Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

АҚШ ими-жимида Исроилни қуроллантирмоқда

АҚШ ими-жимида Исроилни қуроллантирмоқда

АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Исроилга бир неча миллиардлик қурол-аслаҳа ва техника етказиш битимини маъқуллади. Бу ҳақда хабар берган «The Washington Post» газетаси Оқ уй Исроилга бомба ва қирувчи учоқлар етказишни ими-жимида, жамоатчиликка эълон қилмаган ҳолда тасдиқлаганига эътибор қаратган.

Қўшма Штатлар бу гал Исроил давлатига 25 та F-35 қирувчи учоғи, 1800 дона МК-84 ҳамда 500 дона МК-82 бомбаларини етказиб беради.

Экспертлар айни пайтда Исроил армияси Ғазода жуда катта миқдорда бомба ва ўқ-дори харжлаётанини айтмоқда. АҚШ энг яқин иттифоқчи сифатида катта миқдорда ажал қуроллари етказмоқда.

Yediot Ahronoth нашрига кўра, АҚШ Исроилга 2023 йилнинг сўнгги икки ойида 230 та юк учоғи ва 20 та кемада қурол-аслаҳа, ўқ-дори ва ҳарбий техника юборган.

2023 йил декабрь ойида Давлат департаменти икки марта қонун чиқарувчи идора (Конгресс) рухсатини ҳам кутмай кўп миллион долларлик ўқ-дори етказишни маъқуллаган.

Исроил 2023 йил 7 октябрь куни ҲАМАС ҳужумига жавобан Ғазога бостириб кирганидан буён камида 32623 нафар фаластинлик ҳалок бўлди, 75092 нафари жароҳатланди. Тинч аҳоли вакиллари орасида қурбонлар мисли кўрилмаган даражада ортиб бораётган бир пайтда АҚШдан Исроилни қуроллантиришни бас қилиш талаб этилмоқда.

Хусусан, Oxfam ҳамда Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Оқ уйга шундай чақириқ йўллади. Мазкур ташкилотлар Исроил бомбардимонларида минглаб фаластинлик тинч аҳоли вакиллари ўлдирилганини қайд этиб, Тель-Авив Вашингтон томонидан етказилаётган қуроллардан халқаро ҳуқуқ меъёрлари доирасида истифода этишини савол остига олди.

Аввал хабар берганимиздек, бир муддат олдин Давлат департаментининг ҳарбий-сиёсий масалалар бўйича бюроси директори Жош Пол Вашингтоннинг Исроилга ҳарбий кўмакни ошириш ҳақидаги қарорига норозилик ифодаси сифатида ўз ихтиёри билан истеъфога чиқди. 11 йил давомида масъул лавозимда ишлаб келган Ж.Полга кўра, Исроилга ошиғич равишда қирғин қуроллари берилиши адолатсиз қарор бўлиб, бу АҚШ олий деб билган қадриятларга ҳам зид саналади.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу куни кеча халқаро ҳамжамият эътирозига қарамай, Ғазо жанубидаги Рафаҳ шаҳрига қўшин киритилишини маълум қилди. Халқаро ташкилотлар Тель-Авивдан 1,5 миллион фаластинлик жон сақлаётган Рафаҳда ҳарбий амалиёт ўтказмасликни талаб қилиб келмоқда.

Таҳлилчилар АҚШ етказиб бераётган қуроллар Рафаҳга ҳужумда қўлланишидан хавотирда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг