Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

АҚШ президентлигига номзод Фаластинни қўллови ортидан ҳибсга олинди

АҚШ президентлигига номзод Фаластинни қўллови ортидан ҳибсга олинди

АҚШ президентлигига номзод, Яшиллар партияси вакили Жилл Стайн Фаластинни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилган намойишда ҳибсга олинди.

Миссури штатида жойлашган Вашингтон университети ҳудудида ташкил этилган митинг пайти Ж.Стайн билан бирга ўнлаб талабалар ҳам қамоққа олинган. 

Талабалар «Ғазо секторида Фаластин халқига қарши амалга оширилаётган геноцид»га қарши чиққан. Президентликка номзод Жилл Стайн уларни қўллаб-қувватлаган.

Сиёсатчи қўлига кишан урилган ҳолда бир неча соат давомида қамоқда ушлаб турилган.

Ж.Стайн ўқиши ва карьерасини хавфга қўйиб бўлса-да, Ғазо секторидаги урушни тўхтатишни талаб қилаётган талабаларга ҳурмати баланд эканини таъкидлаган.

Асли яҳудий миллатига мансуб Жилл Стайн аввалроқ Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуни Ғазо секторида геноцид ва ҳарбий жиноятлар содир этишда айблаганди. У АҚШнинг амалдаги президенти, демократ Жо Байденни Ғазодаги хунрезликларга шерик эканини қайд этган.

Cўнгги маълумотларга қараганда, 2023 йил 7 октябрь куни Исроил армияси ҲАМАСнинг ҳужумига жавобан Ғазога бостириб кирганидан бери 34568 нафар фаластинлик ҳалок бўлди, 77765 нафари жароҳатланди. Ҳалок бўлганларнинг 14700 дан зиёди болалар, 9700 дан зиёди аёллардир.

Тинч аҳоли орасида қурбонлар ошиб бораётган бир пайтда Оқ уйнинг Исроилга нисбатан кўмак сиёсатига қарши норозилик намойишлари кучаймоқда. Жумладан, апрель ойи ўрталаридан бери АҚШнинг ўнлаб университетларида талабаларнинг норозилик акциялари ўтказилмоқда. Полиция икки ҳафта ичида 1000 га талабани ҳибсга олган.

Президент Байден Фаластин–Исроил зиддиятида яҳудий давлатини қўллаб-қувватлаб, Ғазода минглаб тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлаётганидан кўз юмаётгани сабаб сиёсий доираларда, ҳатто унинг сайлов штабида ҳам норозилик кучаймоқда. Оқ уй расмийлари орасида ҳам ўт очишни тўхтатишга чақираётганлар сони ортмоқда.

Аввалроқ АҚШ давлат департаментининг ҳарбий-сиёсий масалалар бўйича бюроси директори Жош Пол Вашингтоннинг Исроилга ҳарбий кўмакни ошириш ҳақидаги қарорига норозилик ифодаси сифатида ўз ихтиёри билан истеъфога чиққан эди. 11 йил давомида масъул лавозимда ишлаб келган Ж.Пол ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумини қоралагани ҳолда, ҳозирги вазиятда яҳудий давлати тутаётган сиёсат ва АҚШ уни қўллаб-қувватлаётгани хато эканини таъкидлаган.

АҚШ Қуролли кучлари учувчиси Ларри Ҳеберт эса Оқ уй қаршисида очлик эълон қилди. У Байденнинг Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатларини сўзсиз қўллаб-қувватлаб келаётганига шу тариқа норозилик билдирган.

Халқаро ташкилотлар Исроил маъмуриятини халқаро гуманитар ҳуқуқни поймол этишда айбламоқда. Айни чоқда, Исроил армиясини қуроллантираётган биринчи рақамли мамлакат – АҚШдан қурол-аслаҳа етказишни тўхтатиш талаб қилинмоқда. Жумладан, Oxfam ҳамда Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Оқ уйга шундай чақириқ йўллади. Мазкур ташкилотлар Исроил бомбардимонларида минглаб фаластинлик тинч аҳоли вакиллари ўлдирилганини қайд этиб, Тель-Авив Вашингтон томонидан етказилаётган қуроллардан халқаро ҳуқуқ меъёрлари доирасида истифода этишини савол остига олган.

Жаҳон матбуоти хабарига кўра, халқаро ҳамжамият эътирозига қарамай, АҚШ Исроилни ими-жимида қуроллантиришда давом этмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг