Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Эрон Украинага қарши кескин жавоб чорасидан воз кечди

Эрон Украинага қарши кескин жавоб чорасидан воз кечди

Эрон ва Украина ташқи ишлар вазирлари.

Фото: www.dialog.ua

Эрон Каспий денгизида ҳаракатланаётган юк кемасига Украина зарба берганига жавобан Украинанинг Қора денгиздаги портларидан бирига ракета орқали ҳужум уюштиришни режалаштирган эди. The New York Times нашри хабар беришича, Теҳрон ва Киев ўртасидаги музокаралардан кейин форс давлати Украина портига зарба бериш фикридан қайтган.

Манбаларга кўра, Эрон томонидан бериладиган зарба рамзий қадам деб баҳоланган. Аммо ушбу кичик қадам ҳам Эрон ва Украина ўртасидаги дипломатик зиддиятни ҳарбий тўқнашувга айлантириши мумкин эди.

DW хабар беришича, Каспий денгизида кузатилган зиддиятли ҳодисадан кейин Украина ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Андрей Сибига эронлик ҳамкасби Аббос Арақчига қўнғироқ қилган.

Украина бош дипломати Киев вазият беқарорлашини истамаслиги, мамлакат фақат Россия агрессиясига қарши курашаётгани қайд этган ва фуқаровий кемаларга ҳужум провокациялари учун Россия жавоб бериши лозимлигини айтган.

Вазир Эрондан Россиянинг Украинага қарши урушини ҳар қандай тарзда қўллаб-қувватлашни тўхтатишни ҳам сўраган.

«Андрей Сибига Эрон кемасига ҳужум қасддан қилинмагани ва Украина эскалацияга интилмаётганига мени ишонтирди. Эрон ҳам эскалацияга интилмайди, бироқ фуқароларимиз ёки манфаатларимизга қарши ҳар қандай ҳужумлар қабул қилиб бўлмас ҳолат эканини қатъий таъкидладик. Зарар ҳам қопланиши керак», – дея ҳолатга муносабат билдирган Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи.

Аввал хабар берганимиздек, 25 июль куни Теҳрон ҳукумати Украина Каспий денгизидаги Эронга қарашли савдо кемасига ҳужум қилгани, оқибатда экипажнинг бир аъзоси ҳалок бўлгани, бир аъзоси эса жароҳатлангани ҳақида баёнот берди.  

Эрон ташқи ишлар вазирлиги Украинанинг муваққат ишлар бўйича вакилини чақириб, унга норозилик нотасини топширди. Теҳрон бу ҳодисани халқаро ҳуқуқнинг бузилиши ва Украинанинг можарони кучайтиришга уриниши деб атаган.

Украина президенти Владимир Зеленский ўша куни Каспий денгизи ҳавзасида узоқ масофали зарбалар яхши натижа берганини маълум қилди. Украина хавфсизлик хизматига кўра эса, Эрон ва Россия ўртасида ҳарбий юк ташиётган, халқаро санкциялар остидаги кемага зарба берилган.

Эрон парламенти Миллий хавфсизлик ва ташқи сиёсат қўмитаси раиси Иброҳим Азизий Каспий денгизида савдо кемасига қилинган ҳужумга муносабат билдириб, Теҳрон бу ҳаракатни жавобсиз қолдирмаслигини айтган.

Сўнгги ҳодисалар музокара орқали йирик эскалациянинг олди олинганидан далолат беради.

Маълумот ўрнида: Россия босқинига қарши курашаётган Украина Эронни Москвани ҳарбий техника, хусусан, дронлар етказиш орқали қўллаб-қувватлашда айблайди.  

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг