Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Эроннинг яширин таъсир кучи: парда ортидаги шахс – Қолибоф (видео)

Эроннинг яширин таъсир кучи: парда ортидаги шахс – Қолибоф (видео)

Коллаж: Xabar.uz

Европа нуқтаи-назаридан “Яқин Шарқ” ёки “Ўрта Шарқ”, баъзан эса “Ғарбий Осиё” деб аталадиган ҳудуд, яъни Форс кўрфазида кескинлик кучайиб бораётган бир пайтда, Эроннинг қаттиқ позицияси билан танилган сиёсатчиларидан бири — Муҳаммад Боқир Қолибоф дипломатик жараёнлар марказида пайдо бўлди. Вашингтон томонидан билдирилган “номи ошкор этилмаган мулоқот” ҳақидаги баёнотлардан сўнг унинг номи яна эътибор марказига чиқди.

Хўш, парда ортида нима бўлаяпти? Қолибоф уруш йўналишига таъсир қила оладими? Бу саволларга жавоб кўринганидан кўра мураккаброқ.

Қолибоф қандай қилиб музокаралар марказига чиқди? АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлари фонида, Эрон сиёсатининг “қатъий қаноти”га мансуб бўлган Муҳаммад Боқир Қолибоф дипломатик ечим излаш жараёнларида тилга олинаётган асосий шахслардан бирига айланди. Эрон парламенти раиси бўлган Қолибоф нафақат сиёсатчи, балки қаттиқ хавфсизлик сиёсати, намойишларга қарши қатъий позицияси ва режимга содиқлиги билан танилган шахсдир.

“Номсиз мулоқот” баёноти ортида ким турибди?

Доналд Трамп интервюсида Эрон билан мулоқотлар ҳақида шундай деган эди: “Биз жуда ҳурматга сазовор инсонлар билан мулоқотдамиз. Ичкаридагилар улар кимлигини билади ва эҳтимол, улардан бири айнан биз қидираётган шахс бўлиши мумкин”.

Бу баёнотдан кейин айрим халқаро ОАВларда гап айнан Қолибоф ҳақида кетаётгани тахмин қилинди. Айрим таҳлилчиларга кўра, Вашингтон чекланган доирадаги эронлик сиёсатчилар билан ёпиқ мулоқотлар олиб бормоқда ва Қолибоф ҳам улар орасида бўлиши мумкин.

Бироқ Қолибоф бу иддаоларни қатъий рад этди. У АҚШ билан ҳеч қандай музокара бўлмаганини таъкидлаб, бу каби хабарларни “манипуляция” деб атади. “Америка билан ҳеч қандай музокара ўтказилмади. Бундай хабарлар молия ва нефт бозорларига таъсир қилиш ҳамда АҚШ ва Исроилнинг муаммодан чиқиши учун тарқатилмоқда”, — деди у.

Ҳеч қандай уруш қисқа бўлмайди

Қолибоф минтақадаги давлатларни АҚШ ҳарбийларини ҳудуддан чиқаришга чақирди. Унинг фикрича, АҚШ билан ҳарбий ҳамкорлик қилган давлатлар “душман” сифатида баҳоланиши мумкин. У аввалроқ берган интервюсида шундай деган эди: “Бу минтақадаги ҳеч қандай уруш қисқа муддатли бўлмайди ва фақат битта ҳудуд билан чекланиб қолмайди». Бугунги воқеалар фонида бу фикр жиддий таҳлил сифатида баҳоланмоқда.

Қатъий сиёсатчи ва музокара

Қолибофнинг дипломатик мулоқотларда тилга олиниши янги ҳолат эмас. Эрон тарихида қаттиқ позициядаги сиёсатчилар музокараларда иштирок этмаган, деган қараш нотўғри. Бу ерда гап идеологиядан воз кечишда эмас, балки ишончли шахсларни музокарага жалб қилишда.

Жорж Вашингтон университети тадқиқотчиси Сина Азоди Қолибофни “прагматик, лекин қатъий позициядаги сиёсатчи” деб таърифлайди. Унинг фикрича, Қолибоф амалий қарорлар қабул қилиш қобилиятига эга ва эҳтимолий келишувларни амалга ошириш имконияти бор.

Бошқа таҳлилчи Али Воиз эса Қолибоф эҳтиёткор сиёсатчи эканини таъкидлайди. Унингча, агар АҚШ билан музокаралар бошланса, Қолибоф Эрон ичидаги қаттиқ позициядаги гуруҳлар қаршилигига дуч келиши мумкин.

АҚШ учун мақбул шерик бўлиши мумкинми?

Собиқ АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши вакили Майкл Сингхнинг фикрича, Қолибофнинг ўтмишдаги қатъий сиёсатлари Вашингтон учун жиддий тўсиқ эмас. АҚШ прагматик натижа бериши мумкин бўлган шахслар билан ишлашга тайёр.

Шу билан бирга, таҳлилчилар: Қолибоф АҚШ санкциялари рўйхатида эмаслиги, унинг ҳарбий ва сиёсий тажрибаси унга кенг ваколат ва ишонч бергани, бироқ у мустақил қарор қабул қилолмаслиги — якуний қарорлар Эроннинг олий раҳбарияти томонидан қабул қилинишини таъкидлаб келади.

Ҳарбий ва сиёсий фаолияти ҳақида

Қолибоф собиқ Инқилоб гвардияси ҳаво кучлари қўмондони бўлиб, Эрон-Ироқ урушида қатнашган. У ҳарбий ва сиёсий соҳада катта тажрибага эга. 2005–2017 йилларда Теҳрон шаҳри ҳокими сифатида ишлаб, инфратузилмани ривожлантириш, метро ва йўл қурилиш лойиҳалари билан танилган. Аммо унутмаслигимиз керакки, бу даврда коррупция айбловлари ҳам бўлган.

“Қаттиқ” ўтмиш

Қолибофнинг ўтмишида намойишларни куч билан тарқатишда иштирок этгани ҳам маълум. 2013 йилда тарқалган аудиоёзувда у шундай деган: “Мени мотоциклда, таёқ билан намойишчиларни уриб юрган ҳолатдаги суратларим бор. Мен кўчада урганлар орасида эдим”. Бу сўзлар унинг фақат сиёсатчи эмас, балки хавфсизлик тизимида фаол иштирок этган шахс эканини кўрсатади.

Хулоса

Муҳаммад Боқир Қолибоф — қаттиқ позициясига қарамай, амалий ёндашувга эга сиёсатчи сифатида намоён бўлмоқда. Унинг номи дипломатик жараёнларда тилга олинаётгани Эроннинг ҳатто кескин вазиятларда ҳам мулоқот эшикларини тўлиқ ёпмаслигини кўрсатади. Бироқ уруш тақдири фақат битта шахсга боғлиқ эмас — қарорлар Эроннинг олий сиёсий тизими доирасида қабул қилинади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг