Европани газ тақчиллигидан қайси давлат қутқариши мумкинлиги маълум бўлди
Украина ва Россия зиддияти сабаб Европа мамлакатлари газ таъминотида муаммолар юзага келиши хавфи ортмоқда. Шу сабаб кўҳна қитъа муқобил газ таъминоти йўлларини қидирмоқда. Бу борада эса Озарбайжон мақбул вариант бўлиши кутилмоқда.
Европа Иттифоқининг энергетика бўйича комиссари Кадри Симсон Озарбайжондан йиллик газ етказиш беришни миқдорини 10 миллиард кубометрга етказишни сўради. Reuters агентлиги хабарига кўра, европалик юқори мартабали мулозим Озарбайжонни энергия бўйича ишончли ҳамкор деб атаган.
«Таъминотдаги узилишлар ҳамда энергетика бозоридаги нарх қимматлашуви сабаб Озарбайжондан газ харид қилиш кўрсаткичининг оширилиши биз учун муҳим аҳамият касб этади», – дейди ЕИ комиссари.
Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ўтган ҳафта Бокуда Жанубий газ коридори бўйича VIII халқаро вазирлар учрашувида мамлакат ҳамкор давлатларнинг газга бўлган ошиб бораётгани эҳтиёжини қоплашга тайёрлигини билдирган.
«Янги бозорларда Озарбайжон газига талаб ўсиб бормоқда. Биз бу жараёнга тайёрмиз, чунки Озарбайжон халқаро бозорда энергетика манбаларини етказиш борасида ишончли етказиб берувчи бўлиб келган», – дейди И.Алиев.
Қайд этилишича, ўтган йили Озарбайжон 19 миллиард кубометр табиий газ экспорт қилган. Экспортнинг асосий улуши Туркия (8,5 миллиард кубометр) ва Италия (7 миллиард кубометр) ҳиссасига тўғри келган. Шунингдек, Греция, Болгария, Грузия ҳам катта миқдорда газ сотиб олган.
Европа минтақа давлатлари билан ҳамкорликда энергетика борасида Россияга қарамликни камайтириш мақсадида Жанубий газ коридори лойиҳасини амалга оширмоқда. Мазкур йирик лойиҳа Жанубий Кавказ (SCP), Трансанатолия (TANAP) ҳамда Трансадриатика (TAP) каби уч йирик газ етказиш тизимини бирлаштиради. Озарбайжондан Италия қадар, 3500 километрга чўзилган газ қувурлари Европанинг энергетика хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.
45 миллиард долларли Жанубий газ коридор XXI асрнинг йирик лойиҳаларидан бири деб баҳоланмоқда. Мазкур лойиҳа доирасида Озарбайжон Европага газ етказиш кўрсаткичини ошириб бормоқда.
2021 йил октябрь ойида Озарбайжон энергетика вазири Парвиз Шаҳбозов мамлакат 2022 йилда Европа ва Туркияга газ экспортини 16 миллиард кубометрга етказишни режалаштираётгани ҳақида гапирган.
Президент И.Алиев Испания матбуотига берган интевьюсида Озарбайжоннинг тасдиқланган табиий газ захираси 2,6 триллион кубометр экани, бу эса ички ва ташқи эҳтиёж учун камида 100 йилга етишини маълум қилган.
С.Салим
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter