Урушдан сўнг Украина ҳудуди бироз ўзгариши мумкин – Трамп
АҚШ президенти Доналд Трамп Украинадаги уруш яқин орада якунланишига умид билдириб, тинчлик келишуви натижасида мамлакатнинг ҳудудий чегаралари ўзгариши мумкинлигини айтди.
Бу ҳақда у CBS телеканалининг «60 Minutes» дастурига берган интервьюсида гапирган.
«Ўйлайманки, биз бунга эриша оламиз. Менимча, шундай ҳам бўлади. Якунда Украина бироз бошқача шаклга эга бўлади», – деди Трамп.
АҚШ президенти Россия билан Украина ўртасидаги музокаралар ҳали ҳам натижа бермаётганига тўхталиб, Владимир Путин тинчлик жараёнини атайлаб чўзаётгани ҳақидаги фикрларга қўшилмаслигини билдирди.
«Мен бундай деб ўйламайман», – деди у ва Россияга нисбатан ўзидан кўра қатъийроқ сиёсат юритган президент бўлмаганини таъкидлади.
Трамп тинчликка эришиш йўлидаги асосий тўсиқ сифатида Путин ва Украина президенти Владимир Зеленский ўртасидаги кескин зиддиятларни кўрсатди.
Унинг фикрича, икки давлат раҳбарлари ўртасидаги шахсий муносабатлар музокаралар жараёнини мураккаблаштирмоқда.
Шу билан бирга, Россия Украинанинг шарқий ҳудудларига, жумладан, Донбасснинг ҳозирча Киев назоратида қолган қисмларига ҳам даъвогарлик қилмоқда. Москва Қрим устидан назоратни сақлаб қолишни ҳам талаб қилмоқда.
Украина эса урушни тўхтатиш учун амалдаги фронт чизиғи бўйлаб ўт очишни тўхтатиш вариантини таклиф қилган. Бироқ Киев ўз ҳудудларининг Россияга тегишли эканини юридик жиҳатдан тан олишга қарши.
Эслатиб ўтамиз, Трамп иккинчи президентлик муддати бошланишидан аввал Украинадаги урушни 24 соат ичида тугатишга ваъда берган эди. Бироқ ҳозиргача томонлар ўртасида тинчлик келишувига эришилмаган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter