтиб утиш керак, биз ҳамкорлар билан ҳар ой бошида баъзи дориларимизни бепул беришни йўлга қўйганмиз, кимда шу воситага эҳтиёжи бўлса олади, деган мақсадда фейсбук, инстаграм ва телеграм саҳифаларимизда мана шу дорилар рўйхатини эълон қилиб борамиз.

Аслида бундай кунларда қанча ёрдам қилсак оз. Лекин компания шунга яраша фойда ҳам кўраётган бўлиши керак. Айтайлик, чиқим даромаддан кўп бўлса, бизнес касодга учраши тайин. Мисол учун, мен 10 млн. фойда кўрдим, энди 20 млн. хайрия қиламан, десам мантиқсизлик келиб чиқади, тўғрими? Чунки компания узоқ йиллар ҳомийлик қила олиши учун авваламбор ўзи ривожланиши зарур. Яна янги стартаплардан катта ёрдам кўзланишининг ўзи ҳам нотўғри. Сабаби ўзи энди иш бошлаган, оёққа туриши, ривожланиб олиши лозим.

Шунга қарамай бизнинг бутун карантин даврида дориларни шаҳарда арзон, қолаверса, таннархида сотганимизнинг ўзи ҳам хайрия ҳисобланар, балки...

Ҳар куни қўшимча 30 мижоз

Ҳозирда бизга кунига камида 30 нафар янги мижоз келади. Аввалдан ишлаб турган дорихона бўлганимиз ҳамда маҳсулотларимиз арзонлиги учун ҳам мижоз йиғишда қийналмадик. Устига-устак текинга етказиб бериш хизматини йўлга қўйиб, келиб-кетишга ортиқча пул, вақт сарфламаслик қулайлиги ҳам мижозларимиз сафини кенгайтирмоқда. Бу имкониятлардан бир марта фойдаланган одам дарров яқинларига, танишларига, қўни-қўшниларига айтиши аниқ.

Ҳали бу жуда катта рақобат муҳитини яратади

Аслида бу лойиҳа жуда кенг қамровли бўлиши керак. Афсуски, юқорида таъкидлаганимдек, бу борада анча орқада қоляпмиз. Унинг яхши томони, бизнинг инстаграм саҳифамизга кирсангиз, шундай мижозларимиз борки, мундоқ эшигидан мўраласа, уйи атрофида қаторлаб дорихона жойлашган. Аммо улар бизга буюртма беришади. Нимага? Чунки нархларимиз арзон. Кўп гувоҳи бўламиз, айрим шифохоналар ёнидаги дорихоналарда, мисол, биз 1000 сўмга сотадиган дори 1700 сўм турибди. Бу билан нима демоқчиман, сиз шаҳарнинг бир бурчагида туриб ҳам, яна бир бурчидаги дорихонага рақобат қила оласиз. Айнан шу — онлайн савдонинг катта ютуқларидан бири, яъни шаҳарнинг бир бурчагидаги кичик дорихона онлайн тизимни йўлга қўйса, нафақат шаҳарнинг бошқа бурчагидаги дорихоналарга, балки марказда жойлашган дорихоналарга ҳам рақобатчи бўла олади. Демак, бу Ўзбекистонда жуда катта рақобат муҳитини яратадиган соҳа.

Онлайн нима дегани?

Тўғри, бизда онлайн деб айтиладиган дорихоналар аслида кўп бўлиши мумкин. Лекин онлайннинг ҳамма элементлари борлари йўқлиги аниқ. Масалан, онлайн дорихона деб ёзиб қўйилган манзилга кириб, дори буюртма қиламан десангиз, ўз дорихонаси йўқлигига гувоҳ бўласиз. Улар фақат етказиб бериш билан шуғулланади. Бироқ бу онлайн дорихонага кирмайди. Чунки улар онлайн сотмайди, фақат онлайн етказиб беради. Ёки онлайн савдо қиламиз дейдиганларини топсангиз, сайти чиқмайди, фақат телефон номер орқали буюртма олади ва етказади. Аммо бу ҳам онлайнга кирмайди. Аслида онлайн нима дегани? Бу телефондаги бир click билан кириб, маҳсулотнинг уйингизгача етиб келишидир. Яъни унда алоқа имкон қадар кам бўлиши зарур.

10 – 15 млрд. ҳам кам

Аслида дорихона очиш учун каттароқ маблағ керак, айниқса, онлайнга. Ҳозир нима учунлигини тушунтиришга ҳаракат қиламан. Мисол, оддий дорихона бизнесини 300 млн. сўм билан бошласа бўлади, яъни кунлик савдога етади. Лекин онлайнда катта маблағ бўлиши ўринлироқ. Сабаби кимдир фейсбукка кириб, менга Vinifera керак, нархи қанча деса ва дорихонадан 80 000 сўм деган жавоб келса, буни юзлаб-минглаб одам ўқийди. Демак, онлайн дорихонада ўша воситадан камида 10 – 100 та захирада туриши керак. Чунки фейсбукдаги бир кичик шарҳ ҳисобига шу дорини ўнлаб мижозлар олиб кетиб қолиши мумкин. Демак, онлайнда маблағ чегарасиз. Бироқ бу билан онлайн-дорихона бизнесини бошламанг, демоқчи эмасман. Айтганимдек, 300 млн. сўм билан ҳам бошласа бўлади. Аммо мижоз ҳам шунга яраша бўлади, ўз навбатида иш ҳажми ҳам...

Масалан, биз дорихона бизнесини бошлаганимизда тахминан 1 млрд. сўм билан бошлаган эдик, ҳозир қўшимча маблағлар ҳисобига бу суммани анча кўпайтирганмиз, лекин онлайнга ўтгач бу сумма етмаяпти. Ҳаммани қониқтираман десанг, 10 – 15 млрд. ҳам камлик қилади...

Тошкентдан Навоий сари

Айни пайтда фаолиятимиз фақат Тошкент ҳудудида йўлга қўйилган. Яқин муддатларда бу лойиҳани вилоятларга ҳам татбиқ этиш режамиз бор. Биринчи филиалимизни Навоий вилоятида очмоқчимиз. Кейин бошқаларига ҳам ўтамиз.

Онлайн дорихонада кўзга кўринмайдиган, лекин қилиниши шарт бўлган ишлардан бири шуки, албатта Call-марказлар ишлаши шарт. Яна телефонларга жавоб бериб турадиган малакали мутахассислар ҳам бўлиши зарур.

Ходимлар, ҳамкорлар ва...

Айни пайтда 15 нафар ходимимиз, яна етказиб бериш билан шуғулланадиган йигитларимиз бор. Улар буюртма ҳажмига қараб ишга чиқишади. Мисол учун, бугун 100 млн. ҳажмида буюртма бўлса, 10 нафар, 200 млн. бўлса, 12 – 15 нафаргача бола ишлайди...

Ушбу ҳамкорлик лойиҳасини уч киши бошлаганмиз. Яратган менга шундай инсонларни учратганига шукур қиламан, жуда хурсандман. Кўрамиз, эшитамиз, кўп бизнеслар ўзаро келишмовчиликлар туфайли энди гуркираган паллада йўқ бўлиб кетади. Биз бундай вазиятлардан тўғри хулоса чиқариб, қўлимиздан келишига қараб, аниқ чегарамизни белгилаб олганмиз, назаримда. Ҳар биримизнинг зиммамизга юкланган масъулият бор. Бир-биримизнинг ишимизга аралашмаймиз. Биттамиз иқтисодга, биттамиз кадрларга, бошқамиз маркетингга жавоб берамиз...

Лойиҳа ўзини оқлармикан?..

Бизда бошиданоқ лойиҳа ўзини оқлармикин ёки йўқми, деган хавотир умуман бўлмаган. Ва стартапимиз ҳозирданоқ 100 фоизли кўрсаткич бериб турибди. Ҳали кейинги лойиҳаларимизга ўтиб, вилоятларда филиалларимизни очсак ва фаолиятимизни янада кенгайтирсак, насиб этса, бренд сифатида танилишимиз аниқ.

Шоҳида Исроилова суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг