Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

“Кучлар мувозанати кескин ўзгармаслиги муҳим” – профессор Акио Такаҳара билан суҳбат

“Кучлар мувозанати кескин ўзгармаслиги муҳим” – профессор Акио Такаҳара билан суҳбат

Фото: Xabar.uz

Акио Такаҳара – Токио аёллар христиан университетининг (Tokyo Woman’s Christian University) таклиф этилган профессори, Япония халқаро муносабатлар институтининг етакчи илмий ходими. Олим докторлик диссертациясини Буюк Британиянинг Сассекс университетида ёқлаб, бир қатор нуфузли илмий даргоҳларда фаолият юритган.

Xabar.uz мухбири Хитой ва Шарқий Осиё масалалари бўйича етакчи эксперт деб тан олинган Акио Такаҳара билан Токио шаҳрида суҳбатлашди.

– Ҳурматли профессор Такаҳара, Япониянинг бугунги хавфсизлик муҳитини қандай баҳолайсиз? Мамлакат қандай жиддий таҳдидларга рўбарў келмоқда?

– Япония хавфсизлиги билан боғлиқ ҳолат ўзгармоқда. Тўғри, ўзгариш аввал ҳам кузатилган, аммо айни вақтда ўзгаришлар суръати анча тезлашганини сезмоқдамиз. Япония учун икки асосий таҳдидни алоҳида таъкидлаган бўлардим. Биринчиси – Хитой армиясининг денгиздаги қудрати ошиб бораётгани, иккинчиси – Шимолий Кореянинг ракета ва ядро дастурларини кучайтираётгани. Назаримда, булар Япония хавфсизлиги йўлидаги икки асосий хатардир.

– Япония мудофаа бюджетини сезиларли даражада оширмоқда. Аввалроқ миллий хавфсизлик стратегияси ҳам янгиланган эди. Бу қадамлар мамлакатда барқарорликни кучайтириш ва минтақада зиддиятларнинг олдини олишда қанчалик самара беради?

– Албатта, мудофаа бюджетининг оширилиши минтақада барқарорликни мустаҳкамлаш, тинчликни дастаклашга хизмат қилади деган умиддамиз. Айни чоқда, бу борада комил ишонч билан гапириш душвор. Аммо биз қўлимиздан келганча ҳаракат қилишимиз, кучлар мувозанатини кескин ўзгартирмасликка ва нариги томондаги авантюристларни рағбатлантирмасликка интилишимиз жоиз. Демак, биз қайта ва қайта ҳаракат қилишимиз керак. Бунинг ўзи кифоями – аниқ айта олмайман. Балки кифоя эмасдир, аммо биз иттифоқчимиз ҳамда бошқа ҳамфикр дўстларимиз билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш орқали мавжуд бўшлиқни тўлдиришимиз мумкин. Сираси, биз ўз хавфсизлик тармоғимизни кучайтирмоғимиз лозим.

– Сиз ўз тадқиқотларингизда Хитой билан мулоқот қилиш ва хавфларни мувозанатлаш (hedging) муҳимлиги ҳақида ёзгансиз. Шарқий Хитой денгизидаги низоларга қарамай, Токио ва Пекин ўртасида ҳамон конструктив мулоқот учун имконият бор деб ўйлайсизми?

– Ҳа, бунинг учун катта имконият борлигига ишончим комил. Биласизми, ҳатто Хитой учун ҳам келишмовчиликлар ёки ихтилофларни куч ишлатиш ёки шунга ўхшаш ҳаракатлар орқали эмас, балки мулоқот йўли билан ҳал қилиш афзалроқ. Иккала томон ҳам бу масалада ҳамфикр.

– Пекин ҳам мулоқотга тайёр деб ҳисоблайсизми?

– Албатта. Бир мисол келтирсам. Кўп вақт ўтгани йўқ, 2025 йил октябрь ойи охирида Кореяда ўтган Осиё–Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (APEC) саммити доирасида Япония бош вазири Санаэ Такаичи ва Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин учрашган эди. Ўшанда томонлар кўп босқичли мулоқотни йўлга қўйиш кераклигига келишиб олишди. Хусусан, икки давлат мудофаа вазирликлари ўртасида алоқа механизмини яратиш муҳим деган тўхтамга келинди. Шундай қилиб, биз тўғри йўлда эдик. Кейин эса хитойликлар муносабатларимизни издан чиқариб юборишди, лекин октябрь ойи охирида эришилган келишувларга қайтишимиз мумкинлигига ишонаман.

Сўнгги вақтларда Хитой томонидан Японияга ўтказилаётган иқтисодий босимларни қандай изоҳлайсиз?

– Хитойнинг Японияга нисбатан сўнгги иқтисодий босимлари, албатта, ҳафсалани пир қилади. Биз бундан жуда афсусдамиз. Хитойликлар ҳозирда Японияга ўтказаётган иқтисодий босим, табиийки, ҳеч кимга ёқмайди. Бироқ уларнинг ҳозирда қилаётган ишлари аввалгиларига, масалан, 2010 йилдаги воқеаларга қараганда у қадар ёмон эмас. Ўшанда улар Японияга нодир металлар экспортини тўхтатиб қўйишган эди.

Бу гал, аниқроғи, 2026 йил 6 январь куни Хитой “икки мақсадли маҳсулотлар” экспортини чеклаш тўғрисидаги сиёсатни эълон қилди. “Икки мақсадли маҳсулотлар” деганда нима назарда тутилаётгани аниқ эмас. Бунга нодир металлар ҳам кирадими? Афтидан, улар “Ҳа, агар бу металлар ҳарбий технологиялар учун ишлатилса” деб жавоб беришади. Аммо биласизми, бу жуда ҳассос масала. Табиий савол туғилади: нима ҳарбий технология-ю, нима ҳарбий бўлмаган технология? Гарчи Япония газеталари процедуралар анча мураккаблашгани ҳақида ёзаётган бўлса-да, биз ҳамон Хитойдан нодир металларни импорт қиляпмиз. Аммо эндиликда бирор корхона нодир маъдан импорт қилмоқчи бўлса, кўпроқ ҳужжат тайёрлаши керак. Яъни қоғозбозлик кўпайган. Лекин шунга қарамай, уларнинг нуқтаи назаридан импорт ёки экспорт тўлиқ тўхтаб қолгани йўқ.

Хўш, нега улар бундай қилишмаяпти? Менимча, улар аввалги қаттиқ экспорт чекловлари ёки иқтисодий мажбурлаш чоралари нафақат Япония бизнесига, балки Хитой бизнесига ҳам зарар етказганидан сабоқ чиқаришган. Шунинг учун улар буни такрорлашни исташмайди. Биламизки, ҳозир Хитой иқтисодиёти инқироз ҳолатида. Шундай экан, улар мавжуд иқтисодий муаммоларини янада оғирлаштиришни хоҳламайдилар.

Хитой жамоатчилигининг Япония ташқи сиёсати ҳақидаги фикри борасида нима дея оласиз?

– Менимча, муносабатлар турлича. Коммунистик партия пропагандасига ишонадиганлар, албатта, жуда хафа ва дарғазаб. Лекин пропаганда ҳақиқатни айтмаётган бўлиши мумкинлигини яхши англайдиган одамлар ҳам бор. Шундай экан, менимча, жамоатчилик фикри бўлинган. Ҳатто бир кишининг ўзида ҳам зиддиятли ҳис-туйғулар бўлиши мумкин: дейлик, унга Санаэ Такаичининг Тайвань ҳақидаги фикри ёқмаслиги мумкин, лекин шу билан бирга, у Японияни бағоят яхши кўради. Демак, Хитой халқи орасида Японияга нисбатан туйғулар қоришиқ.

Танганинг иккинчи томонига ҳам боқсак: япон жамоатчилигининг Хитойга бўлган муносабати қандай?

– Хитойнинг ҳарбий ҳаракатлари бизга мутлақо ёқмайди. Шу боис Хитойнинг имижи анча ёмон. Ижтимоий сўровномаларга қарайдиган бўлсангиз, одатда улар японияликларнинг тахминан 90 фоизи Хитой ҳақида яхши фикрда эмаслигини кўрсатади. Аммо шу билан бирга, японияликларнинг 60 фоиздан ортиғи, тахминан 60-70 фоизи Япония–Хитой муносабатларини муҳим деб ҳисоблайди. Демак, бу ерда мантиқ устун. Ҳиссиётларга таянсак, хитойликлар қилаётган ишлар бизга хуш келмайди. Лекин ақл ила тафаккур юритганда, биз оддий бир ҳақиқатни тушунамиз: Хитой – ёнимиздаги улкан давлат. Хавфсизлик ва иқтисодиёт нуқтаи назаридан биз Хитой билан барқарор ва яхши муносабатларга эга бўлишимиз керак.

Мафкура нуқтаи назаридан-чи?..

– Мафкуравий жиҳатдан биз мутлақо келишмаймиз. Инсон ҳуқуқлари, демократия ва шу каби қадриятлар учун курашаётган хитойликларга жуда ҳам хайрихоҳмиз. Маданият каби соҳаларда ҳам вазият бошқача: япон халқи Хитойнинг анъанавий маданиятини, тамаддунини яхши кўради. Биз улардан кўп нарса ўрганганмиз. Шу билан бирга, ҳозирги кунда япон ёшлари ўртасида Хитой компьютер ўйинлари, поп-мусиқаси ва шу каби оммавий маданият турлари оммалашиб бормоқда. Хитойда эса ёшлар япон анимелари каби ўзига хосликларни жуда яхши кўришади.

Хитойнинг Японияга нисбатан салбий мафкуравий таъсири бор деб ўйлайсизми?

– Менимча, Хитойнинг авторитар тафаккури ёки марксистик ғоялари бизга заррача таъсир қилмайди. Ҳатто бу ғоялар Хитой халқига ҳам тўлақонли таъсир ўтказяпти деб ўйламайман, чунки улар пропаганда моҳиятини теран тушунишади.

Коммунистик мафкура икки томонлама муносабатларни ривожлантиришда тўсиқ бўлиши мумкинми?

– Маълум маънода, ҳа. Нима учун бундай деяпман? Чунки Хитой одатда жуда чиройли гапларни гапиради. Гап-сўзлари гўзал, лекин амаллари... “Биз халқаро ҳуқуққа риоя қиламиз, кўп қутбли дунёни қўллаб-қувватлаймиз, инсон ҳуқуқлари устуворлигини таъминлаймиз, биз мукаммалмиз”, дейишади. Лекин амаллари бутунлай ўзгача.

Демократик жамиятда бундай ҳолатлар мухолиф партия, ОАВ ва халқ томонидан қаттиқ танқид қилинади. Аммо Хитойда бундай бўлмайди. “Ёлғон гапиряпсизлар” деган заҳотингиз сизни маҳв этишади.

Профессор Такаҳара, Украинадаги уруш ҳамда Россия ва Шимолий Корея ўртасидаги ҳарбий алоқалар Япониянинг стратегик тафаккурини қай даражада ўзгартирди? Европа хавфсизлиги ва Шарқий Осиё хавфсизлиги ўртасида тўғридан-тўғри боғлиқлик бор деб ҳисоблайсизми?

– Ҳатто Шимолий Корея жангларга қўшилмасдан олдин ҳам, Россиянинг Украинага бостириб киргани бизни қаттиқ шокка туширди. XXI асрда шундай воқеа содир бўлиши мумкин экан-а?! Менимча, бу ҳол кўплаб японияликларнинг дунёқарашини ўзгартириб юборди. Биз эҳтиёт бўлишимиз, илгари ҳеч қачон тасаввур қилмаган вазиятларга тайёр туришимиз лозимлигини тушундик. Кейин эса шимолий кореяликларнинг Украинада жанг қилаётгани ҳақида хабарлар келди. Бу Европа хавфсизлиги масалалари ва Осиё хавфсизлиги масалаларининг тўғридан-тўғри боғланишидир. Мазкур ҳолат япон халқининг сергаклик даражасини янада оширди.

Кўп йиллардан буён Пекин сиёсатини ўрганиб келаётган эксперт сифатида айтинг-чи, Хитой Тайвань масаласида янада агрессив қадамлар ташлашга тайёрми?

– Хитой бунга тайёргарлик кўрмоқда. Бизнинг ишонишимизча, Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин ўз қўл остидагиларга агар 2027 йилда уруш келиб чиқса, ғалаба қозонишга тайёр туриш ҳақида буйруқ берган. Бу муддатга атиги бир йил қолди. Аммо у ҳарбийларни ушбу буйруқни бажаришга мажбур қила оладими ёки йўқми – номаълум. Катта эҳтимол билан улар 2027 йилгача тайёр бўлишмайди. Бироқ, менимча, аввалги раҳбарларга қараганда, Си Цзиньпин Тайванни Хитойга бирлаштириш масаласига анча жиддий ёндашмоқда. Албатта, агар у ҳарбий куч ишлатишдан қоча олса, бу у учун ва биз учун ҳам яхшироқ. Биз бугун Тайвань атрофида нима содир бўлишини аниқ билмаймиз. Масалан, агар бирор тасодифий ҳодиса юз берса ва шу сабабли у ер-бу ерда кичик тўқнашувлар келиб чиқса, бу вазият қандай авж олади ва икки ҳукуматнинг муносабати қандай бўлади? Бу ерда мавҳумотлар кўп. Шу боис Тайвань атрофида ҳарбий ҳаракатлар бошланганда “биз ундай қиламиз, биз бундай қиламиз” деб узил-кесил айтиш амримаҳол.

Жорий йил январь ойида Хитой олий мудофаа раҳбарияти тизимида амалга оширилган “тозалаш”ни қандай баҳолайсиз?

– Албатта, Си Цзиньпин нима учун бундай қилаётганини ҳеч ким аниқ билмайди. Лекин бунинг оқибати, менимча, иккита асосий нуқтага бориб тақалади. Биринчидан, бу уларнинг жанговар қобилиятини ҳеч бўлмаганда қисқа муддатга пасайтиради. Янги генералларни тайёрлаб, уларни муҳим лавозимларга тайинлаш ва вазиятни тўлиқ назоратга олишлари учун вақт керак бўлади. Демак, ҳозирча жанговар қобилият сустроқ. Иккинчи томондан, бу сафар Си Цзиньпин жуда муҳим генерал – Марказий ҳарбий кенгаш раиси ўринбосари бўлган юқори мартабали ҳарбий Чжан Юсяни лавозимидан четлатди. У Си Цзиньпиндан уч ёш катта ва бир вақтлар Си унга эътимод қўйган. Афтидан, бу генерал ҳарбий куч ишлатиш масаласида анча эҳтиёткор бўлган. Энди эса у йўқ. Бу ҳолат Си Цзиньпин учун ҳарбий жабҳада олға юриш ҳақида амру фармон беришни осонлаштириши мумкин.

Суҳбатимиз аввалида Япония хавфсизлигига таҳдидлар ҳақида гапирдингиз. Хўш, Япония мавжуд таҳдидларга жавобан қандай йўл тутиши керак?

– Биз бир вақтнинг ўзида кўплаб йўналишларда ишлашимиз керак. Хавфсизлик муҳити ўзгариб бораётгани, Хитой эса фақат кучга ишонаётгани ҳақида гапирдик. Бундай вазиятда биз ҳам ўз кучимизни оширишга ҳаракат қилишимиз керак – бу бизнинг мувозанатлаш стратегиямизнинг бир қисмидир. Буни қандай амалга оширамиз? Биринчидан, мудофаа бюджетини ошириш орқали. Айни чоқда, иқтисодиётимизни янада ривожлантиришимиз керак деб ўйлайман. Бунга қандай эришамиз? Таълим тизимимизни янада такомиллаштириш орқали. Япониянинг ичида қилиниши керак бўлган ишлар кўп. XIX асрда, Мэйдзи реставрацияси бошланган кезлардаги анча заиф бўлган вақтларимизни эсласак, ўшанда одамлар жамиятни ислоҳ қилиш, мамлакат ва жамият иқтисодиёти ҳамда қудратини юксалтириш зарурлигини, бу кечиктириб бўлмас эҳтиёж эканини тушуниб етганлар. Биз қилишимиз керак бўлган биринчи вазифа бу!

Иккинчидан, юқорида таъкидлаганимдек, иттифоқчимиз бўлган АҚШ, шунингдек, Американинг бошқа иттифоқчилари – Корея, Австралия, Филиппин билан алоқаларни янада мустаҳкамлашимиз лозим. Бу – яна бир йўналиш.

Учинчидан, биз Хитой, ҳатто Шимолий Корея билан ҳам кўпроқ мулоқот қилишга интилишимиз керак.

Дипломатик жиҳатдан эса, нафақат Хитой ва Шимолий Корея билан алоқа ўрнатиш, балки биз каби хавотирда бўлган бошқа давлатлар билан ҳам яқинлашишимиз зарур.

– Япония ташқи сиёсатида Ўзбекистоннинг ўрни қандай деб ўйлайсиз?

– Ўзбекистон – Марказий Осиёдаги энг муҳим давлат. Мамлакатингиз айнан минтақа марказида жойлашган. Биз буни жуда яхши англаймиз. Менимча, буюк давлатлар ўртасидаги рақобатда, стратегик курашда бутун Марказий Осиёнинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Бу нафақат табиий ресурслар, балки минтақадан ишончли дўст қидириш нуқтаи назаридан ҳам муҳимдир. Шу боис Ўзбекистоннинг Япония учун аҳамияти келажакда фақат ошиб боради, асло камаймайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг