Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

АҚШга Исроил борасида навбатдаги талаб қўйилди

АҚШга Исроил борасида навбатдаги талаб қўйилди

Oxfam ҳамда Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилотлари АҚШ раҳбариятини Исроилга қурол-аслаҳа етказишни тўхтатишга чақирди.

Халқаро ташкилотлар Қўшма Штатлар маъмуриятига Исроил томонидан Ғазода 2023 йил 7 октябрдан кейин содир этилган жиноятлар ва халқаро ҳуқуққа зид ҳаракатлар юзасидан ҳисобот тақдим этган.

Аввал хабар берганимиздек, 2023 йил 10 ва 11 октябрь кунлари Исроил армияси Ғазо сектори ҳамда Ливан ҳудудига оқ фосфор бомбасини ташлаган эди. Дунёдаги аҳоли энг зич яшайдиган минтақада оқ фосфор қўлланиши халқаро гуманитар ҳуқуққа зид экани боис кескин танқидга учраганди.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Вашингтон маъмурияти эътиборини яна бир карра ушбу фактга қаратган. Бундан ташқари, яҳудий давлати ҳарбийлари Ғазода шифохоналарга ҳужумлар уюштиргани, инсонпарварлик кўмаги етказишга тўсқинлиқ қилаётгани қайд этилган.

Исроил АҚШ томонидан етказилаётган қуроллардан халқаро ҳуқуқ меъёрлари доирасида истифода этиши савол остига олинган.

Дунёнинг етакчи инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Исроил бомбардимонларида минглаб фаластинлик тинч аҳоли вакиллари ўлдирилганини қайд этиб, Буюк Британия ҳукуматига ҳам ажал қуролларини сотишни тўхтатиш талабини қўйган эди.

Экспертлар Исроил армияси Ғазода жуда катта миқдорда бомба ва ўқ-дори харжлаётанини айтмоқда. АҚШ энг яқин иттифоқчи сифатида катта миқдорда ажал қуроллари етказмоқда.

Yediot Ahronoth нашрига кўра, АҚШ Исроилга 2023 йилнинг сўнгги икки ойида 230 та юк учоғи ва 20 та кемада қурол-аслаҳа, ўқ-дори ва ҳарбий техника юборган.

Декабрь ойида Давлат департаменти икки марта қонун чиқарувчи идора (Конгресс) рухсатини ҳам кутмай Исроилга кўп миллион долларлик ўқ-дори етказишни маъқуллаган.

Сўнгги маълумотларга кўра, Исроил Ғазога бостириб кирганидан буён 31923 нафар фаластинлик ҳалок бўлди, 74096 нафари жароҳатланди.

Тинч аҳоли вакиллари, жумладан, болалар ва аёллар ўлими ошиб бораётган бир паллада АҚШда Тель-Авивни қуроллантиришни бас қилиш талаби баландроқ овозда янграмоқда.

2023 йил октябрь ойида Давлат департаментининг ҳарбий-сиёсий масалалар бўйича бюроси директори Жош Пол Вашингтоннинг Исроилга ҳарбий кўмакни ошириш ҳақидаги қарорига норозилик ифодаси сифатида ўз ихтиёри билан истеъфога чиққан эди. 11 йил давомида масъул лавозимда ишлаб келган Ж.Полга кўра, Исроилга ошиғич равишда қирғин қуроллари берилиши адолатсиз қарор бўлиб, бу АҚШ олий деб билган қадриятларга ҳам зид саналади.

АҚШ президентлигига номзод, яҳудий миллатига мансуб Жилл Стайн Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуни Ғазо секторида геноцид ва ҳарбий жиноятлар содир этаётгани, президент Жо Байден эса бу хунрезликларга шерик эканини айтган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг