Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Умидимиз Президентдан!..» – Андижондаги 13-мактаб ўқувчилари мурожаат йўллашди (видео)

Xabar.uz таҳририятига Андижон вилояти Пахтаобод тумани 13-мактаб жамоаси ва ўқувчилар ота-оналаридан мурожаат келиб тушди.

Унга кўра, таълим муассасасининг спорт майдони ноқонуний сотиб юборилган ва бугунги кунда бузиш ишлари ортидан мактабда жисмоний тарбия ва спорт тўгараклари фаолияти тўхтаб қолган.

Андижон туманлараро маъмурий суди томонидан 13-мактабга тегишли ер бўйича шу йилнинг 31 октябрь куни чиқарилган ҳал қилув қарорига 1 ой вақт бўлганига қарамасдан прокуратура, ҳокимият ва мутасадди ташкилотлар томонидан ижроси борасида амалий чора кўрилмасдан қолмоқда.

«Суд қарори биз учун бир тийин» қабилида ерни эгаллаб олган шахслар спорт майдончаси ўрнида қурилиш ишларини жадал давом эттирмоқда.

– Фарзандларимиз стадиони йўқ мактабга қатнашни бошлаганидан, жуда афсусдамиз. Спорт майдончасида машғулотлар қилиб юзлаб спортчи-ёшларимиз республика, халқаро мусобақаларда ғолиб бўлишган. Стадион нафақат мактабнинг балки, бутун қишлоқ аҳлининг бирдек фойдаланадиган жойи эди. Боиси, қишлоқ аҳли учун кўплаб маданий тадбирлар ҳам айнан шу стадионда ўтказиб келинган. Президентимиздан спорт майдончамиз фарзандларимизга қайтариб берилишида амалий ёрдам сўраймиз, – дейди ота-оналар.

Мурожаатчиларнинг айтишича, ҳокимнинг ноқонуний қарори билан стадион Толибжон Мирзаев исмли фуқарога сотилган. У шу вақтга қадар мактабга ҳам, маҳалла аҳлига ҳам кўриниш бермаган. Унинг номидан ишончли вакил сифатида фуқаро Жавлон Абдақаҳҳоров спорт мадончасини бузиб, қурилиш ишларини олиб бормоқда. У мактаб жамоаси ва маҳалла аҳлининг стадион халққа кераклиги борасидаги тушунтиришларига ўзини юрист эканлигини иддао қилиб, писандга олмай келмоқда.

Маълумот учун, шу йилнинг ноябрь ойида Президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан таълим тизимидаги муаммоларга бағишланган йиғилиш ўтказган эди.

Унда мактабга тегишли ер участкалари ва биноларни фақат Халқ таълими вазирининг розилиги билан олиб қўйиш ва учинчи шахсларга бериш тўғрисидаги Президент қарори чиқарилганига қарамай, мазкур қонун ҳужжатлари талаблари бузилган 198 та ҳолат аниқланган. 2018 йилдан шу кунга қадар жами 198 та мактабнинг ҳудудлари ноқонуний бериб юборилган.

Бу борада рекорд Андижон вилоятига тегишли эканлиги, хусусан нақд 61 та мактаб ҳудудлари сотиб юборилгани қайд этилган.

Xabar.uz таҳририяти ҳолат юзасидан Андижон вилоят ҳокимлиги ва прокуратура органларидан изоҳ кутади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг