Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Жилл Байденнинг собиқ турмуш ўртоғи ўз хотинини ўлдиришда айбланмоқда

Жилл Байденнинг собиқ турмуш ўртоғи ўз хотинини ўлдиришда айбланмоқда

Фото: Oxu

АҚШнинг собиқ биринчи хоними Жилл Байденнинг биринчи турмуш ўртоғи, 77 ёшли Уилям (Билл) Стивенсон ўз рафиқаси — 64 ёшли Линда Стивенсонни ўлдирганликда айбланиб ҳибсга олинди. Бу ҳақда CNN хабар берди.

Маълумотларга кўра, Линда Стивенсон ўтган йилнинг 28 декабр куни Делавэр штатининг Ню-Касл округидаги ўз уйида жонсиз ҳолатда топилган. Ўша куни кеч соат 23:00 лар атрофида полицияга оиладаги жанжал ҳақида хабар келиб тушган. Воқеа жойига етиб келган ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари меҳмонхонада ҳушсиз ётган аёлни топишган. Биринчи тиббий ёрдам кўрсатилганига қарамай, унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган.

Бир неча ҳафта давом этган тергов ҳаракатларидан сўнг, 2026 йил 2 феврал куни катта ҳакамлар ҳайъати Уилям Стивенсонга нисбатан биринчи даражали қотиллик айбловини илгари сурди. Шундан сўнг у Уилмингтондаги ўз уйида қўлга олинди. Ҳозирда у Ҳовард Янг номидаги ахлоқ тузатиш муассасасида ҳибсда сақланмоқда.

Уилям Стивенсон

Хабарларга кўра, Линда Стивенсон яқинда «BMB Bookkeeping» бухгалтерлик фирмасига асос солган эди. Эътиборли факт, аёлнинг таъзияномасида унинг турмуш ўртоғи Уилям ҳақида ҳеч қандай маълумот келтирилмаган.

Уилям Стивенсон ва Жилл Байден (ўша пайтда Жилл Трейси Жейкобс) 1970 йилда, Жилл 18 ёшдалигида турмуш қуришган. Улар Делавэр университетида бирга таҳсил олишган, бироқ беш йилдан сўнг, 1975 йилда ажрашишган.

Жилл Байден кейинчалик, 1977 йилда Жо Байден билан оила қурган. Собиқ биринчи хоним ва Жо Байденнинг офиси Стивенсоннинг ҳибсга олиниши юзасидан изоҳ беришдан бош тортди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг