Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ҳукумат Андижон шаҳри ҳокимини огоҳлантирди

Ҳукумат Андижон шаҳри ҳокимини огоҳлантирди

Вазирлар Маҳкамасининг навбатдаги Раёсат мажлисида Андижон шаҳри ҳокими Баҳромжон Ҳайдаров қонун талабларини бажармагани учун огоҳлантирилган. Бу ҳақда ҳукумат портали хабар берди.

Мажлисда «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Қонун, Президентнинг «Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги (2019 йил 27 июндаги ПҚ–4366-сон) қарори ижросини таъминлашда давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг масъулияти тўғрисидаги масала муҳокама қилинган.

Олиб борилаётган очиқлик сиёсати юзасидан ишларни етарли ташкил этмагани, ОАВ ва жамоатчилик билан алоқаларни тизимли йўлга қўймагани учун Автомобиль йўллари қўмитаси раиси А.Абдувалиев ва Андижон шаҳри ҳокими Б.Ҳайдаров огоҳлантирилган.

Андижон шаҳри ҳокими 2019 йилда лавозимга тайинланган бўлиб, яқинда бир мурожаатчини бўралатиб сўккани акс этган аудиоёзув тарқалганди. Кейинроқ шаҳар матбуот хизмати овоз ҳокимга тегишли эканини тан олганди.

Мажлисда соҳага оид бошқа кўплаб масалалар ҳам кўриб чиқилган. Юқорида қайд этилган қонун ва қарор ижроси ўрганилганда, айрим вазирликлар ва идоралар ушбу ҳужжатлар талабларини бажаришда сусткашликка йўл қўяётгани аниқланган.

Жумладан, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан давлат дастурлари ҳамда бошқа дастурлар ижроси, бюджет маблағларидан фойдаланиш, ўтказилган очиқ танловлар (тендерлар) ва кимошди савдолари, оммавий тадбирлар тўғрисидаги маълумотлар расмий веб-сайтларда эълон қилиб борилиши керак. Бироқ деярли барча вилоятлар ҳокимликлари (Жиззах вилоятидан ташқари) веб-сайтида очиқ маълумотлар ва жамоатчиликни алоҳида қизиқтирадиган мавзулар бир ойдан уч ойгача янгиланмаган.

Шунингдек, веб-сайтларда ахборотни янгилаб бориш даврийлиги ҳафтасига бир мартадан кам бўлмаслиги керак. Аммо ўндан ортиқ давлат органи ва ташкилотлари, жумладан, Халқ таълими вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қашқадарё, Андижон, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари очиқ маълумотларни ўн кундан бир ойгача кечиктириб эълон қилмоқда. 204 та туман ва шаҳар ҳокимликларининг 35 тасида расмий веб-сайти ишламаяпти.

Бундан ташқари, давлат ва хўжалик бошқаруви органларида биринчи марта ахборот хизмати ташкил этилиб, 90 дан ортиқ ахборот хизматлари тегишли мақом ва шарт-шароитлари билан таъминланганига қарамай, ҳалигача айрим вазирликлар ва идоралар президент қарори талабларини бажармай келмоқда. Мисол учун, 3 та республика ташкилотида ахборот хизмати раҳбари ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчи мақомига эга эмас. 10 та вазирлик ва идорада матбуот котиби меҳнатга ҳақ тўлаш шартларига кўра ташкилот раҳбари ўринбосарига тенглаштирилмаган. Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳокимликларида матбуот котиби лавозими вакант. Ҳудудларда ахборот хизматларига қўшимча штатлар ажратилмаганлиги сабабли ўтказилаётган тадбирлар, янгиликлар тезкорлик билан сифатли ёритилмаяпти.

Мажлисда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги раҳбариятига тизимда очиқлик сиёсати қониқарсизлиги, Сирдарё вилояти ҳокимлигига Гулистон, Янгиер шаҳарлари, Боёвут, Сайхунобод, Оқолтин, Сардоба ва Мирзаобод туманлари ҳокимликларида ахборот хизмати фаолияти яхши ташкил этилмагани кўрсатиб ўтилган.

Муҳокама якунлари бўйича Вазирлар Маҳкамаси Раёсатининг баёни қабул қилинган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг