Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Британия ҳам Зеленскийнинг илтимосини ерда қолдирмади

Британия ҳам Зеленскийнинг илтимосини ерда қолдирмади

Инглиз бош дипломати Д.Лэмми ва Украина раҳбари В.Зеленский. Киев, 11 сентябрь.

Фото: Reuters

АҚШ ортидан Буюк Британия ҳукумати ҳам Украинага Ғарб ракеталари билан Россиянинг ички ҳудудлари бўйлаб зарба йўллашга рухсат бермоқда.

«The Guardian» газетасининг ёзишича, Лондон ҳукумати бу борада қарор қабул қилиб бўлган, аммо жамоатчиликка баёнот бериш кўзда тутилмаётир.

Бу ўринда гап 250 км масофага қадар парвоз қилувчи Storm Shadow ракеталари ҳақида кетмоқда. Буюк Британия ва Франция ҳамкорликда ишлаб чиқарган ракеталарни Украинага инглиз томони етказиб берган.

11 сентябрь куни Буюк Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Лэмми АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен билан биргаликда Киевга ташриф буюрди ва Украина президенти Владимир Зеленский билан музокара ўтказди.

13 сентябрь куни Буюк Британия бош вазири Кир Стармер АҚШга сафар қилиши ва президент Жо Байден билан учрашиши кутилмоқда.

Сўнгги кунларда анча фаоллашган дипломатик музокараларда Украинага кўмак марказий ўрин тутмоқда.

Ғарб давлатлари Россия тажовузи ортидан Украинага фаол равишда ҳарбий кўмак кўрсатмоқда. Аммо можарога НАТО давлатлари аралашиб қолиши эҳтимоли сабаб Киевга Ғарб ракета ва учоқлари билан Россиянинг ички ҳудудларига зарба йўллашга изн берилмай келаётган эди. Зеленский эса кўпдан буён ғарблик ҳамкорлардан бунга рухсат беришни сўраб келаётган эди. Эндиликда мазкур тақиқ босқичма-босқич бекор қилинмоқда.

Аввал хабар берганимиздек, куни кеча АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Оқ уй Украинага Россиянинг ички ҳудудлари бўйлаб ракета зарбалари йўллашга рухсат бермоқчи эканини маълум қилди.

АҚШ Украинага 300 км га қадар масофага учувчи ATACMS ракеталарини етказиб берган. Агар Вашингтон Киевга «яшил чироқ» ёқса, Украина мазкур ракеталар билан Россиянинг Ростов, Воронеж, Белгород, Курск, Брянск, Липецк, Калуга каби вилоятларидаги нишонларга зарба йўллаши мумкин. АҚШдаги Урушни ўрганиш институти (ISW) ҳисоб-китобига кўра, Украина шу тариқа Россиядаги 245 та ҳарбий объект, жумладан, аэродромларга ҳужум уюштириш имконига эга бўлади.

2022 йил 24 февралдан буён Украина ҳудудларини эгаллаш учун жанг олиб бораётган Россия Ғарбнинг бу қарорини нохуш қабул қилиши аниқ.

Жорий йил май ойида Владимир Путин Ўзбекистонга ташрифи якунида Тошкент аэропортида Россия журналистларининг шу мазмундаги саволларига жавоб берар экан, НАТО мамлакатлари, хусусан, Европанинг аҳолиси зич жойлашган кичик давлатларини Москва билан ўйнашмаслик борасида огоҳлантириб пўписа қилган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг