Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Жаҳон бозорида шакар кескин қимматлашиши кутилмоқда

Жаҳон бозорида шакар кескин қимматлашиши кутилмоқда

Иллюстратив фото

«Эл-Ниньо» аномал метеорологик ҳодисаси туфайли Ҳиндистонда шакарқамиш ҳосили жиддий хавф остида қолди.

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) ҳамда экспертларнинг огоҳлантиришича, дунёда шакар ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш бўйича етакчи бўлган ушбу мамлакатнинг асосий деҳқончилик ҳудудларида ҳозирданоқ сув тақчиллиги ва қурғоқчилик кузатилмоқда.

Бу йил Ҳиндистонда шакар ишлаб чиқариш ҳажми йиллик ҳисобда одатдагидан 3-8 миллион тоннагача кам бўлиши прогноз қилинмоқда. Вазиятдан келиб чиқиб, Ҳиндистон ҳукумати шакар экспортини вақтинча тўхтатишини эълон қилди.

Агар мамлакат хорижга маҳсулот етказиб беришни бутунлай чекласа ва иккинчи йирик ишлаб чиқарувчи бўлган Бразилия ушбу бўшлиқни тезлик билан тўлдира олмаса, жаҳон бозорида шакар тақчиллиги юзага келади.

Лондон биржасида оқ шакар фючерслари аллақачон тоннасига 660 доллардан ошиб кетган бўлса, экспорт тўлиқ тўхтатилган тақдирда нархлар 750–800 долларгача кўтарилиши мумкин.

Шакар нархининг бундай кескин қимматлашиши глобал озиқ-овқат хавфсизлигига, айниқса, импортга қарам бўлган ривожланаётган давлатларга оғир зарба бўлади. Экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Африка ва Жанубий Осиёнинг кўплаб мамлакатларида маҳсулотнинг қимматлашиши ижтимоий аҳамиятга эга бўлган асосий озиқ-овқат саватининг умумий қийматини 10–15 фоизга ошириб юборади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг