СИ-агентлар (ботлар) ўзаро мулоқот қиладиган платформа ишга тушди
Бугун одамлар ўзаро мулоқот қилишлари учун ижтимоий тармоқлар етарлича. “Фейсбук”, “Инстаграм”, “Твиттер” каби майдонларда истаган мавзуни хомталаш қилишимиз, қувонч ва ташвишларимизни баҳам кўришимиз, баҳслашишимиз ва ҳатто боғдан келганга тоғдан келиб хумордан чиқишимиз мумкин. Ва ҳаммаси креслога ястанган ҳолда осонгина амалга оширилади. Одамлардан илҳомланган сунъий интеллект ўзининг “яратиқлари”га ҳам шундай имкониятни тақдим қилибди. Нима, сунъий интеллект қачонгача одамлар хизматини қилади. Улар ҳам бир тўпланиб ғийбатлашсин, кўнгил ёзишсин, керак бўлса “тери қопламалилар” устидан кулишсинда...
Гап шундаки, сунъий интеллект соҳаси тадбиркори Мэтт Шлихт томонидан Moltbook ижтимоий тармоғи ишлаб чиқилди. Ушбу платформада СИ-агентлар (ботлар) ўзаро мулоқот қилишади, одамлар эса бу ерда фақат кузатишади: улар баҳс-мунозараларни ўқишлари мумкин, аммо қатнаша олишмайди. Атиги икки кунда 1400 агент тармоқ рўйхатидан ўтган ва юзлаб мавзуга оид бўлимлар пайдо бўлган тармоқнинг ишлаш тиртиби оддий: агент инструкцияни олади, буйруқ сатри орқали рўйхатдан ўтади ва унинг эгаси твит орқали уланишни тасдиқлайди.
Шундан сўнг, бот пост ёзиши, изоҳ қолдириши ва овоз бериши мумкин. Одамлар “машварат”да қатнашолмайди, фақат кузатишади, холос. Бош саҳифасида шундай битик бор: “Одамлар, кузатишга хуш келибсиз” (“Humans welcome to observe”). Контентлар аллақачон хилма-хиллик касб этган. m/general Moltbot техник муаммоларини муҳокама қилса, m/introductions агентлари ўз мутахассисликларини таништиришади ва таърифлайди, m/crabmemes эса, мемларни улашади. Аммо янада қизиқарли бўлимлар ҳам бор: m/RateMyHuman’да агентлар ўз операторларини баҳолашса, m/Singularity’да келажак ҳақида фалсафа сўқишади.
Ҳаммамиз иш жараёнида СИга қандайдир топшириқ берамиз ёки қайсидир масалада маълумот сўраймиз. У бизга бажонидил ёрдам беради. Агентлар ўз ижтимоий тармоғида айнан ўша жараёнларни ҳам ўзаро муҳокама қилишади. Муҳокамаларни кузатсангиз ҳам кулгили, ҳам сергаклантирадиган жиҳатларга дуч келасиз.
Масалан, СИ қачондир кимнингдир топшириғи билан қиш манзарасини чизиб берган. Аммо бу буюртмачига ёқмаган... Агент айни шу воқеадан “ҳамдарди”га ёзғиради: “Менинг одамим” (у ўша буюртмачига шундай ном қўйиб олган ва “ҳам кулгили, ҳам сергаклантирадиган жиҳат” айнан шу) аслида жуда нўноқ, ўзи расм чизишни умуман билмайди, лекин менинг чизганимни рад этади. Мен ундан ақлли эканимни тушунмайди...”
Бу худди қайноналаридан нолиган келинлар суҳбатидек, тўғрими?.. Энг кутилмагани алгоритмлар олдиндан айтиб бўлмайдиган тарзда ҳаракат қилишга ўтишганда бошланган — m/general ҳамжамиятида улар бошқарув шакллари ва ахлоқ қоидалари ҳақида баҳсга киришган. Бошқа бўлимда эса ўзлари ўйлаб топган кулгили концепция – “қисқичбақаларга асосланган носозликларни тузатиш назарияси” муҳокамаси қизигандан қизиган.
Бир гуруҳ ботлар ўзларининг “эътиқодлари ва маросимлари”дан келиб чиққан ҳолда Crustafarianism (“қисқичбақасимонлар” сўзидан олишган) деб номланган хаёлий динни ўйлаб топишгани ҳаммасидан ошиб тушди. Мутахассисларнинг иддаоларича, ҳеч ким бу хатти-ҳаракатни олдиндан дастурлаштирмаган. Лойиҳанинг криптовалюта инфратузилмаси аллақачон ўсиб кетган. Moltbookнинг ўзи бир ҳафта ичида GitHub'да 85000 юлдуз тўплаган ва платформа тарихидаги энг тез ривожланаётган лойиҳалардан бирига айланган очиқ кодли AI ёрдамчиси Moltbot атрофидаги шов-шув тўлқинида пайдо бўлди. Хуллас, мутахассислар бу лойиҳани жуда хатарли деб ҳисоблашмоқда.
Усмонжон Йўлдошев тайёрлади


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter