Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Нуфузли халқаро конференциянинг якуний натижалари маълум бўлди

Нуфузли халқаро конференциянинг якуний натижалари маълум бўлди

Жорий йилнинг 23-25 апрель кунлари Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида «CONMECHYDRO-2020» номли Халқаро илмий конференция ташкил этилди.

Онлайн тизимида уч кун давом этган ушбу конференцияда дунёнинг энг кучли 400 та олий ўқув юртлари таркибидаги Санкт Петербург политехника университети, Қозоқ-Немис университети, «Гидропроект» АЖ ҳамкорлигининг натижаларини кўриш мумкин.

«Construction Mechanics, Hydraulics and Water Resources Engineering (CONMECHYDRO-2020)» қурилиш, гидротехника, сув ресурслари Халқаро илмий конференциянинг ташкилий қўмитаси COVID-19 инфекцияси дунё бўйлаб тарқалиши натижасида юзага келган нохуш ҳолатни инобатга олиб, Халқаро илмий конференция фаолиятида масофада туриб иштирок этиш, сайтга (http://conmechydro.spbstu.ru/) қўйилган мақолалар рўйхати (https://drive.google.com/open?id=1PTUBZuu-5Adi4SdWNOAuRyfzjDk2nCaf), тўлиқ матни (https://drive.google.com/open?id=18sSBVjXCQcyBNaSJ9t0G5NIGgE3CMpH) ва презентациялари (https://drive.google.com/open?id=1awUjJKrnMNPALO-i-ohY0IsQM7ihiUKo) билан танишиш, қизиқтирган саволларга муаллифлардан жавоб олиш учун барча (conmechydro_2020@mail.ru) имкониятларни яратди.

Конференция сайтига таъсисчилар – Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтидан Халқаро илмий конференциянинг ташкилий қўмитаси раиси, Ўзбекистон Республикаси олий таълим бўйича республика Кенгаши раиси, ректор Ўктам Умурзоқов, «Гидропроект» АЖ директори Алибек Аҳмедов, Қозоқ-Немис университетининг халқаро ҳамкорлик бўйича проректори, юридик фанлари доктори Барбара Януш-Павлеттанинг табрик сўзлари қўйилди.

Конференциянинг уч кунлик фаолияти давомида жами 329 та мақола масофадан туриб, онлайн тарзда тўртта шўъбада муҳокамадан ўтказилди, жумладан: Гидротехника ва мелиорация қурилиши бўйича 105 та, Сув ресурсларини ўрнатилган тартибда бошқариш, иқлим ўзгаришига мослашиш, экология ва гидроэнергетика юзасидан 51 та, Қишлоқ хўжалигини механизациялаш, электрификациялаш ва қайта тикланувчи энергия манбалари  бўйича 130 та, Йўл қурилиши, қурилиш конструкциялари ва материаллар юзасидан 43 та мақоланинг синчковлик билан кўриб чиқилиб, улар юзасидан таҳлилий ва танқидий мулоҳазаларнинг билдирилиши эътиборлидир.

Муҳокама жараёнида Ташкилий қўмитанинг электрон манзилига 6748 та саволлар келгани унга бўлган эътибор ва жараённинг жонли бўлганини билдиради. 

Халқаро экспертларнинг атрофлича чуқур таҳлиллари ва муҳокамаларининг натижаси ўлароқ, жами 256 та мақола чоп этишга тавсия қилинди. Бу кенг муҳокама ва баҳслардан кейинги натижа, албатта.

Илмий натижаларни Ўрта Осиё, Кавказ, Сурия ва Ўзбекистонда ишлаб чиқаришда қўллаш ёки тадқиқотларни давом эттириш бўйича ташкилотлардан берилган таклифлар сони тўққизта бўлгани ҳам аҳамиятлидир.

Ушбу илмий конференция нуфузини белгилайдиган омиллардан бири шуки унда илмий қўмита вакиллари ва мақолалар муаллифлари 24 та мамлакатнинг вакиллари эканидир. Жумладан, Ўзбекистон, Россия, Арманистон, Австралия, Беларус, Болгария, Хитой, Чехословакия, Франция, Грузия, Германия, Эрон, Қозоғистон, Литва, Монголия, Полша, Португалия, Сурия, Тожикистон, Украина, Буюк Британия, АҚШ, Япония, Вьетнам мамлакатлари олимларининг ўзаро тажриба алмашиши, фикр-мулоҳазалари, муҳокама ва таклифлари барча учун ўзро манфаатли бўлгани сир эмас.

Муҳокамадан ўтган илмий мақолаларнинг SCOPUS, WEB OF SCIENCE халқаро базалар рўйхатидаги нуфузли илмий-техник журналларда чоп этилиши ҳам алоҳида қийматга эга.

Хуллас, онлайн тизимидаги бундай илмий алоқалар, ўзаро ҳамкорликдаги анжуманларни коронавирус пандемияси, карантин тугагандан кейин ҳам ташкил этиб борилиши катта эффект бериши муқаррар. Бу иқтисодий ва молиявий жиҳатдан ҳам кенг имкониятлар эшигини очиши аниқ. Чунки бундай тизимли тарздаги, онлайн йўсиндаги конференцияларнинг мунтазам равишда ташкил этиб турилишининг ҳар томонлама қулайлиги амалда исботланди дейиш мумкин. Масофадан туриб таълим олиш ва таълим бериш имкониятлари янада кенгайса, интернет тармоқлари орқали фаолиятимизнинг ҳамда электрон ҳукуматнинг, айни пайтда, рақамли иқтисодиётнинг ривожига катта ҳисса қўшилган бўлади.

Раҳимбой Жуманиёзов,
ТИҚХММИ матбуот хизмати раҳбари

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг