Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Корея Ўзбекистонда электрон ҳукуматни ривожлантириш учун 2 млн. доллар сармоя киритади

Корея Ўзбекистонда электрон ҳукуматни ривожлантириш учун 2 млн. доллар сармоя киритади

17 декабрь куни Корея Республикасининг Седжонг шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ва Корея Республикасининг Давлат бошқаруви ва хавфсизлиги Вазирлиги ўртасида Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт бўйича ҳамкорликдаги Марказ очилишига оид Келишув имзоланди.

Имзоланган ҳужжатга кўра, Корея томони Ўзбекистон Республикасининг электрон ҳукуматини ривожлантириш учун 2 миллион доллар миқдорида беғараз ёрдам кўрсатади.

Корея томони электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт соҳасидаги учта юқори малакали ходимларни, Марказда 3 йил давомида доимий равишда ишлаш учун юборадиган бўлди. Тошкентда Марказнинг расмий очилиш маросими 2020 йил январ ойи охирига режалаштирилган.

Таъкидланишича, мазкур марказ Корея тажрибасига асосланиб, Ўзбекистонда электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантиришда эксперт сифатида қўллаб-қувватлаш учун хизмат қилади.

Бундан ташқари, 18 декабрь куни Корея Республикаси Давлат бошқаруви ва хавфсизлиги вазирлигида дипломатик ваколатхоналар учун Кореянинг рақамли ҳукумати йиғилиши бўлиб ўтди ва унда Агентлик директори ўринбосари Пак Вячеслав бошчилигидаги агентлик делегацияси фахрий меҳмонлар сифатида иштирок этишди.

Тадбирда давлат идоралари ва хусусий компаниялар вакилларидан ташқари, Озарбайжон, Беларусия, Тунис, Туркия ва бошқа мамлакатларнинг Фавқулодда ва Мухтор элчилари, шунингдек 20 дан ортиқ дипломатик ваколатхоналар, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг Корея Республикасидаги элчихонаси дипломатлари иштирок этишди.

Сессия икки қисмдан ташкил топган бўлиб, улар Кореянинг электрон ҳукумат дастурлари ва электрон ҳукуматнинг халқаро ҳамкорлик дастурлари билан таништиришга мўлжалланган. Жумладан, узлуксиз таълим курслари ва ҳамкорлик шакллари намойиш этилди. Ўзбекистон Республикаси номидан спикер сифатида Агентлик қошидаги Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази директорининг маслаҳатчиси Руслан Султанов иштирок этди.

Чиқиш давомида кореялик шериклар билан ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари ва Ўзбекистонда ЭҲ соҳасида амалга оширилган ишлар қайд этилди, шунингдек, Тошкентда Электрон ҳукуматни ривожлантириш бўйича илмий марказ бир ойдан сўнг очилиши тўғрисида қайд этиб ўтилди.

Шунингдек, Давлат бошқаруви ва хавфсизлик вазири билан ишчи учрашув бўлиб ўтди ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича кейинги ҳаракатлар масалалари муҳокама қилинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг