Хива — Турк дунёси маданияти пойтахти, деб эълон қилинди. Бу бизга нима беради?
Халқаро Туркий ташкилоти (Турксой) томонидан 2020 йилда Хива шаҳри Турк дунёси маданияти пойтахти сифатида эълон қилинди. Жорий йилнинг 30 ноябрь куни Қирғизистон Республикаси Ўш шаҳрида ўтказилган ХХХVI навбатдаги қурилтойда бу ҳақда қарор қабул қилинган.
Хўп, бу эътироф юртимизга нима беради? Энг аввало биз маънавий жиҳатдан қардошларимиз билан якдил эканимизни билдиради. Ўзбек халқи, Ўзбекистон тарихи ва маданияти туркий қардошларимизнинг ҳар доим эътиборида бўлиб келган. Хива Турк дунёси маданияти пойтахти деб эълон қилиниши бежиз эмас. Бир йил давомида барча туркийлар ва бошқа элатлар нигоҳи қадим Хивага қаратилади.
Маънавий эътироф яхши албатта, аммо бунинг иқтисодий манфаати ҳам бўладими? Бўлади, албатта. Юртимизда сўнгги вақтларда туризмни ривожлантириш учун кўплаб ишлар, тадбирлар амалга оширилмоқда. Хива пойтахт, деб эълон қилинган экан, демак туркий халқларнинг турли тадбирлари ҳам юртимизда ташкил этилади. Бу эса меҳмонлар гуррос-гуррос ташриф буюради, дегани. Меҳмон бўлиб ҳам шунчаки меҳмон эмас, балки халқимиз, маданиятимиз ва шаҳарларимиз ҳақида ёзадиган зиёлилар, маданият ходимлари ва мутахассислар келади. Бундан ортиқ яна қандай тарғибот бўлиши мумкин? Уларнинг таассуроти билан танишгач яна қанча қардошлар юртимиз томон отланишини ўйлаб кўраверинг.
Хива, Самарқанд ва Бухорони кўришни орзу қилмаган туркий бўлмаса керак бу дунёда. Агар шу вақтгача бу ниятини амалга оширишга бирор сабаб топа олмай турганлар бўлса, шу баҳона юртимизга келади. Байрам муборак!
Кўнгил яқин бўлса, қолгани ҳеч нарса эмас...
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter