«Фақат Украинада эмас» – халқаро ташкилот Россия ҳарбийларини яна бир давлатда қотилликлар содир этишда айблади
Россияга алоқадор ҳарбийлар 2019 йилдан буён Марказий Африка Республикасида (МАР) ноқонуний қатллар ва зўравонликларни амалга оширган, деб хабар беради Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти. Аввалроқ БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари ҳам Россиянинг «Вагнер гуруҳи» деб аталган ҳарбий ширкатини тинч аҳолини қўрқитиш, гуманитар ташкилотлар ва журналистларни таъқиб қилишда айблаганди.
«МАР ҳукумати қўллаб-қувватлаётган ва Россияга алоқадор ўлароқ кўрилаётган кучлар тинч аҳоли ҳуқуқларини поймол этаётгани ва бу ҳолат жазосиз қолаётганини тасдиқловчи ишончли далиллар мавжуд. МАР ҳукумати ва унинг ҳамкорлари бу каби қонунбузарликларга қарши кураш ва айбдорларни жазолашга қодир эмас ёки улар буни истамаётир. Бу эса жиноятлар нафақат Африка, балки дунёнинг бошқа минтақаларида ҳам такрорланиши эҳтимолини оширади», – дейди Human Rights Watch ташкилотининг инқироз ва зиддиятлар бўйича директори Ида Сойер.
Халқаро ташкилот ноқонуний қатлларни содир этган шахслар тергов қилиниши ва халқаро суд томонидан жазога тортилишини талаб қилмоқда.
Дунёдаги энг қашшоқ ўлкалардан саналган МАРда 2013 йилдан буён фуқаролар уруши давом этмоқда. 2018 йил август ойида МАР ҳамда Россия ўртасида ҳарбий ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланган. Бунга кўра, Россия МАР ҳарбийлари малакасини оширишга кўмак беради.
Расмий Москва Африка давлатига 1135 нафар «қуролсиз инструктор» юборилганини тан олади. БМТ ҳамда бир қатор Ғарб давлатлари эса МАР армияси таркибида Россия ҳукуматига алоқадор «Вагнер гуруҳи» ҳарбийлари жанг қилмоқда деб ҳисоблайди.
Расмий Вашингтонга кўра, «Вагнер гуруҳи» Россия мудофаа вазирлиги таркибидаги тузилма бўлиб, президент Владимир Путинга яқин шахслар томонидан идора этилади ва молиялаштирилади. Европа Иттифоқи ҳам МАР ҳарбий бўлинмалари «Вагнер гуруҳи» қўмондонлигида ҳаракат қилаётганини таъкидлаб келади.
Таҳлилларга қараганда, хусусий ширкат ниқобидаги «Вагнер гуруҳи» назоратидаги ёлланма ҳарбийлар жанг майдонларида Кремль манфаатларини ҳимоя қилиб, унинг таъсирини кучайтиришга хизмат қилади. Расмий Москва буни рад этади.
«Вагнер» ҳарбийлари Сурия, Мозамбик, Судан, Венесуэла, Ливия, Чад, Мали, Украина каби давлатларда жанг қилаётгани айтилади. ЕИ ҳамда АҚШ мазкур гуруҳ ҳамда унга алоқадор ширкатларга санкция жорий этган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter