Трамп «Тинчлик кенгаши»га аъзоликни пулламоқчи
АҚШ президенти Дональд Трамп ташаббуси билан тузилаётган янги халқаро тузилма — «Тинчлик кенгаши» (Board of Peace) доирасида давлатлардан доимий аъзолик учун камида 1 миллиард доллар миқдорида бадал талаб қилиниши мумкин. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги кенгаш устави лойиҳасига таяниб хабар берди.
Маълум қилинишича, Трамп «Тинчлик кенгаши» раиси бўлади ва унга кимлар аъзо бўлишини ҳам шахсан ўзи ҳал қилади. Кенгашга таклиф этилган давлатлар унда уч йилгача аъзо бўлиши мумкин. Аммо агар давлат биринчи йил ичида кенгаш жамғармасига 1 миллиард доллардан ортиқ маблағ киритса, унга доимий аъзолик кафолатланади.
Bloomberg билан суҳбатлашган АҚШ расмийсига кўра, кенгашга кириш расман бепул, аммо катта молиявий ҳисса қўшган давлатлар чекловларсиз доимий мақомга эга бўлади. Йиғилган маблағлар асосан Ғазо сектори инфратузилмасини тиклашга йўналтирилиши режалаштирилган. Манба таъкидлашича, «деярли ҳар бир доллар» мақсадли сарфланиши назорат қилинади.
Уставга мувофиқ, кенгаш қарорлари «бир давлат — бир овоз» тамойили асосида қабул қилинади, аммо барча қарорлар якуний тарзда раис томонидан тасдиқланади. Кун тартибини белгилаш, йиғилиш ўтказиш вақти ва жойини аниқлаш ҳам Трамп ваколатига киради. Шунингдек, у кенгаш аъзоларини чиқариб ташлаш ҳуқуқига эга бўлади, агар бу қарорга аъзоларнинг учдан икки қисми қарши чиқмаса.
Ҳужжатда «Тинчлик кенгаши» низолардан жабр кўрган ҳудудларда барқарорликни таъминлаш, қонуний бошқарувни тиклаш ва узоқ муддатли тинчликка эришишга қаратилган халқаро ташкилот сифатида таърифланади. Бироқ Трамп танқидчилари уни БМТга муқобил ёки рақобатчи тузилма яратишга уринаётганликда айбламоқда. Bloomberg маълумотига кўра, бир қатор давлатлар ушбу ташаббусга кескин қарши чиқиб, қўшма жавоб тайёрламоқда.
Эслатиб ўтамиз, 16 январь куни Оқ уй Ғазо сектори бўйича ижроия кенгаш таркибини эълон қилди. Ушбу тузилма «Тинчлик кенгаши» доирасида фаолият юритади. Унинг таркибига АҚШ давлат котиби Марко Рубио, Яқин Шарқ бўйича махсус вакил Стив Уиткофф, президентнинг куёви Жаред Кушнер ҳамда Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Тони Блэр киритилди.
Шунингдек, «Тинчлик кенгаши»га Аргентина президенти Хавьер Милей, Канада бош вазири Марк Карни, Туркия президенти Ражаб Таййиб Эрдоған, шунингдек Франция, Германия ва Австралия раҳбарлари ҳам таклиф этилган. Европа Иттифоқи номидан Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен қатнашиши мумкин. Reuters манбаларидан бири бу тузилмани «Трамп-БМТ» деб атаб, у БМТ Уставининг асосий тамойилларини инкор этаётганини билдирган.
Исроилда эса Трамп режалари танқидга учради. Биньямин Нетаньяху идораси Ғазо бўйича ижроия кенгаш таркиби Исроил билан келишилмаганини ва мамлакат сиёсатига зид эканини билдирди. Оқ уй эса бу эътирозларни рад этди ва Ғазо масаласини АҚШ маъмурияти мустақил равишда ҳал қилишини таъкидлади.
Axios маълумотига кўра, Трамп «Тинчлик кенгаши» фаолиятини келаси ҳафта — 19–23 январь кунлари Швейцариянинг Давос шаҳрида бўлиб ўтадиган Жаҳон иқтисодий форуми доирасида расман ишга туширишни режалаштирмоқда.
Манба: ljjyzuhcxxbbbzrp.1tvv.live


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter