Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Фаластин бош вазири: 2022 йил фожиаларга тўла келди...

Фаластин бош вазири: 2022 йил фожиаларга тўла келди...

Фото: WAFA

2022 йил давомида Исроил кучлари томонидан 220 нафар фаластинлик ўлдирилди. Фаластин расмий агентлиги (WAFA) хабарига кўра, бу ҳақда мамлакат бош вазири Муҳаммад Иштийя ҳукумат йиғилишидаги нутқида гапирган.

«Бу йил биз учун фожиаларга тўла келди: 220 дан зиёд шаҳид бердик, 9000 киши жароҳатланди, 6500 киши ҳибсга олинди», – деган Фаластин бош вазири.

Йил давомида Исроил кучлари фаластинликларга тегишли 832 та бинони бузиб ташлаган, 13 минг туп зайтун дарахтини қўпорган.

Поёнига етаётган йилда Фаластинга халқаро кўмак ҳажми сезиларли даражада қисқарган. Пандемия, Украина уруши ва Тель-Авив томонидан Фаластинга тегишли солиқларнинг олиб қўйилиши туфайли мамлакат иқтисодиёти жиддий зарар кўрган.

Муҳаммад Иштийя фаластинликлар миллий-озодлик идеаллари йўлида барча синовларни енгиб ўтишига ишонч билдирган.

БМТнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Тор Веннесланд ҳам яқинда Хавфсизлик кенгашидаги ҳисоботида 2022 йил Исроил–Фаластин зиддиятида ўлимлар энг кўп қайд этилган йил бўлганини айтган эди.  Унга кўра, жорий йилда Ғарбий соҳилда 150 фаластинлик, 20 нафар исроиллик ўлдирилган.

«Мен ҳар икки томондан тинч аҳолига нисбатан зўравонлик кескин кўпайганидан жиддий хавотирдаман. Бу эса ишончсизликни кучайтиради, зиддиятни тинч йўл билан ҳал этишга халал беради», – деган БМТ элчиси.

Тор Веннесланд бегуноҳ болалар зўравонлик қурбони бўлаётганини ўта хавотирли ҳолат деб атаган.

Қайд этилишича, бу йил Фаластиндан 44 нафар, Исроилдан бир нафар бола ҳалок бўлган.  Масалан, 12 декабрь куни Исроил ҳарбийси Ғарбий Соҳилдаги Женин шаҳридаги рейд чоғида 16 ёшли фаластинлик қизни отиб ўлдирган.

Юқори мартабали дипломат Фаластиннинг ишғол остидаги ерлари, жумладан, Шарқий Қуддусда Исроил томонидан ноқонуний қурилишлар давом эттирилаётганини ҳам танқид қилган.

БМТ махсус вакили халқаро ҳамжамиятни зўравонликка чек қўйиш ва айбдорларни жавобгарликка тортишга чақирган.

Аввалроқ Amnesty International ташкилоти Исроилни фаластинликларга нисбатан апартеид сиёсати юритишда айблаган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг