Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қозоғистон элчиси конституциявий ислоҳотдан кўзланган мақсадни очиқлади

Қозоғистон элчиси конституциявий ислоҳотдан кўзланган мақсадни очиқлади

Қозоғистонда ўтказилиши кўзда тутилган конституциявий ислоҳот мамлакатда олиб борилаётган демократик янгиланишларни юқори босқичга кўтаришга хизмат қилади деб ҳисоблайди Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Бейбут Атамқулов.

Тошкентда 27 январь куни бўлиб ўтган Қозоғистондаги сиёсий модернизация ва ислоҳотларга бағишланган тадбирда нутқ сўзлаган дипломат истиқболдаги муҳим ўзгаришлар, жумладан, бир палатали парламент тизимига тўхталди.  

Қайд этилишича, сўнгги олти ой мобайнида Қозоғистонда конституциявий ислоҳотлар  юзасидан халқ томонидан кўплаб таклиф ва ташаббуслар илгари сурилган. Жамоатчилик ҳамда фуқаролар фикр-мулоҳазалари асосида бир палатали парламентга ўтиш ёқланган.

“Бу муҳим нуқта, таъбир жоиз бўлса, ислоҳотларнинг ядросини ташкил этади. Янги бир палатали парламент 5 йилга сайланадиган 145 депутатдан иборат бўлади... Депутатлар пропорционал тамойил асосида сайланади. Бу эса сиёсий партияларнинг роли ва масъулиятини ошириши кутилмоқда. Минтақавий миқёсда эса мажоритар тизими сақлаб қолинади. Муҳим жиҳати, янги парламентда президент ва Қозоғистон халқ ассамблеяси квоталари бекор қилинади. Ёшлар, хотин-қизлар ва алоҳида эҳтиёжга эга фуқаролар учун квоталар сақлаб қолинади”, – дейди элчи Бейбут Атамқулов.

“Қурултой” деб аталиши кутилаётган янги бир палатали парламентда партиялараро рақобатга алоҳида эътибор қаратилади, йирик сиёсий кучлар монополияси қисқартирилади.

“Парламентнинг муҳим давлат идоралари раҳбарларини тайинлашдаги роли сезиларли даражада кучаяди. Агар ҳозир бу бўйича ваколатлар парламент ва президент ўртасида тақсимланган бўлса, ўзгаришлар ортидан асосий эътибор айнан парламент иштирокини кучайтиришга қаратилади. Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев айтганидек, “Парламент ислоҳоти Қозоғистоннинг салоҳиятини кучайтириш, янги куч-қувват бағишлаш ва ўзгаришларни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришга хизмат қилади”. Кўзланган ўзгаришлар улкан қамровли бўлиб, кенг кўламли саъй-ҳаракатларни талаб этади. Шу муносабат билан президент томонидан махсус Конституциявий комиссия тузилди”,  – дейди дипломат.

Миллий қурултой аъзолари, таниқли ҳуқуқшунослар, минтақавий жамоат кенгашлари, ОАВ ва бошқа соҳа вакиллари – 100 дан зиёд кишини жамлаган Конституциявий комиссия аҳолидан келаётган таклифларни ўрганишга киришган.

Элчи Бейбут Атамқулов ўз чиқишида Ўзбекистонда 2023 йилги ислоҳотлар жараёнида Конституциявий комиссия томонидан олиб борилган кенг кўламли ишларни ҳам ёдга олди.  

“Ўзбекистон тажрибаси бу каби муҳим ўзгаришларга тайёргарликда очиқлик, профессионал экспертиза ва кенг жамоатчилик муҳокамаси қанчалик муҳим эканини кўрсатди”, – деб хулоса қилди дипломат.

Аввал хабар берганимиздек, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев жорий йил 20 январь куни Миллий қурултойнинг V мажлисида бир қатор ўзгаришлар, жумладан, давлат бошқаруви тизимида янги лавозим – вице-президент институтини жорий этишни таклиф қилди.

Қозоғистон президенти Конституцияга ўзгартиш киритиш бўйича референдум ўтказиш ҳақида тўхталиб, бу тадбир санаси махсус комиссия ўз ишини якунлаганидан сўнг эълон қилинишини айтди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг