«Ўзбекистон почтаси» ва солиқчилар можароси: суд қанча давом эт(а)ди?

Жорий йилнинг 26 сентябрида Тошкент шаҳар маъмурий судининг тафтиш инстанцияси «Ўзбекистон почтаси» АЖ ва Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро солиқ инспекциясининг ўтган йилнинг декабридан буён давом этиб келаётган маҳкама ишига навбатдаги нуқтани қўйди. Нега «навбатдаги» экани ҳақида эса қуйида сўз юритамиз.
Воқеа аслида мана бундай бошланган эди...
Гап шундаки, Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро солиқ инспекцияси «Ўзбекистон почтаси» АЖ (UzPost)да 2021-2023 йиллар даврларида солиқ қонунчилигига риоя этилиши юзасидан солиқ аудити ўтказган.
Текширувларда корхонада ўтказилган солиқ аудити натижасида корхонанинг шахсий ҳисоб варақаларига асосан солиқлар бўйича ортиқча тўловларини инобатга олган ҳолда корхона томонидан солиқларни нотўғри ҳисоблангани ва натижада 26,3 млрд сўм бюджетга тўлиқ тўланмагани аниқланган. Ўз навбатида, корхонанинг чет эллик компаниялар билан ўзаро шартномалар (гап – Daily Mail Zenith FZE (БАА), Post+ B.V. (Нидерландия), Tayger Layn Post ва UAB Clevtrans (Литва) компаниялари ҳақида кетяпти. – таҳр.) асосида амалга оширган халқаро почта жўнатмалари хизмат кўрсатиш жойи Ўзбекистон эканлиги қайд этилган ва солиққа тортилган. Юқоридагиларни инобатга олиб ҳамда Солиқ кодексининг 224-моддасига асосан инспекция корхонага нисбатан тўланмаган солиқ суммасининг 20 фоизи миқдорида, яъни 5,3 млрд сўм миқдорида молиявий жарима қўллаган.
Жамият эса айнан инспекциянинг ушбу қароридан норози бўлиб, дастлаб Тошкент туманлараро маъмурий судига шикоят йўллайди. Унда, жумладан, солиқ аудити текширувида жамият билан чет эллик компаниялар ўртасида тузилган шартномаларга асосан амалга оширилган халқаро почта жўнатмаларини етказиб бериш хизмати текшириш далолатномасида хизмат кўрсатиш жойи Ўзбекистон эканлиги қайд этилиб, солиққа тортилганлиги, лекин бунинг асос ёки исботлари келтирилмаганлиги таъкидланади. Шу билан бирга, шартномаларга асосан кўрсатилган хизматлар почта хизмати ҳисобланиши, ташиш билан боғлиқ хизмат ҳисобланмаслиги, почта жўнатмалари харидорлари Ўзбекистонда жойлашмаганлиги, реализация қилиш жойи ҳам Ўзбекистон ҳудуди ҳисобланмаслиги, шу сабаб ҳам айланмани ҚҚС объекти сифатида баҳоламаслик ва текширув натижасида 26,3 млрд сўм асоссиз ҳисобланганлиги айтилади.
Мазкур суднинг 2024 йил 17 декабридаги 5-1001-2411/2601-сонли ҳал қилув қарорида қайд этилишича, UzPost халқаро почта хизматини кўрсатиш бўйича чет эллик компаниялар билан шартномалар тузган ва уларга асосан бошқа чет элдан чиққан почта жўнатмаси тўғридан-тўғри бошқа чет эл давлатига «Ўзбекистон почтаси» номи билан жўнатиб келинган. Хусусан, суд терговида Ўрта Осиё мамлакатларига йўналтирилган почталар Ўзбекистонга келиши, бу ерда почталар тегишлилигига (Қозоғистон, Қирғизистон ва бошқалар) кўра, тақсимланиши, бунда ҳам бирор хизмат кўрсатилмаслиги, кейин тегишли қўшни давлатга юборилиши, почта хизмати учун ҳақ чет эллик корхоналардан «Ўзбекистон почтаси» номи учун олиниши аниқланган.
Шу тариқа мазкур суднинг ҳал қилув қарорига кўра аризачи – UzPost’нинг қонуний важлари ўз тасдиғини топиб ариза талаблари қаноатлантирилган. Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро солиқ инспекциясининг зиммасига эса корхонада ўтказилган текшириш материалларидаги 26,3 млрд сўм қўшимча ҳисоблашга оид қисмини қайта кўриб чиқиш мажбурияти юклатилган.
Навбатдаги инстанция ва ҳавога учган суд қарори
Аммо иш жараён шу билан якунланмади: инспекция «иш» бўйича апелляция шикояти билан Тошкент шаҳар маъмурий судига мурожаат қилган. Ушбу суднинг апелляция инстанцияси ҳам биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирганлиги сабабли 2024 йил 17 декабрдаги ҳал қилув қарори 2025 йил 17 февралдан қонуний кучга кирган.
Бироқ, Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро солиқ инспекцияси томонидан юқоридаги қонуний кучга кирган суд ҳал қилув қарори билан исботланган қонуний ҳолатлар инобатга олинмай, 2025 йил 17 март куни такроран тегишли қарорини қабул қилинади: «Ўзбекистон почтаси» АЖга нисбатан 26,2 млрд сўм қўшимча ҳисобланган, 2,1 млрд сўм камайтиришга ҳисобланган ва 5,2 млрд сўм миқдорида молиявий жарима қўлланади. Бошқача қилиб айтганда, солиқ инспекцияси Ўзбекистон Республикаси номидан қабул қилинган, қонуний кучга кирган суднинг ҳал қилув қарори билан исботланган ҳолатларни инобатга олмасдан суднинг ҳал қилув қарорига қарши ноқонуний равишда қарор қабул қилади.
Шундан сўнг, аризачи «Ўзбекистон почтаси» АЖ яна бир Тошкент туманлараро маъмурий судига ариза билан мурожаат қилиб, инспекция томонидан қабул қилинган юқоридаги қарорни ҳақиқий эмас деб топишни сўраган ва Тошкент туманлараро маъмурий судининг 2025 йил 1 июлдаги ҳал қилув қарори билан жавобгар Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро инспекцияси томонидан жорий йил 17 март куни қабул қилинган қарор бекор қилинган.
Инспекция яна апелляция шикояти тақдим этади, Тошкент шаҳар Маъмурий суди апелляция инстанцияси эса 2025 йил 6 августдаги қарори билан яна апелляция шикоятини рад этади.
Ҳақиқат қарор топдими?..
Шундан сўнггина «ҳикоя» аввалида таъкидланганидек, «навбатдаги» жараёнга етиб келинади: инспекция тафтиш тартибидаги шикоят тақдим этади.
Тошкент шаҳар маъмурий судининг тафтиш инстанцияси «ваниҳоят», инспекция фойдасига қарор қабул қилади.
Айни пайтда қонуний кучда бўлиб турган Тошкент шаҳар маъмурий судининг тафтиш инстанцияси қарорига нисбатан эса, айрим саволлар туғилмоқда.
Жумладан, «Ўзбекистон почтаси» АЖ томонидан судларга тақдим этиб келинган қонуний асословчи иш ҳужжатлари экспертиза хулосаси бўлса-да, тафтиш инстанцияси томонидан ушбу ҳолатларга ҳуқуқий баҳо берилмаган ва аксинча корхона томонидан судга тегишли ҳужжатлар тақдим қилинмагани айтилади.
Ваҳоланки, барча ҳужжатлар биринчи инстанция судига тақдим қилинган, аппелияцион судларга қайта киритилган. Яъни, иш ҳужжатларига тикилган ҳужжатлар нега «тақдим қилинмаган» деб топилгани қизиқ.
Қолаверса, иш ҳужжатлар тўпламида суд-солиқ далат экспертизаси хулосаси мавжуд. Мазкур хулосада юқорида кўрсатилган ҳолатлар аниқ ва равшан кўрсатиб берилган ҳамда мустақил давлат экперти томонидан тегишли баҳо берилган.
Бундай ҳолларда эса тафтиш инстанциясининг юқоридаги «даъвоси» саволларни келтириб чиқаради ва суд ҳокимиятининг ишончлилигини шубҳа остида қолдиради.
«Ўзбекистон почтаси» АЖ маълумотларига кўра, солиқ хизматининг хатти-ҳаракатлари туфайли корхонанинг қонуний манфаатлари қўпол равишда бузилиб, жамиятга нисбатан 25 миллиарддан ортиқ зарар етади. Шу билан бирга, компания бюджет тақчиллигига дуч келиши ва фаолиятини давом эттиролмаслиги мумкин. Корхона йиллик тахминан 11 млрд сўм солиқ тўлайди ҳамда тизимдаги 7,6 минг ходимига 22 миллиард сўмлик ойлик маош тўлаб беради.
Мамлакатнинг энг йирик почта операторининг мавжудлиги эса солиқ органининг юқоридаги қарори сабаб хавф остида қолиши мумкин.
Хулоса қилиб айтганда эса «ҳикоя»нинг муҳим қисми ҳақ ким томонида бўлиши ёки томонларнинг судлашишда яна давом этишида эмас, балки муҳими – судларнинг адолатни қарор топтиришида. Суд ҳокимияти ўзининг мустақил орган экани сабабидан ҳам ҳужжатларни синчиклаб ўрганиши, ишларга холис баҳо бериши зарур.
Зеро, Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, «судларнинг асосий вазифаси адолатни қарор топтиришдан иборат. Бунинг учун суд ҳар бир иш юзасидан қонуний, асосли ва адолатли қарор чиқариши лозим».
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter