Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Доғистонда уч кунлик мотам эълон қилинди

Доғистонда уч кунлик мотам эълон қилинди

Доғистонда жангарилар ҳужумини қайтариш чоғида 15 нафар полициячи ҳалок бўлди. Тинч аҳоли вакиллари ҳам қурбон бўлган.

«15 нафар полициячи Доғистон тинчлиги ва осойишталигини ҳимоя қилиб, бугунги теракт қурбони бўлди», — деди республика раҳбари Сергей Меликов телеграм каналида эълон қилинган видеомурожаатида.

Меликов ҳужум натижасида бир неча тинч аҳоли вакиллари ҳам ҳалок бўлганини қўшимча қилди. Улар орасида Дербентдаги черкови руҳонийси Николай Котелников ҳам бор.

«Ҳалок бўлганларнинг яқинларига ва жароҳатланганларга моддий ёрдам кўрсатиш тўғрисида қарор қабул қилинди», — дея қўшимча қилди республика раҳбари.

23 июн куни кечқурун номаълум шахслар Дербентдаги синагога ва черковга, кейинроқ Махачқалъа шаҳрида эса жангарилар йўл ҳаракати полицияси постига ҳужум қилди. Яна бир отишма бир неча соатдан кейин Дербент яқинида жойлашган Серғоқалъа қишлоғида содир бўлди.

Олти нафар жангари йўқ қилинди, улардан икки нафари Доғистоннинг Сергокалинский тумани ҳокими Магомед Омаровнинг фарзандлари, бири эса жияни бўлиб чиқди. Ҳоким ўғилларининг ҳужумларда иштироки сабабли ҳибсга олинди.

Жангарилардан бири 28 ёшли собиқ ММА жангчиси Гажимурод Кагиров экани айтилмоқда, у Ҳабиб Нурмагомедовнинг клуби аъзоси бўлган.

Тергов қўмитаси террорчилик хуружи бўйича иш очди. Доғистонда 24, 25 ва 26 июн мотам кунлари деб эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳодиса муносабати билан Россия Федерацияси Президенти Владимир Путинга мактуб йўллаб, чуқур ҳамдардлик билдирди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг