Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Семизлик томон йўл – чипси, шахсий машина, «онлайн» овқат

Семизлик томон йўл – чипси, шахсий машина, «онлайн» овқат

фото: Xabar. uz

«Ўзбекистонга қашшоқлик эмас, семизлик хавф солади»

Бундан топпа роса 12 йил олдин ВВС нашри «Ўзбекистонга қашшоқлик эмас, семизлик хавф солади» номли мақоласида 2030 йилга бориб, Марказий Осиёда қашшоқлик эмас, семизлик ва юрак-қон томир хасталиклари каби аҳолининг турмуш тарзи билан боғлиқ касалликлар асосий муаммога айланади, деб башорат қилган экан. Шу башорат тўғри чиқди. Кейинги пайтда кузатсангиз кўпчиликни озиш ва диета қилиш, ҳатто ошқозонни қисқартириш операциялари қизиқтириб қолган. Ижтимоий тармоқларда тез-тез одамлар тўғри овқатланиш ва семизлик ҳақида ёза бошлади. Бу мақоланинг ёзилишига ҳам шундай постларнинг бири сабаб бўлди.

Хуршид Усмон шундай ёзади: «Бизда сурункали касаллар кўплиги, шифохоналар ва дорихоналар болалаб кетгани сабабларидан бири  – одамларимизнинг аксарида бирламчи тиббий билим йўқлигида деб биламан.

Оддий ўзимизнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлардан иборат рацион асосида бўлса-да, тўғри овқатланишни, мижоз балансини ушлашни билмайди. Нафси нимани тусаса шуни истеъмол қилаверади. Нафсига ёқмаса-да, организм учун кони фойдали маҳсулотларга қиё боқмайди.

Тушликда ош еган одам шунга яраша калория сарфламасдан, кечки овқатга яна ёғли ёки хамирли овқатларни пальма мойи қўшилган нон билан паққос тушираверади. Ошқозон, юрак, буйрак, жигар, ўт каби органлар нима вазифа бажарадию, бу органлар эртага панд бермаслиги учун нималарга эътибор бериш кераклигини хаёлига ҳам келтирмайди. Ўттизга кирмай тарвақайлаган қорин қўйиб юраверади. На кийим ярашади, на юриш-туриш.

Вақти келиб бирор жойи оғриса, иссиғида уй шароитида табиий ва безарар воситалар билан олдини олишни билмайди. Аввалига эътибор бермай юраверади, безовталик сурункали тус ола бошласа ниҳоят докторга боришга мажбур бўлади. Докторларнинг аксари эса фарм компаниялар билан ҳамкорликда ишлаши ҳеч кимга сир эмас. Қарабсизки, мутлақо тиббий билими бўлмаган Холмирзага узундан-узун рўйхатда дори-уколлар ёзиб беради. Шу билан дори-уколга мубтало бўлган ва бунинг сабабидан иммунитети заифлашган Холмирза, кейинги сафар касал бўлса бундан-да кучли дозали дори-укол, осма уколлар олмаса тузалмайдиган бўлиб қолади.

Одамларимизнинг аксари айнан шундай умр сценарийси асосида фарм маркетингнинг бир умрлик потециал мижозига айланади. Холмирзадек кишилар жамиятда кўп экан, фарм маркетинг йилдан-йилга ривожланиб, гуллаб-яшнайверади...».

Семизлик фармация саноатини ҳам «семиртиради»

Ўтган йили октябрь ойи бошида Америкадаги бизнес каналлари медиарадар таҳлилчиларининг ҳисоб-китобларига таяниб, АҚШда семизлик ва диабетни даволаш учун дори ишлаб чиқарувчиларнинг реклама харажатлари йилига 20 фоизга ошганини хабар қилгани ажабланарли эмас. Уларнинг ҳисоб-китобларига кўра, фармацевтика компанияларининг январ ва июл ойлари орасида бундай дори-дармонларни реклама қилиш учун умумий харажатлари тахминан 500 миллион долларни ташкил этди. Ушбу сумманинг қарийб тўртдан уч қисми, 358 миллион, иккита йирик фармацевтика компанияси томонидан ишлаб чиқарилган тўртта дори-дармонга тўғри келди. Талаб таклифни келтириб чиқаради. 2022 йилнинг сўнгги уч ойида Америка тиббиёт муассасалари ушбу дорилар учун 9 миллиондан ортиқ рецептлар ёздилар. Ва бу 2020 йил бошидан тўрт баравар кўп. Тасаввур қилинг 2023 йил январ ва июл ойлари орасида вазн йўқотадиган дори-дармонларни реклама қилиш учун умумий харажатлари тахминан 500 миллион долларни ташкил этди.

 ВВС нашри ўша мақоласида шундай таъкидлайди:

«Халқаро ташкилотнинг огоҳлантиришича, аҳолининг нон ўрнига кўпроқ гўшт ва сут маҳсулотлари истеъмол этишга ўтиши минтақада сурункали ва юқумли бўлмаган хасталикларнинг ортишига олиб келади».

Ўзбекистонлик шифокор Дилмурод Иргашев ҳам халқаро ташкилотнинг башоратларига қўшилишини айтади:

«Олиб бораётган изланиш ва кузатувларимиз сўнгги йилларда аҳоли орасида метаболик синдром жуда кучайиб бораётганини кўрсатмоқда. Шу метаболик синдромнинг орқасидан семизлик, қандли диабет, қон-томир хасталиклари келиб чиқади».

Ортиқча вазн ҳақида «семираётган» статистик маълумотлар

Ўзбекистонлик шифокор ҳам бунга энг аввало кун сайин ҳаёт тарзининг ўзгариб бораётгани, жисмоний ишларнинг камайиб, одамларнинг асосан ўтириб ишлашлари, овқатланиш тартибининг бузилганлиги, кўпроқ тез тайёрланган (fast food) таомларнинг истеъмол этишга ўтилиши, ёғлиқ овқатлар ва ширинликларнинг кўп ейилиши сабаб бўлаётганини айтади.

Ҳисоб-китобларга кўра, 2035 йилга келиб семириб кетган болалар сони 2020 йилга нисбатан икки баравар кўпайиши мумкин.

Австралиялик профессор Дебора Лаптоннинг фикрича: «аёллар куни билан ишлагани боис уйда камроқ соғлом овқат пиширишни бошладилар, болалар ва ўсмирлар эса тобора кўпроқ ҳаракатсиз бўлишга одатланиб қолишди...».

Дарвоқе, 2030 йилни кутишга ҳам ҳожат қолмади, бу борада статистика кундан-кунга «семириб» бормоқда. Авваллари одамлар ошхоналарга бориб овқатланган бўлсалар, энди йўл юриб ошхонага боришга ҳам ҳожат йўқ, овқатнинг ўзи уйингизга излаб боради. Худди шундай, онлайн озиқ-овқат буюртмалари семиришнинг асосий сабаби!

Яъни пандемиядан бери озиқ-овқат етказиб бериш иловаларидан фойдаланиш экспонент равишда ошди ва давом этмоқда, ачинарлиси фойдаланувчилар сони 2027 йилга келиб фақат Американинг ўзида 55 миллионга етиши тахмин қилинмоқда.

Мутахссислар фикрига кўра, кўча овқатининг калорияси уйда пиширилган таомларга қараганда тахминан 21 фоиз кўпроқ экан.

15 йил давомида АҚШдан олинган маълумотлар шуни кўрсатдики, етказиб бериш иловаларидан тез-тез фойдаланадиган одамларда умумий овқатланиш ёмонроқ ва тана массаси индекси юқори бўлади.

«Онлайн» овқатлар... ва иссиқ хоналар

Яъни биз озиқ-овқатга онлайн буюртма берганимизда, таклифлар, чегирмалар, комбинацияланган пакетлар ва ҳоказолар каби сабабларга кўра кўпроқ буюртма берамиз. Бу кундан-кунга одат бўлиб қолади ва одам онлайн озиқ-овқат етказиб беришга, кейинчалик ортиқча овқатланишга одатланиб қолиши мумкин. Ҳатто ота-оналар ҳам буюртма беришда болаларига халақит бермайдилар ва баъзида ҳатто фарзандлари ҳам онлайн режимда овқат буюртма қилишлари мумкинлигидан фахрланишади. Ота-оналар кўплаб кўча овқатларига ишлатиладиган ёғнинг сохта таркибий қисмларига эътибор бермайдилар ёки билишмайди. Ушбу ёғлар консервантлар, сунъий рангларга бой бўлади. Бундай фаст-фудларнинг кўпчилиги кўп миқдорда шакар, ёғлар ва камроқ минераллар, витаминлар ёки озуқавий моддаларга эга углеводлардан иборат. Бу шуни англатадики, одам тез овқат кўринишида кўп миқдорда носоғлом калорияларни истеъмол қилади ва аксинча, семиришни бошлайди.

Ишлаётган ота-оналар овқат пиширишга вақт топа олмаслиги мумкин, лекин улар ўз фарзандларининг соғлом ўсиши учун зарур бўлган озуқа моддаларини олишларига эътибор беришлари керак. Улар ўз фарзандларининг вазнини диққат билан кузатиб боришлари ва ўз вақтида бунга барҳам бериш ҳақида ўйлаши муҳим. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа ўз ҳисоботида овқат етказиб бериш иловаларини семизлик муаммосига ҳисса қўшиши мумкин, деб белгилаб, улар ҳаракатсиз ҳаракатни рағбатлантириши мумкинлигини айтди.

Ҳисоботга кўра, семизлик ва ортиқча вазн ҳар йили минтақада 1,2 миллиондан ортиқ ўлимга сабаб бўлади. 

Нима учун бобо ва бувиларимиз орасида у қадар семириб кетаётганлари кам, ваҳоланки улар, яхши еб ичишади, лекин тетик ва соғлом. Бунинг сири соғлом турмуш тарзи, қатъий иш ва овқатланиш тартиби, мувозанатли овқатланиш ва уйда пиширилган овқатдир. Илғор технология биздан овқат тайёрлашдек машаққатли меҳнатни тортиб олди.

Семириб кетиш камида 13 хил саратон туридан орқада туради ва минтақада ҳар йили камида 200 000 янги саратон касаллигини келтириб чиқариши мумкин. ЖССТ ҳисоботига кўра, баъзи мамлакатларда семириш келгуси ўн йилликларда олдини олиш мумкин бўлган саратон касаллигининг асосий хавф омили сифатида чекишни ортда қолдириши тахмин қилинмоқда.

Семириш эпидемиясининг кескин тарқалиши бўйича яна бир тадқиқотда айтилишича, ривожланган мамлакатларда семиришнинг тарқалиши совуқ мавсумда хоналарни иситиш билан боғлиқ бўлиши мумкин экан. Лондонлик яна бир тадқиқотчи  Фиона Жонсон таъкидлаганидек, сўнгги ўн йилликларда иситиш мавсуми давомида Америка ва Британия уйларида ҳароратнинг силлиқ кўтарилиши тенденцияси кузатилмоқда. Шу муносабат билан, қишда яхши иситилган ёки кондиционерли хоналарда вақт ўтказиш одати ғарбий мамлакат аҳолиси ўзини қулай ҳис қиладиган ҳарорат оралиғини торайтиради. Бинобарин, одамлар уйдан камроқ чиқиб кетишга ҳаракат қилишади ва камдан-кам ҳолларда мўътадил совуқ стрессга дучор бўлишади, бу эса танани иссиқлик ишлаб чиқариш учун ёғни интенсив истеъмол қилишга мажбур қилади. Натижада, энергия баланси энергия ишлаб чиқариш эмас, балки ёғ тўпланиши томон силжийди, бу эса тана вазнининг ошишига олиб келади. Яъни доимий равишда иссиққина уйда ўтириш нафақат тананинг иссиқлик ишлаб чиқаришга бўлган эҳтиёжини, балки уни амалга ошириш қобилиятини ҳам камайтиради.

Cампинас университети (Сан-Паулу, Бразилия) Лисио Веллосо бошчилигидаги олимлар гуруҳи эса экспериментал равишда патологик семиришнинг мумкин бўлган сабаби гипоталамусдаги тўйинганлик ҳисси учун жавоб берадиган нейронлар гуруҳининг ўлими эканлигини аниқладилар. Қонда липидлар даражасининг ошиши билан марказий асаб тизимининг иммун ҳужайралари-микроглия-гипоталамус нейронларига салбий таъсир кўрсатадиган яллиғланишга қарши моддаларни ишлаб чиқаришни бошлайди. Охир-оқибат асаб ҳужайралари нобуд бўлади. Бузилишлар одам вазн олишни бошлашдан анча олдин содир бўлади.

Хўш, семизлик эпидемияси қаердан ва қандай бошланган?

Семизлик эпидемияси 1976-1980 йилларда АҚШда пайдо бўлган ва кейин Ғарблашган мамлакатларга тарқалди. Тадқиқотчилар бунинг сабабларидан бири қилиб кўп йиллар давомида жисмоний фаолиятга бўлган эҳтиёж камайганини айтишмоқда.

Яна бир сабаб эса овқатланиш рационидаги ўзгаришлар деб тахмин қилишимиз мумкин. Кўпгина далиллар тўплами диетани тана вазни ва ортиқча вазн олиш хавфи билан боғлайди. Сўнгги бир неча ўн йилликлар давомида таом рационимизда кўплаб ўзгаришлар юз берди.  

Ультра-қайта ишланган овқатлар ва шахсий машина...

 Бу озиқ-овқатлар сирасига   оқ нон, ширин нонушта киради, дон, печене, мазали газаклар, ширинликлар, конфет, музқаймоқ, маргарин, колбаса ва пицца.

Жуда кам ҳажмда қадоқланадиган нимжонгина картошка чипсилари  одамни семиртиради – ишониш қийин-а. АҚШда 121 000 эркак ва аёл ўртасида ўтказилган учта тадқиқотининг умумий натижалари картошка чипсиларини истеъмол қилиш билан вазн ўзгаришининг ижобий боғлиқлигини кўрсатди. 

Яна бир катта сабаблардан бири бу –  аҳолининг автомобил ва жамоат транспортидан фойдаланиш имконияти кенгайганлиги.

Австралияда ўтказилган янги тадқиқот шуни кўрсатдики, ҳар куни уловда юрадиганларда бел атрофи ва қоринда ёғ тўпланиши кузатилган. Машиналарида кунига бир соат ёки ундан кўпроқ вақт сарфлайдиган одамлар ўз машиналарида 15 дақиқа ёки ундан камроқ вақт сарфлайдиганларга қараганда ўртача 2,3 кг оғирроқ ва бел йўғонлиги 1,5 см кенгроқдир.

Ҳар байрамда ярим кило семирасиз...

Дўмбоқ жўжа ёки тандир гўшти, барча турдаги ширинликлар ва газли ичимликлар, газаклар билан ҳаддан ташқари тўлдирилган столли оилавий йиғилишлар, тўйлар, байрамлар, туғилган кунлар. Буни айланиб ўтишнинг иложи йўқ. Кетма-кет келадиган туғилган кун ва байрамлар ўртасидаги ҳафталар соғлом вазнни сақлашга ҳаракат қиладиган ҳар қандай қийинчиликларни келтириб чиқаради.

Маълумотларга қараганда, ҳар бир йиғин ва байрамларда одам 300-500 грамм вазн йиғиши мумкин. Агар бир байрамда шунча вазн йиғсангиз, демак йил давомида ўнта байрам сизга нақ беш килони тақдим этади. Ва бу арзимагандек кўринган вазн 10 йилда 50 килога айланади, агар ўша йиғилган калорияни ҳаракат билан камайтирмасангиз...

Диетолог Грейс Дероча: – Агар сиз жуда кўп жозибали таомлар бўладиган катта кечки тадбирга бормоқчи бўлсангизу, тушликдан воз кечсангиз ва кечки таомлар учун «кўпроқ жой ажратиш» яхши фикр бўлиб туюлиши мумкин. Асло бундай қилманг! «Бу сизнинг танангизни очлик ҳолатига туширади», сизнинг ошқозонингизда очлик ва қониқиш белгилари йўқолади ва танангиз калорияларни ушлаб туради. Сиз танангизни семиртирмоқчи бўлмасангиз овқатланиш вақтини ўтказиб юбориш яхши фикр эмас. Шунчаки ҳар бир таомдан номига татиб кўринг, яъни тўйиб еманг. Танангизнинг очлик белгиларига эътибор беринг ва савол беринг: «Мен очманми ҳалиям ёки тўйдимми?, деган тушунчага эга бўлиш жангнинг катта қисмидир».   

Умуман семизлик, вазн ортиши ҳақида жуда кўп «ёғли-ёғли» мақолалар ёзиш мумкин. Яъни вазн ортиши қанчадан-қанча касалликларни келтириб чиқармоқда. Одамлар озиш учун қанчадан-қанча тақиқланган, зарарли дориларга ружу қўйишмоқда, диета қилишмоқда, ҳатто ошқозонни кичрайтиришдек хавфли операцияларни бошидан ўтказишмоқда.

Энг тўғри йўл эса ҳозирча соғлом овқатланиш ва кўп ҳаракат қилиш. Буни онгли равишда англаб етиш ҳозирча нафсни тийиш ва спорт билан шуғулланишдан кўра қийинроқ бўлиб турибди.

Биз ҳозирча соғлом турмуш тарзига риоя қилмаслик семизликка олиб келишига тўхталдик. Аммо гормон ўзгаришлари, экологиянинг бузилиши, генетик касалликлар каби бир қанча омилларнинг семиришга олиб келишини ҳам инкор қилиб бўлмайди, бу энди алоҳида мавзу.

                                                                                             Барно Султонова тайёрлади

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг