Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Туркиянинг халқаро миқёсда тан олинган номи ўзгарди

Туркиянинг халқаро миқёсда тан олинган номи ўзгарди

Мавлуд Човушўғли.

Туркиянинг халқаро миқёсда тан олинган расмий номи Türkiye тарзида ёзиладиган бўлди. Мамлакат ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли бу борада БМТга расмий сўров йўллаганини маълум қилди. 

Вазир бу мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини оширишга қаратилган чоралардан бири эканини қайд этган.

«БМТ бош котибига юборган мактубимда мамлакатимиз номи БМТнинг хорижий ҳужжатларида Türkiye шаклида ёзилиши мақсадга мувофиқлигини баён этдим. Ушбу ўзгариш хайрли бўлсин!» – деб ёзди Човушўғли.

Эндиликда халқаро миқёсдаги расмий ҳужжатларда Türkiye истилоҳи қўлланади, Turkey, Turkei, Turquie каби атамалардан воз кечилади.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил декабрь ойида президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон томонида  халқаро оммавий ахборот воситаларида мамлакатнинг номини фақат Türkiye шаклида ишлатиш ҳақида ҳужжат имзоланган. Бу ҳужжат лафзий бирхилликни таъминлаш ва халқаро майдонда “Türkiye” брендини мустаҳкамлашга қаратилган қадам деб баҳоланган. Хусусий сектор, жамоат, нодавлат-нотижорат ташкилотлар, илмий доира вакиллари ва матбуотга ҳам мамлакат номини шу тарзда қўллаш тавсия этилган.

Аввалроқ Туркия президенти девони коммуникациялар бошқармаси мамлакат халқаро номи янги шаклда ишлатилишини кенг тарғиб этиш мақсадида «Hello Türkiye» деб номланган лойиҳани амалга оширган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг