Эрон Озарбайжонга дрон ҳужумларини рад этди
Эрон Қуролли кучлари Бош штаби Озарбайжон томонидан айтилган дрон ҳужуми ҳақидаги айбловларни рад этди. Бу ҳақда Эрон давлат телерадиокомпанияси хабар берди.
Баёнотда таъкидланишича, Эрон «барча қўшни давлатлар, айниқса биродар мусулмон мамлакатлар суверенитетини ҳурмат қилади» ва Озарбайжон томон дрон учирилганини инкор этади.
Эрон Бош штабига кўра, дронларни Исроил учирган бўлиши мумкин ва бу ҳаракат ислом давлатлари ўртасидаги муносабатларни ёмонлаштиришга қаратилган.
Бундан олдин Боку расмийлари Нахичеван ҳудудига икки дрон тушганини маълум қилган эди: улардан бири Нахичеван халқаро аэропорти терминалига, иккинчиси эса Шекерабад қишлоғидаги мактаб яқинига тушган.
Ҳодиса натижасида тўрт нафар киши жароҳат олган. Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги Эрондан тез орада изоҳ беришни талаб қилиб, жавоб чоралари кўрилиши мумкинлигини билдирган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter