Эрон ТИВ Трампни ҳарбий таҳдидлардан тийилишга чақирди
Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи АҚШ президенти Дональд Трампни Ислом Республикасига нисбатан ҳарбий таҳдидларни кучайтирмасликка чақириб, «июнь ойида йўл қўйилган хатони такрорламаслик»ка даъват этди.
Fox News телеканалига берган интервьюсида Ароқчи Эрондаги сўнгги воқеалар, АҚШ томонидан бўлаётган таҳдидлар ва Теҳрон билан Вашингтон ўртасидаги муносабатлар таранглигига тўхталиб ўтди.
Унинг айтишича, Эрон ҳукумати намойишлар вақтида содир бўлган «зўравонлик ва террорчилик ҳаракатлари»га жавоб қайтаришда максимал даражада сабр-тоқат кўрсатган.
«Террорчилик ҳаракатларидан сўнг уч кун ўтди ва ҳозир мамлакатда вазият барқарор. Назорат тўлиқ давлат қўлида», – дейди вазир.
Қурбонлар сони ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Ароқчи хавфсизлик кучлари намойишчиларга эмас, балки террорчилик гуруҳларига қарши кураш олиб борганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ташқи кучлар томонидан йўналтирилган «террористик элементлар» намойишларга аралашиб, хавфсизлик ходимлари ва тинч аҳолига ўқ отган. Ароқчи бу ҳаракатларни ИШИД услубидаги террорчилик амалиётлари сифатида таърифлади.
Шунингдек, у ушбу ҳаракатлар қурбонлар сонини кўпайтириш ва АҚШни ҳарбий можарога тортиш мақсадида амалга оширилганини билдирди. Ароқчининг таъкидлашича, бу «Исроил режаси» бўлиб, унда АҚШ президентини можарога жалб қилиш кўзланган.
АҚШ томонидан Эронга ҳарбий зарба бериш таҳдидлари ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Аббос Ароқчи 2025 йил июнь ойида Исроил ва АҚШ томонидан амалга оширилган ҳужумларни эсга олди ва уларни такрорламасликка чақирди.
«Июнь ойида объектлар вайрон қилинди, аммо технологияни бомбалар билан йўқ қилиб бўлмайди, иродани эса синдириб бўлмайди. Эрон музокаралар ва дипломатияга тайёрлигини кўрсатди. Уруш билан дипломатия ўртасида дипломатия, шубҳасиз, энг мақбул йўл», – деди Эрон ташқи ишлар вазири.
Унинг қўшимча қилишича, Эроннинг АҚШ билан муносабатларда ижобий тажрибаси кам, аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам дипломатия ҳарбий қарама-қаршиликка нисбатан устун ҳисобланади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter