Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Озарбайжон ТИВ хориждаги дипломатик ваколатхоналарга ҳужумларни қоралади

Озарбайжон ТИВ хориждаги дипломатик ваколатхоналарга ҳужумларни қоралади

Озарбайжон ташқи ишлар вазирлиги мамлакатнинг хориждаги ваколатхоналарига содир этилаётган ҳужумлардан жиддий хавотирда. Вазирлик расмий баёнотида радикал гуруҳлар томонидан амалга оширилаётган ҳамлалар тўлақонли тергов-текширувга тортилиши, вазиятга ҳуқуқий баҳо берилиши лозимлиги талаб этилади.

«Вандализм ва терроризм элементларини ўз ичига олган бундай ҳужумлар дипломатлар ва уларнинг мулкига зарар етказишни кўзлаб амал оширилмоқда ва жиноий хатти-ҳаракат ўлароқ малакаланмоқда.  Биз радикал арман гуруҳларининг жиноий хатти-ҳаракатларини кескин қоралаймиз ва тегишли мамлакатлардаги бу каби провокацияларнинг олдини олишга жавобгар тузилмалар ўз вазифасига масъулият билан ёндашишини кутиб қоламиз»,  – дейилади баёнотда.

Расмий Боку 1961 йилда тасдиқланган Вена конвенциясига кўра мезбон мамлакатлар хорижий дипломатик ваколатхоналарни турли ҳужум ва ҳамлалардан муҳофаза этишга доир керакли чора-тадбирларни кўриши кераклигини эслатиб ўтган.

Куни кеча Озарбайжоннинг Париждаги элчихонасига ҳужум уюштирилди. ОАВда эълон қилинган видеолавҳада радикал шахслар дипломатик миссия олдидаги темир тўсиқлардан ўтиб, эшикни бузишга уринаётганини кўриш мумкин. Озарбайжоннинг Франциядаги элчиси Раҳмон Мустафоев мезбон давлат маъмурлари дипломатик ваколатхона хавфсизлигини таъминлаш учун зарур чораларни кўрмагани ҳақида баёнот берган.

Жорий йил 4 август куни Озарбайжоннинг Буюк Британиядаги элчихонасига ҳам ҳужум уюштирилган эди. Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги ғаразли мақсадда уюштирилган мазкур ҳужумни қатъий қоралаб чиққан.

«Дипломатик ваколатхоналар ходимларининг ҳаёти ва саломатлигига таҳдид соладиган ҳар қандай хатти-ҳаракатларни мутлақо қабул қилиб бўлмайди деб ҳисоблаймиз. Ҳодисани ҳар томонлама текшириш ва барча алоқадорларни жавобгарликка тортишга чақирамиз», – дея баёнот берган эди Ўзбекистон ТИВ.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг