Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ҳиндистон АҚШдан юз ўгирмоқдами?

Ҳиндистон АҚШдан юз ўгирмоқдами?

Трамп ва Моди Оқ уйда матбуот анжуманида. 2025 йил 13 февраль. 

Фото: The New York Times

Ҳиндистон АҚШдан қурол-аслаҳа ва ҳарбий авиация сотиб олишни вақтинча бекор қилди. Бу ҳақда дунё матбуоти Reuters агентлигига таяниб хабар берди.  

Расмий Деҳли Ҳиндистон мудофаа вазирининг Вашингтонга сафарини ҳам бекор қилгани айтилмоқда. Ушбу ташриф мобайнида янги мудофаа битимлари эълон қилиниши кутилаётганди.

Reuters хабарига кўра, Ҳиндистоннинг АҚШга нисбатан бундай кескин қарорига президент Доналд Трампнинг бир неча кун аввал имзолаган фармони сабаб бўлган.

Трамп 6 август куни «Қўшма Штатларнинг Россия Федерацияси ҳукумати таҳдидларига қарши чоралари» деб аталган ҳужжатни қабул қилганди. Унга кўра, Россия нефтини сотиб олаётган Ҳиндистонга нисбатан 25 фоизлик қўшимча бож жорий этилади. Бу эса Ҳиндистондан АҚШга экспорт қилинаётган маҳсулотлар божи 50 фоизга етишини англатади. Бу Вашингтон томонидан ўз савдо ҳамкорларига татбиқ этилаётган энг йирик бож кўрсаткичлардан биридир.

Трампнинг Ҳиндистонга нисбатан бож тартиби фармон имзоланганидан 21 кун ўтиб кучга киради.

Хабарларга кўра, Ҳиндистон бож бўйича зиддият ҳал қилинмагунча, АҚШдан қурол сотиб олишни тўхтатиб турмоқчи.

Гап шундаки, Ҳиндистон АҚШнинг «General Dynamics Land Systems» ширкати ишлаб чиқараётган «Stryker» жанговар машиналари ҳамда «Raytheon» ва «Lockheed Martin» ширкатлари ишлаб чиқараётган «Javelin» ракеталарини сотиб олиш бўйича музокара олиб бораётган эди.

Деҳли бир неча миллиард долларга Boeing P8I разведка учоқларини сотиб олиш ниятини ҳам билдирган. 

Жорий йил февраль ойида Оқ уйда музокара ўтказган президент Доналд Трамп ва бош вазир Нарендра Моди қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникаларни биргаликда ишлаб чиқариш имкониятини ҳам муҳокама қилганди.

Бу орада Ҳиндистон мудофаа вазирлиги АҚШдан қурол-аслаҳа олиш вақтинча тўхтатилгани ҳақидаги хабарни рад этди. Расмийларга кўра, қурол олди-сотдиси белгиланган тартибда давом этмоқда. 

Таҳлилчилар фикрича, сўнгги вақтларда Вашингтон ва Деҳли муносабатларида таранглик кузатилмоқда. Аввало, Ҳиндистоннинг Россиядан катта миқдорда нефть сотиб олаётгани АҚШга хуш келмаётир. Аммо Деҳли бу борада мустақил қарор қабул қилмоқчи.

Аввал хабар берганимиздек, Ҳиндистон АҚШ ва Европа Иттифоқининг Россиядан нефт сотиб олишни тўхтатиш талабини рад этган.

Жорий йил май ойида Ҳиндистон ва Покистон ўртасида кузатилган 4 кунлик жанговар ҳаракатлардан кейин томонлар ўзаро сулҳга эришганди. Ўшанда Трамп бу сулҳ унинг саъй-ҳаракатлари билан юзага чиққани ҳақида баёнот берганди. Аммо Ҳиндистон Трамп воситачилик қилганини рад этган. 

Ҳиндистон дунёдаги энг йирик қурол харидорларидан бири ҳисобланади. Анъанавий равишда қурол-аслаҳани асосан Россиядан сотиб олган Деҳли ҳукумати Хитой билан стратегик рақобат фонида АҚШ, Исроил ва Франциядан ҳам катта миқдорда қурол харид қилмоқда.

Қизиқ жиҳати, Деҳлининг Москва билан алоқалари ҳам силлиқ деб бўлмайди.

Россия Украина ҳудудига бостириб кирган дастлабки ойларда Ҳиндистон бетараф мақомда туришга уринган. Ҳам Вашингтон, ҳам Москва билан стратегик ҳамкорликка эга мамлакат Ғарб босимига қарамай, Россия тажовузини қоралашдан тийилган. Экспертлар Деҳли маъмуриятининг бу борадаги сиёсатини «икки кеманинг учини тутиш» деб баҳолаган. 

Айни чоқда, Ҳиндистон Россиянинг илтимосини рад этган ҳолда Украинага артиллерия ўқ-дориларини етказиб бераётгани маълум.

Ҳиндистон фуқаролари Россия томонидан алдов йўли билан урушга жалб этилгани маълум бўлгач, икки давлат ўртасида дипломатик таранглик ҳам юзага келган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг