Журналистнинг ўлими. Жанжалдан арра овозигача ўтган 22 дақиқа
БМТ хизматчиси бўлган терговчи Анес Калламар Саудия Арабистонининг Истанбул шаҳридаги консулхонасида журналист Жамол Қошиқчининг ўлими билан боғлиқ барча тафсилотларни тиклади. Жанжал бошланиши сифатида кўрсатилган вақтдан мурдани майда бўлакларга бўлган арранинг овозигача атиги 22 дақиқа ўтган. Энди савол: шаҳзода бин Салмон тайёрланаётган қотиллик ҳақида билармиди? Ўжар терговчи Анес ўша «муқаддас» шахсга қадар етиб бормоқчи. Лекин шаҳзода осонгина таслим бўлмайди.
БМТ терговчиси ўтказилган суриштирувлар натижасида Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон журналист Жамол Қошиқчининг ўлими ортида турганига асосли далиллар топди. Терговчи шаҳзода барчасини тан олишига эришиш учун Саудия Арабистони Қироллигининг амалдаги ҳукмдорига қарши санкциялар жорий қилишга чақирди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича эксперт Анес Калламар (Agnes Callamard) БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича комиссия кўрсатмаси билан тергов ўтказди ва тергов натижалари бўйича 101 саҳифалик маъруза тайёрлади, унда «Қошиқчи қасддан, олдиндан ўйлаб қўйилган жазолаш, судсиз қатл этиш қурбони бўлган. Бунинг учун инсон ҳуқуқлари соҳасида Саудия Арабистони жавобгар», деган хулоса чиқарилган.
Ҳисоботда Қошиқчи ҳаётининг сўнгги кунлари ва дақиқалари ҳақида янги тафсилотлар мавжуд, аммо унинг танасининг қаердалиги ҳақида ҳеч нарса айтилмаган.
Анес Калламар Оқ Уйнинг муҳим иттифоқчиси ва Трамп маъмуриятининг Эронга максимал босим ўтказиш кампаниясининг фаол иштирокчиси бўлган шаҳзода Муҳаммадга қарши тергов ўтказиш кераклигини таъкидлайди.
— Валиаҳд шаҳзоданинг ушбу қотилликка алоқадорлиги ҳақида асосли далилларни ҳисобга олган ҳолда, бундай санкциялар токи бу зўравонлик учун жавобгар эмаслигини исботлайдиган ва тасдиқлайдиган далиллар тақдим этилмагунча валиаҳд шаҳзодага ва унинг чет элдаги шахсий мулкига нисбатан қўлланилиши керак, — дейилади ҳисоботда.
«Далиллар шуни кўрсатадики, Қошиқчини 15 кишидан иборат бўлган гуруҳ жазолаган, бундай ҳаракатлар учун эса ҳукумат даражасида қатъий мувофиқлаштириш керак. Бундан ташқари, ресурслар ва молия керак, — дейилади ҳужжатда. — Саудия ҳукумати ушбу ресурсларни Аҳмад Асири (Ahmed Asiri) томонидан тақдим этганини даъво қилса-да, барча мутахассислар бир овоздан шундай дейишади: валиаҳд шаҳзоданинг иштирокисиз бундай кўламдаги операцияни амалга ошириш мумкин эмас эди. У ҳеч бўлмаганда Қошиқчига қарши қандайдир жиноий характердаги ҳаракатлар амалга оширилаётганини тушуниши керак эди».
Қошиқчи 60 ёшга тўлишидан сал олдин Саудия режими томонидан Истанбулга юборилган профессионал қотиллар гуруҳи томонидан ўлдирилди. Ҳисоботда журналист 2 октябрда алдаб қўлга туширилгани ва ўлдирилгани келтирилган. Саудия Арабистонининг Истанбулдаги консуллигида ҳаётининг сўнгги дақиқалари қайд этилган ёзувларнинг транскриптлари келтирилган. Бу иш Саудия Арабистони ва Ғарб ўртасидаги муносабатларни жиддий равишда ёмонлаштирди, шунингдек, ёш ислоҳотчи қиёфасида жаҳон ҳамжамияти олдида пайдо бўлиш учун миллионлаб доллар сарфлаган шаҳзода Муҳаммаднинг обрўсига кучли зарба берди.
«Биз сени олиб кетгани келдик», — деди Қошиқчига қотиллардан бири. Улар журналистни ушлаб оладилар ва бўға бошлайдилар.
Ҳисоботда Калламар ва унинг тергов гуруҳи томонидан сўнгги беш ой ичида тўпланган суҳбатлар ва гувоҳликларнинг мазмуни қисқача баён этилган ва терговчиларнинг норозилиги ҳақида сўз юритилган.
Саудия режими Қошиқчининг ўлими ҳолатларини аниқлашга киришган турк ва хорижий терговчилар билан ҳамкорлик қилишдан бош тортди. Қошиқчи ўлдирилиб, жасади майда бўлакларга бўлинган ва кейин номаълум томонга олиб кетилгандан кейин Туркияни тарк этган гумонланувчиларни сўроқ қилиш лозимлигини билдириб, қатъий туриб олди. Калламар ҳисоботида айтилишича, терговнинг бир қисми сифатида Саудия Арабистонига ташриф буюриш ҳақидаги илтимосига рад жавоби берилган. Терговчи мамлакатга киритилмаган.
Ҳисоботда айтилишича, турк махсус хизматлари консулликда етти соатлик махфий суҳбатдан олинган атиги 45 дақиқалик парча тақдим этганлар, холос.
Ҳисоботда Қошиқчи ҳаётининг сўнгги кунлари ҳақида янги тафсилотлар мавжуд. У ва унинг қаллиғи никоҳ учун зарур бўлган ҳужжат берилиши лозим бўлган консулликка ташриф буюришдан ҳар қанақасига қочишга ҳаракат қилишган. Бироқ, турк ҳукумати уларга ҳужжатсиз никоҳдан ўтиш мумкин эмаслигини айтган.
Саудия Арабистони вакиллари, шу жумладан, Истанбулдаги бош консул ва Ар-Риёддан келган бошқа шахслар Қошиқчи билан учрашувдан олдин Истанбул яқинидаги бир кўчмас мулк эгаси бўлган саудиялик тадбиркор билан боғланган ва у билан журналистни ўлдириш ниятини кўрсатадиган режаларни муҳокама қилганлар.
Аудиоёзувда хавфсизлик органларининг юқори лавозимдаги вакили ва шаҳзода Салмоннинг ишончли вакили Маҳер Мутреб (Maher Mutreb) сўзлари эшитилади, у шундай савол беради: «Чамадонни қопга сиғдириш мумкинми?»
«Йўқ, жуда оғир», — деб жавоб беради қотиллар гуруҳининг аъзоларидан бири бўлган патологоанатом Салаҳ Тубайги (Salah Tubaigy). Кейин у давом этади: «Бу оддий. Бўғимлардан бўламиз. Бу муаммо эмас. Танаси оғир. Агар биз полиэтилен пакетлар олиб, танасини майда бўлакларга бўлсак, иш осон кўчади. Кейин ҳар бир бўлакни пакетга жойлаймиз».
«Қурбонлик етиб келдими?» — сўрайди Мутреб.
«Етиб келди», — деб жавоб берган кимдир.
Қошиқчи Саудия Арабистонини 2017 йилда тарк этганди. У бош консуликка таклиф қилиниб, ватанига қайтиш нияти бор-йўқлиги ва агар қайтмоқчи бўлса, қачон қайтиш ниятида эканлиги сўралди.
Лекин суҳбат тезда жанжалга айланиб кетди. «Биз сени қайтаришимизга тўғри келади, — дедилар Қошиқчининг қотиллари. — Интерполдан ордер бор, Интерпол сени ортга қайтаришни сўради. Биз сени олиб кетгани келдик».
Қошиқчи уни ташқарида одамлар кутиб турганини айтиб, бош тортади.
«Ўғлингга кичкина мактуб ёзасан, — деди Мутреб. — Уни босиб чиқарасан. Қани, машқ қилайлик, бизга кўрсатчи».
У яна рад этди.
«Ёз, Жамол. Тезроқ. Сен бизга ёрдам бер, биз эса сенга ёрдам берамиз, чунки охир-оқибат сени барибир Саудия Арабистонига олиб борамиз. Агар бизга ёрдам бермасанг, нима бўлишини ўзинг биласан. Шундай экан, бу ишни яхшиликча бажарайлик».
Олишув овози эшитилади. Турк ҳукумати Қошиқчига аввал гиёҳванд модда инъекция қилинган, кейин эса уни бўғиб қўйишган деб ҳисоблайди.
«Ухлаб қолдими?» — эшитилади кимнингдир овози.
«Бошини кўтаряпти».
«Яна киритинг, бармоғингизни олиб ташламанг, киритинг.»
Тергов ҳисоботига кўра, Қошиқчи консулликка соат 13 дан 15 дақиқа ўтганда кирган. 13:37да эса арра товуши эшитила бошлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter