АҚШ Яқин Шарқдаги битта «кўз»идан айирилди
Яқин Шарқдаги кескинлик фонида Эрон томонидан амалга оширилган ракета ҳужуми АҚШнинг минтақадаги муҳим ҳарбий инфратузилмаларидан бирига жиддий зарар етказди. CNN таҳқиқотига кўра, Эрон ракеталари Иорданияда жойлашган Муввафақ ас-Салти авиабазасидаги THAAD ҳаво-мудофаа тизимининг асосий сенсори – AN/TPY-2 радарини йўқ қилган.
Спутник тасвирлари ҳужум натижасида қиймати тахминан 500 миллион доллар бўлган радар тизими жиддий шикастланганини кўрсатади. Бу эса АҚШнинг минтақадаги баллистик ракеталардан ҳимоя қилиш тизими самарадорлигига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин.
AN/TPY-2 радар тизими THAAD (Terminal High Altitude Area Defense) комплексида ҳал қилувчи аҳамиятга эга. У баллистик ракеталарни узоқ масофадан аниқлаш, уларнинг траекториясини кузатиш ва йўқ қилиш учун тутувчи ракеталарга маълумот узатиш вазифасини бажаради.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, мазкур радар йўқ қилинса, THAAD батареяси деярли «кўр» ҳолатга тушади. Armament Research Services тадқиқот маркази раҳбари Н.Р. Женсен-Жонснинг таъкидлашича:
«AN/TPY-2 радар THAAD тизимининг юраги ҳисобланади. Ундан ҳатто биттасининг йўқолиши ҳам катта оператив йўқотиш ҳисобланади».
Маълумотларга кўра, радар Эрон ҳудудидан 800 километрдан ортиқ масофада жойлашган бўлган. Спутник тасвирларида радар атрофида диаметри тахминан 4 метрга яқин икки катта кратер кўринган. Бу бир неча ракета билан аниқ зарба берилганини англатиши мумкин.
Радар тизими бир нечта 40 футлик трейлерларга жойлаштирилган модуллардан иборат бўлган. Спутник тасвирларига кўра, уларнинг аксарияти бутунлай вайрон бўлган ёки қаттиқ зарар кўрган.
Таҳлилчиларга кўра, бу ҳужум Эроннинг янги ҳарбий тактикасини кўрсатади. Унда асосий мақсад ракеталарни тўсиб қолувчи тизимларни эмас, балки уларнинг сенсорлари ва кузатув инфратузилмасини йўқ қилиш ҳисобланади.
Бундай стратегия ракеталарни ушлаш тизимини «кўр» ҳолатга келтириб, кейинги ҳужумлар самарадорлигини ошириши мумкин.
АҚШда ҳозирча жами 8 та THAAD батареяси мавжуд. Шунинг учун вайрон бўлган радарни алмаштириш бошқа минтақалардаги тизимларни қайта жойлаштиришни талаб қилиши мумкин.
Маълумот учун аввалроқ Эрон БААнинг икки ҳудудига – THAAD техникаси сақланадиган ва хизмат кўрсатиладиган бинолардан учтасига ҳамда радар ускуналари сақланиши мумкин бўлган иншоотларга зарба бергани хабар қилинган эди.
Бу бинолар радар трейлерлари ва техник хизмат ускуналари сақланадиган объектлар бўлган. Лекин зарба вақтида радарлар ичида бўлган-бўлмагани аниқ маълум эмас.
Шунингдек, Саудия Арабистонида ҳам THAAD тизими мавжуд бўлиб, айрим манбалар бу манзилдаги қурилмага ҳам зарба берилгани ҳақида ёзса-да, лекин ҳозирча унинг радарлари ёки батареялари йўқ қилингани ҳақида ишончли далиллар йўқ.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter