Жуда ёпиқ ва махфий: БААда Украина бўйича музокаралар бошланди
БАА пойтахтида Россия, АҚШ ва Украина ўртасидаги музокаралар бошланди.
Учрашув икки кун давом этиши БАА Ташқи ишлар вазирлиги томонидан маълум қилинган. Музокаралар жуда ёпиқ форматда ўтказилмоқда. Жойлашув ошкор қилинмади ва ҳозирча матбуот учун ҳеч қандай маълумот берилиши режалаштирилмаган.
Ҳозирча фақат Россия делегациясига Разведка бош бошқармаси бошлиғи Игор Костюков, Украина делегациясига эса президент девони раҳбари Кирилл Буданов ва Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши раҳбари Рустем Умеров бошчилик қилаётгани маълум.
Reuters хабарига кўра, биринчи уч томонлама учрашувда Москва Доналд Трамп ва Владимир Путин ўртасида Анкориж саммитида эришилгани айтилган келишувларни талаб қилмоқчи. Буларга Украина томонидан ҳудудий имтиёзлар, жумладан, Донецк вилоятининг Киев назорати остида қолган ҳудудлари, шунингдек, мамлакатнинг шарқи ва жанубидаги бошқа минтақалардаги ҳозирги фронт чизиғининг музлатилиши киради.
Абу-Дабидаги музокаралар сўнгги кунлардаги дипломатик алоқалар фонида ўтказилмоқда. Бир кун олдин Владимир Путин Москвада АҚШнинг махсус элчилари Стив Уиткофф, Жаред Кушнер ва Жош Груэнбаум билан учрашди. Учрашув тахминан тўрт соат давом этди.
Аввалроқ Украина президенти Владимир Зеленский Давосдаги Жаҳон иқтисодий форуми доирасида Доналд Трамп билан музокаралар олиб борган эди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter