Интернет бепул ва умуман ўчмайди: Жанубий Кореяда «давлат тарифи» йўлга қўйилмоқда
Жанубий Корея ҳукумати 2026 йилнинг апрел ойидан аҳолининг алоқа ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида барча фуқаролар учун бепул базавий мобил интернет жорий этилишини эълон қилди.
Интернет мутлақо бепул, лекин тезлик 400 Кбит/с.гача чекланган бўлади. Бу тезлик видео кўриш учун етмаса-да, мессенжерлардан фойдаланиш (матнли хабарлар), хариталарни очиш ва давлат хизматларидан фойдаланиш учун кифоя қилади.
Қандай ишлайди?
Агар абонентнинг пуллик тарифидаги трафиги тугаса, у автоматик равишда узилиб қолмайди, балки бепул «давлат безлимити»га ўтади. Ушбу имконият мамлакатдаги йирик уч оператор (SK Telecom, KT ва LG Uplus) абонентлари учун амал қилади. Дастур 7 миллиондан ортиқ фойдаланувчини қамраб олиши кутилмоқда.
Янги тизим 2026 йилнинг июн ойигача тўлиқ ишга туширилиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, Сеул шаҳри сайёҳлар учун гавжум жойларда (масалан, Мёндон, Сонгсу-донг) юқори тезликдаги бепул Wi-Fi зоналарини кенгайтирмоқда.
Маълумот учун: аҳолини интернет билан таъминлаш борасида Финляндия тажрибаси ҳам мақтовга лойиқ. Мамлакатда интернет-провайдерларга ҳар бир фуқарони камида 1 Мбит/с тезликдаги интернет билан таъминлаш мажбуриятини юкловчи қонун 2010 йилдан буён амал қилмоқда. Финляндия ҳукумати интернетдан фойдаланиш имкониятини муҳимлик даражаси бўйича сўз эркинлиги ва ҳаракатланиш эркинлигига тенглаштирган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter