Президент “Ўзбекнефтгаз” олдига янги талаблар қўйди
Кунлик газ қазиб чиқариш ҳажми 70 миллион куб метрга етказилади.
Президент Шавкат Мирзиёев “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти фаолиятининг келгусидаги устувор вазифа ва режаларига бағишланган тақдимот билан танишди.
Қайд этилганидек, энергетик хавфсизликни таъминлаш ва иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш мамлакат тараққиётининг муҳим омилларидан ҳисобланади. Шу боис газ соҳасида ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва геология-қидирув ишларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Тақдимотда “Ўзбекнефтгаз” олдида турган асосий вазифа табиий газ захираларини кўпайтириш ва қазиб чиқариш ҳажмларини ошириш экани таъкидланди. Жумладан, компания кунлик газ қазиб чиқариш ҳажмини 66 миллион куб метрдан 70 миллион куб метрга етказиши, жорий йилда камида 25,4 миллиард куб метр газ қазиб чиқариш чораларини кўриши зарурлиги қайд этилди.
Мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга солиш, газ захираларини ошириш учун янги истиқболли инвестиция блокларини шакллантириш, инвесторларга берилган айрим майдонларда ишларни жадаллаштириш ва самарадорликни ошириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Шунингдек, нафта ишлаб чиқариш ҳозирда қувватнинг 70 фоизида амалга оширилаётгани, маҳсулот эса 50 фоизгача арзон нархларда экспорт қилинаётгани қайд этилди. Нафтадан полимер маҳсулотлари ишлаб чиқариш орқали қўшилган қийматни 6 карра ошириш имконияти мавжудлиги ҳисобга олиниб, ишлаб чиқариш қувватларини тўлиқ ишлатиш бўйича топшириқлар берилди.
Йиғилишда “Ўзбекнефтгаз”нинг молиявий ҳолатини яхшилаш, шунингдек, нефть-газ соҳасида ўғрилик ва коррупция ҳолатларига қарши курашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Коррупцион хавфларни олдини олиш мақсадида жамият тузилмасида раиснинг алоҳида ўринбосари лавозими жорий этилгани, комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат хизмати ташкил этилгани маълум қилинди.
Президент Шавкат Мирзиёев нефть-газ соҳасида трансформация жараёнларини чуқурлаштириш, газ захиралари ва қазиб олиш ҳажмларини ошириш, молиявий интизомни кучайтириш юзасидан мутасаддиларга аниқ вазифа ва топшириқлар берди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мўйноқда катта босимли янги табиий газ оқими аниқлангани хабар қилинганди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter