Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Адҳам Отажонов (Абу Муслим)

Ҳар бир амалингизни таҳлил қилиб, кимга ёки нимага сиғинаётганингизни билиш мумкин.

«Бу ҳақиқий даҳшат эди». Янги Зеландия масжидидаги хунрезлик ҳақида

«Бу ҳақиқий даҳшат эди». Янги Зеландия масжидидаги хунрезлик ҳақида

Фото: Styler

Муқаддас жума кунини ҳеч қачон ёмон хабар билан бошлашни истамайди, киши. Лекин, дунёнинг айрим қисмларида биродарларимиз ва опа-сингилларимиз ўтакетган зўравонлик — исламофобия жафокашлари бўлиб турган бир пайтда нима ҳам қилардик?

Янги Зеландиянинг Крайстчерч шаҳрида бир гуруҳ қуролланган кишилар иккита масжидда отишма уюштирдилар. Куппа-кундузи, жума намози вақтида террористлар шаҳар марказидаги Динс-авеню ва Линвуд-авеню жойлашган масжидларга бостириб кириб, намоз ўқиётганларга қарши ўқ отишга киришди.

Сўнгги маълумотларга қараганда, ҳалок бўлганлар сони 49 нафарга етган. Яна шунча киши яраланган ва касалхонага ётқизилган.

«Биз турли майдонларда ривожланаётган вазиятга дуч келмоқдамиз», — деди Янги Зеландия бош вазири Джасинда Ардерн матбуот анжуманида. — «Бу Янги Зеландия учун энг қайғули кунлардан биридир».

Гувоҳ Лен Пенеха ҳикоя қилишича, у қоп-қора кийинган эркакнинг Масжид ал-Нурга кириб кетганини кўрган, сўнгра Пенеха ўнлаб ўқ овозларини эшитган, шундан сўнг масжиддан ваҳимага тушган одамлар югуриб чиққанини кўрган.

У шунингдек, қотилнинг полиция етиб келишидан олдин қочиб кетганини ҳам айтган.

Масжид яқинида яшайдиган Пенеха одамларга ёрдам бериш учун масжидга кирганини айтди. «Мен ҳар томонда одамлар ўлигини кўрдим».

Масжидда кийимлари қонга беланган бир киши отишма вақти скамейка остига яшириниб олганлигини айтди. Унинг сўзларига қараганда, бинода 50 киши бўлган.

«Бу ҳақиқий даҳшат эди. Мен ўлим талвасасидаги 20 кишини кўрдим, айримлар қичқириб ётарди», — деди воқеани ўз кўзи билан кўрган кишилардан бири маҳаллий телевидениега.

«Мен кўплаб ўқ гилзалари ва изларини кўрдим. Қочиб кетишга уринган бир йигитнинг отиб ўлдирилганига гувоҳ бўлдим».

Крикет бўйича Бангладеш терма жамоасининг теракт қурбони бўлишига бир баҳя қолди. Спортчилар шанба куни Крайстчерчда тест ўйини ўтказишлари лозим эди, жума куни эса ўқ овозини эшитган пайт масжидга йўл олишганди.

Индонезия ташқи ишлар вазирининг маълум қилишича, масжидда камида олти нафар Индонезия фуқароси бўлган, улардан уч киши омон қолган, қолганларининг тақдири ҳали номаълум. Жами Крайстчерчда 330 га яқин индонезиялик, жумладан 130 та талаба бор.

Ҳукумат Крайстчерч аҳолисини уйларини тарк этмасликни тавсия этди, шаҳардаги барча мактаблар ёпилди. Мамлакат мусулмонларига Янги Зеландияда бўйлаб масжидларга келмай туриш тавсия қилинди.

Полиция тўрт киши – учта эркак ва битта аёлни ҳужумда гумон қилиб қўлга олди. Маълумки, ҳужум қилганлардан бирининг исми — Брентон Таррант. У 17 дақиқа давомида «Facebook» орқали бу қирғинни тўғридан-тўғри трансляция қилган. Жиноятга йўл олишдан олдин у интернетда ўз ҳаракатлари ва мафкурасини изоҳлайдиган 37 бетли манифест жойлаштирди. Айни дамда унинг барча ижтимоий тармоқлардаги аккаунтлари блоклаб қўйилган. Сўнгги маълумотларга қараганда, у ҳамон озодликда юрибди.

Полициянинг хабар беришича, Крайстчерч кўчаларида қўйиб кетилаган автомобилларга ўрнатилган бир нечта қўлбола портлаш мосламалари топилган. Улар зарарсизлантирилди.

Янги Зеландия ҳозир ҳақиқий шок ҳолатида. Мамлакатда оммавий отишмалар у қадар тез-тез бўлиб турмайди, бу сизга АҚШ эмас, бу ерда шунгача ҳатто терактлар ҳам бўлмаган. Янги Зеландиянинг замонавий тарихида оммавий қотиллик бу кунгача 1990 йил Арамона шаҳарчасида рўй берган бўлиб, шунда Дэвид Грей қўшниси билан уришиб қолганидан кейин 13 кишини отиб ташлаганди.

Жиноятчи ёки жиноятчилар ҳақида нималар маълум, ахир биз ҳозирча фақат битта жиноятчи номини биламиз?

Айтиб ўтилганидек, унинг исми Брентон Таррант, у 28 ёшда, ўзи австралиялик, у турли ўнг радикаллар жамиятлари қатнашчиси бўлган ва ўз қарашларини баён этган манифест эълон қилган.

Мана шу ерда сал батафсилроқ тўхталиб ўтиш керак. Ўнлаб мусулмонларнинг оммавий қирғин қилиниши кўпчиликни шок ҳолатига туширди, зўравонликни қоралаш ва қайғуни баҳам кўриш сўзлари ҳар томондан – ҳаттоки Ғарбда йиллар давомида мусулмонларга қарши нифоқ ўтини сочганлар — оқ танли нео-нациятлар ва индуист фанатлар билан бирдам бўлган «тўғри мусулмон» амплуасида карьера қилган рафидий «имом Тавҳидий» каби шахслар томонидан ёғилиб келмоқда.

Бироқ бу қайғу кўпинча жиноятчиларнинг исмини ҳам, расмни ҳам, манифестини ҳам асло тарқатмаслик ва уларни машҳур қилмаслик ҳақидаги даъватлар билан бирга кузатилмоқда, чунки улар айнан шуни кўзлашганди. Шубҳасизки, бу гапда маъно бор. Лекин бошқа томондан, бу мусулмонларга қарши терроризм ва неонацизм муаммосини хаспўшлаш ва буни бир мартагина учраган ҳолат сифатида кўрсатиш учун қулай баҳона ҳамдир. Балки умуман теракт ҳам бўлмагандир, ким билади, у одам руҳий хаста бўлгандир — ваҳоланки, шу ерда ҳаттоки Австралия бош вазири ҳам жиноятга теракт деб тавсиф берди.

Йўқ, дунё ўз «қаҳрамонлари»ни ва уларни айнан нималар илгари суришини билиши лозим, ҳақиқатнинг кўзига тик боқайлик, жамиятнинг хаста бўлган исламофоб қисми уларни шоҳсупага чиқариб қўяди, шубҳа қилмасак ҳам бўладики, тез орада янги зеландиялик ўқчининг сурати билан «аватарка» ва «юзерлик»ларга тўлиб кетади.

Шундай қилиб, қўлида қурол билан масжид томон йўл олишдан аввал Таррант ўзининг режалари ҳақида хабар ва ўз манифестига (бир нечта мемдан иборат), шунингдек, «Facebook» орқали терактнинг тўғридан-тўғри  трансляциясига ҳаволани жойлаштирган ҳолда «8Chan»да хабар қолдирган. У, шунингдек, қурол-яроғи ва аслаҳалари расмини ҳам қолдирган.

Манифестда террорист ўзини оддий ишчилар оиласидан бўлган, мактабда ўқишга ҳам қизиқмаган, университетга ҳам бормаган, шу сабабли ҳеч қандай фанлар уни қизиқтирмаган оқ танли йигит деб атайди.

Янги Зеландияга у мусулмонларни ўлдириш учун атайлаб келган — эслатиб ўтамизки, Янги Зеландияда мусулмонлар аҳолининг 1 фоизини ташкил қилади (жумладан, маори мусулмонлари), бу манифестда тавсиф берилган «бостириб кириш» ҳалокатли манзарасидан у қадар ҳам узоқ эмас (юқорида айтиб ўтилган гувоҳ Лен Пенеханинг айтишича, маҳаллий халқнинг мусулмонлар билан муносабатлари доимо яхши бўлган). У оқ танли европаликлар орасида туғилиш кўрсаткичлари пастлигини, тамаддунлар тўқнашувини ва мусулмон босқинчиларининг «бостириб» киришнии мунтазам эслайди.

Унинг ёзишича, Андерс Брейвик, Дилан Руф, Даррен Осборни каби «қаҳрамон»ларнинг ўтмишдаги терроризм акциялари унга катта таъсир кўрсатган. Бунда, шуниси эътиборга лойиқки, Брейвик билан кўп мулоқот қилган ва айнан ундан жиноятга «оқ фотиҳа» олган.

Манифестдаги бир ибора Польша ва Украинада бўлган деб тахмин қилишга асос беради (унинг сўзларига қараганда, бу жойларда ҳам аҳвол жуда ёмон).

Дональд Трамп манифестда янгиланган оқ танлилар айнан бир хиллиги ва умумий ишнинг рамзи деб аталган.

Туркларга ҳам пўписа қилинган: «биз Константинополга келиб, ҳамма масжид ва минораларни бузиб ташлаймиз».

Жиноятчининг қўлидаги қуролда кирилл алифбосида «Милош Обилич» деб ёзилгани ҳам кўзга яққол ташланади – афсоналарга кўра, усмонлилар султони Муродни Косово майдонида ҳалок қилган серб паҳлавонининг исми худди шундай эди. Болқонлик бошқа мемлар ва ҳаттоки, айтишларича, оригиналида серблар қўшиғи сифатида маълум бўлган саундтрек билан бирга буларнинг барчаси  жиноятчининг серб каллакесарлари ва боснияликлар томонидан мусулмонлар геноцидига қизиқиши ҳақида (агар тўғридан-тўғри алоқа бўлмаган тақдирда ҳам) ўйлашга мажбур қилади.

Бир сўз билан айтганда, олдимизда мусулмонларга қарши радикал миллатчилигига яққол мисол турибди. Мана шу жиҳатни кўп сонли хайрихоҳ дўстларимиз унутишни таклиф қилмоқдалар.

Нима бўлганда ҳам, Янги Зеландияда азоб тортган жафокаш биродарларимизни дуо қилайлик. Аллоҳ уларни раҳм қилсин!

(Интернетдаги материаллар асосида тайёрланди)

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг