Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Сергей Миронов Марказий Осиё борасида кескин талаб билан чиқди

Сергей Миронов Марказий Осиё борасида кескин талаб билан чиқди

Фото: РФ Давлат думаси матбуот хизмати

Россиялик сиёсатчи Сергей Миронов Марказий Осиё давлатлари билан виза режимини жорий этиш кераклигини яна таъкидлади. «Россия 24» телеканали эфирида 2025 йил 29 ноябр куни чиқиш қилган рус сиёсатчиси миграция тартиб-қоидаларини қаттиқлаштириш лозимлигини айтган.

«Биз Марказий Осиё давлатлари билан виза тартибига ўтишимиз керак. Бизда шундай ҳудудлар борки, у ердан ватандошларимиз кўчиб кетишга мажбур бўлишган. Чунки содда тилда айтсак, “ҳаммаёқни келгиндилар эгаллаб олган”, улар ўз одатлари ва қонун-қоидаларига кўра яшашади. Улар ҳеч нарсага эътибор қаратишмайди»,деган «Справедливая Россия — За правду» («Адолатли Россия — Ҳақиқат учун») партияси етакчиси Сергей Миронов. 

Россиялик депутат Марказий Осиё фуқароларига нисбатан муросасиз позицияси билан тилга тушган. У 2024 йилда Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги консулхонаси томонидан урушга бормаслик ҳақида берилган огоҳлантиришга жавобан мамлакатимизга нисбатан виза режими жорий этишни талаб қилганди.

Сергей Миронов, шунингдек, Марказий Осиёдан келган муҳожирларга Россия фуқаролигини беришга мораторий киритишни таклиф қилган.

«Нега жанубдан келган меҳмонларга юз минглаб паспорт тарқатиш керак? Нима учун этник анклавларни яратиш керак? Нима учун бу янги фуқароларнинг ижтимоий таъминоти учун бюджет миллиардларини сарфлаш керак? Бунинг Россияга қандай фойдаси бор?», — деб ёзғирганди у ўшанда.

Миронов 2023 йилда Украинадаги урушда Россия томонидан туриб қатнашмоқчи бўлган Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон фуқароларининг ўз давлатларида жиноий жавобгарликка тортилишини “абсурд” деб атагани ортидан ҳам танқидга учраганди.

Сергей Миронов каби радикал қанотга мансуб сиёсатчилар Марказий Осиё билан виза тартибини жорий этишни кўпдан буён талаб қилиб келади. Аммо Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров марказий осиёлик меҳнат муҳожирларига нисбатан виза тартибини қаттиқлаштиришни Москванинг узоқ муддатли манфаатларига зид деб атагани маълум.

Қолаверса, Россия Марказий Осиё давлатлари фуқароларига виза тартибини жорий этган тақдирда ҳам бу ҳодиса ижобий таъсирга эга бўлади, деган қараш ҳам мавжуд.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг