Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Япония Ўзбекистонга янада кўпроқ сармоя киритиш ниятида – Ёcимаса Ҳаяши

Япония Ўзбекистонга янада кўпроқ сармоя киритиш ниятида – Ёcимаса Ҳаяши

Икки давлат бош дипломатлари В.Норов ва Ё.Ҳаяши.

Фото: Ўзбекистон ТИВ

24 декабрь куни Токио шаҳрида Ўзбекистон ва Япония ташқи ишлар вазирлари Владимир Норов ҳамда Ёcимаса Ҳаяши учрашди.

Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабарига кўра, мулоқотда олий ва юқори даражадаги робиталар натижасида эришилган келишувларни ҳар томонлама амалга ошириш муҳимлиги қайд этилган. Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинган.

В.Норов Ўзбекистон логистика, транспорт, таълим ва яшил энергия соҳаларидаги ўзаро манфаатли лойиҳаларни илгари суриш бўйича ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёрлигини таъкидлаган.

Ўз навбатида, Ё.Ҳаяши Япония ишбилармон доиралари Ўзбекистонда иқтисодиётни либераллаштириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва рақобат муҳитини ривожлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни ижобий қабул қилиб, ўзаро манфаатли алоқаларни, жумладан, ҳукумат томонидан суверен кафолатларсиз тўғридан-тўғри инвестицияларни кенгайтиришга шай эканини қайд этган. Бу йўналишдаги биринчи лойиҳа Сирдарё иссиқлик электр станциясида Япония компаниялари консорциуми иштирокида буғ-газли электр станциясини қуриш бўлади.

Вазирлар учрашувида Ўзбекистон компанияларини япон брендлари остида тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш тармоғига киритиш, умуман, тўқимачилик саноатида ҳамкорлик учун улкан салоҳият мавжудлиги қайд этилган.

Кадрлар тайёрлаш, туризм ва маданият соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан фикр алмашилган. Икки мамлакат халқаро институтлар доирасида мулоқотни давом эттириши ва ўзаро қўллаб-қувватлашга содиқлиги тасдиқланган.

Эслатиб ўтамиз, икки давлат бош дипломатлари Токиода бўлиб ўтган «Марказий Осиё+Япония» мулоқотининг 9-йиғилиши доирасида учрашган.

Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Япония ташқи ишлар вазирлари транспорт, логистика, саноат кооперацияси, соғлиқни сақлаш, таълим ва яшил иқтисодиётни ривожлантириш соҳаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболларини муҳокама қилган.

Кунчиқар ўлка Марказий Осиёнинг барқарор тараққиётини таъминлашда ишончли ҳамкор экани, минтақа мамлакатлари иқтисодиёти, саноат ва инфратузилма модернизациясига салмоқли ҳисса қўшаётгани таъкидланган.

Аввал хабар берганимиздек, Япония ташқи ишлар вазири Ёcимаса Ҳаяши жорий йил 29-30 апрель кунлари мамлакатимизга ташриф буюрди.

Эътиборга молик жиҳати, бу – Япония ТИВнинг сўнгги 12 йил ичида Ўзбекистонга илк ташрифидир. Кунчиқар ўлка бош дипломатини президент Шавкат Мирзиёев ҳам қабул қилганди.

В.Норов ҳамда Ё.Ҳаяшининг ташрифи икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигида амалга оширилмоқда.

Маълумотларга кўра, биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 30 йил ичида 230 баробар ўсган. Япония ҳукуматининг имтиёзли кредит ва грантлари асосида энергетика, кимё, нефть-кимё, инфратузилма, қишлоқ ва сув хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида қиймати 7 миллиард доллардан зиёд бўлган ўнлаб лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилган.

 

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг