АҚШда 11 ёшли болага 5 ёшли укасининг ўлими бўйича айблов қўйилди
5 ёшли Элиас Релифорд Колорадо штатининг Сентенниал шаҳридаги уйида 11 ёшли акаси томонидан ўлдирилгани тахмин қилинмоқда.
АҚШнинг Колорадо штатида 11 ёшли болага 5 ёшли укаси – Элиас Релифорднинг ўлими бўйича айблов қўйилди.
Тергов маълумотларига кўра, ҳодиса март ойида Сентенниал шаҳридаги уйда содир бўлган. Бола мактабдан кейин ухлаб ётган пайтда ҳалок бўлгани айтилмоқда.
Болалар вояга етмагани сабабли, расмийлар Элиас қандай ўлдирилгани ҳақида аниқ маълумотларни ошкор қилмади. Оила ҳам ҳозирча бу ҳақда гапиришдан бош тортмоқда.
Шунингдек, айбланувчининг шахси ҳам унинг ёши сабабли очиқланмаяпти. Иш ёпиқ тартибда кўриб чиқилиши кутилмоқда.
Мутахассислар таъкидлашича, бундай оғир айбловларни 11 ёшли болага нисбатан қўйиш жуда кам учрайди. Адвокатлар фикрича, айблов томони боланинг қасддан ҳаракат қилганини исботлаши керак, ҳимоя эса унинг бундай жиноят учун етарли психологик етукликка эга эмаслигини илгари суриши мумкин.
Ҳозирда бола вояга етмаганлар муассасасида сақланмоқда. Агар айбдор деб топилса, унга 7 йилгача қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter